Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиқдиСирдарё вилоятида хизмат сафаридамиз. Аёлларни эшитяпмиз. Синиққан табассум ортида юз туяга юк бўлгулик дардлар, изтироблар... Ҳаммаси ҳам ҳамма гапни ҳам микрофонга айтгиси келмайди. Қулоғимга айтолганлари бир даҳшат...
Турмуш ўртоғидан айрилган, яшаш қийинчиликларида жизғинаги чиқаётган аёл "ёлғизлик энг ёмони, ҳар ўтган бир туртади" дейди.
Турмуш ўртоғи билан амаллаб рўзғор тебратаётган, ҳаёт аравасини тортаётган аёл эса битта гул орзусида 40 га чиқяпти.
Ўзи етим ўсган, сўнг гул ёшида ичувчи эрдан бева қолган, 3 кунда 1 гектар ерни ағдарадиган эркакка айланиб кетган аёлнинг яна икки қизи бева-ю ажрашиб кетганини эшитиб, нима дейишни билмайсан. 60 га чиқди бу аёл, қачон энди ўзи учун яшайди, қачон бахтни ҳис қилади, қачон иссиқ уйда яшайди, қачон дастурхони тўлади, қачон яхши жойда даволанади...
-Нима оляпсизлар, камерами- деб олдимизга келишади аёллар қора пластмасса оёқ кийимида лойга ботганча.
-Сизларни олгани келдик.
-Вой, қишлоқ аёллари хунук экан дейишмасин, бер буёққа калишимни, дейди аёл. Мишиғи оқиб турган ўғлининг оёғидаги калишни ўзининг "платмасса бўтик" ига алмаштиради, калиш эса платмасса оёқ кийимидан-да хафароқ кўринади...
Ўзим сиқилган, ўзим эзилган, мен муаммо деб билган гаплар, ҳолатлар бугун кўрганларим олдида нақадар уят, нақадар ношукрлик, нақадар аҳмоқлик...
Кимда ҳамма нарса бор, кимда эса ҳеч нарса...
Кечиринг.