"Оддий, орзуларга тўла аёлдан ҳамиша курашга тайёр блогер бўлишгача ўтилган 15 йиллик йўл...."
(64 ~ қисм)
~ Кеча айтганимдай, бу менинг ишим эмас....
Рахмановнинг бу гапидан кейин эса, унга қайтиб пул масаласида мурожат қилиб паст келмасликка аҳд қилдим ва:
~ Унда протокол имзоланган вариантини сиздан кутиб қоламан. Соғ бўлинг, ~ деб ҳайрлашдим.
У ҳам, яна бир бора ҳужжат имзоланиб тайёр бўлгач менга беришини айтиб, ҳайрлашди.
Хокимиятдан қайтаётиб, йўл-йўлакай лойиҳачим билан янги лойиҳам ҳақида телефон орқали маслаҳатлашдим.
У эса, аввал дастлабки лойиҳа бўйича иш қилаверишим, улар асл ҳужжат бергач эса, ишчи лойиҳамни қатъийлаштиришим мумкинлигини айтиб, телеграмм орқали ажратилиши мўлжалланган ерни суратга олиб ташлаб, нималар қилишни режалаштирганимни ёзиб юборишимни айтди.
Шундай ишлар билан, музқаймоқ шаҳобчаси ва кўнгилочар мажмуалар лойиҳамни йўлга тушириш ҳаракатини бошладик.
Кейинги ҳаракат эса....
Кейинги ҳаракатда эса, маблағ топиш масаласи қатъий турарди.
Шу сабабли, яқинларим ва яхши танишларим яшовчи водийга қараб йўл олдим....
Водий томон йўлда кетар эканман, ўз ишларим билан банд бўлиб унутаёзган бир воқеа беиҳтиёр ёдимга тушиб кетди.
Бундан 4-5 йил аввал корейс миллатига мансуб бўлган яхши маклер танишим қўнғироқ қилиб қолди.
~ Алло, Фатим?
~ Да, Коля ака?
Суҳбатимиз шундай бошланиб, у ҳозирда Ўзбекистондан бутунлай кўчиб кетаётганлиги сабаб, Мирзо Улуғбек тумани марказий кўчаларидан бирида, метро бекати олдида жойлашган 2та (1та 1-хонали, 1та 2-хонали) уйларини жуда арзонга, кўтарасига сотиб юбораётганлиги учун, уларни менга олиб қўйишни, бир неча ойлардан сўнг сотиб юборсам ҳам 3-4 баробар каттароқ суммага сотишим, сира зарар қилмаслигимни айтиб, таклиф киритди.
~ Ака, қанча сўраяпсиз?
~ Фатим, ўзи эллик мингга сотмоқчи эдим, лекин сенга йигирма мингга бериб юборавераман, фақат тезлаштиришинг керак, ~ деб марказдаги иккита уй учун айтган бу нарҳи ҳақиқатдан ҳам жуда арзон эди.
~ Бўлди, ҳаракат қилиб кўраман, ~ дедиму, ўшанда ҳам шошиб водий томон йўл олдим.
Энг аввало бу зўр таклифни ота~онамга айтсам, улар ҳозирда лимонад цехларини катталаштираётганликлари учун, ҳамма маблағларини у ёққа сарфлаб бўлганларини айтдилар.
Ҳай майли дедиму, ёшлигимдан мен таниб, ягона фарзанди қизи оламдан ўтгач, "қизимга ўҳшайди" дея мени ўз қизидай яхши кўриб келган, онамнинг яқин ҳамкасб таниши, тутинган синглиси бўлган Тўлганой опанинг ёнларига йўл олдим.
Ва, у ерга боргач Коляни таклифини ўзимдан қилиб айтиб, яхши уйлар борлиги, олиб қўйсак бир неча ойдан сўнг яхшигина маблағга сотиб, сарфлаган пулимиздан 3-4 баробар кўпроқ фойда қилишимиз мумкинлигини айтиб, 20 000 (йигирма минг) АҚШ доллари миқдоридаги маблағни шерикликка сўрадим.
Тўлганой опани ҳам бу таклифим жуда қизиқтириб қолди. Ва, қилинган фойдани 50/50га бўлишга келишиб, уйларни ўз номимизга олаверишимиз мумкинлигини айтди. Чунки, у пайтларда уйларни пойтаҳтдан доимий рўйҳатсиз сотиб олиб бўлмасди.
Опадан йигирма мингни олиб, дарҳол пойтахтга қайтиб, Коля билан кўришгач, бир уйни ўзим ва бир уйни турмуш ўртоғим номига сотиб олдик.
Коля ҳам, биз ҳам ўша вақтда росмана ҳурсанд эдик.
Ва, у кетгач ўша уйлардаги квартирантларини ҳам қолдириб кетди. Улар бизлар билан шартнома қилиб, яшашни давом эттиравердилар. Тўловни эса ҳар ойда биз олиб, Тўлганой опага жўнатиб турардик.
Ўша марказдаги уйларни сотиш вақти келганлигини англаб етиб, водийга етиб боргач, албатта опа билан ҳам кўришишни ҳам ўзимга аҳд қилиб қўйдим.
Водийга, катта ҳовлимизга етиб келиб, ҳар доимги соғинчли салом аликлардан сўнг, яқинларимга бундан бир неча кунлар аввал телефон орқали сўзлаб берган Бош вазир билан бўлган учрашувимизни яна айтиб бердим.
Эшитган яқинларим бу янгиликни қалбларида ҳаяжон, кўзларида қувонч билан эшитишиб, қария ота-онам бош вазиримиз ҳақларига узундан узоқ дуолар ҳам қилдилар.