ИМОМ АБУ ҲАНИФА РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲ АЙТГАН ДУРДОНА СЎЗЛАР
Зуфар ибн Ҳузайл ривоят қиладилар: “Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Кимни илми Аллоҳ таоло ҳаром қилиб қўйган нарсалардан қайтара олмаса ҳамда Аллоҳ таолога осий бўлишдан тўса олмаса, у ҳасратланувчилардан бўлади”, дедилар”.
Фузайл ибн Дукайндан ривоят қилинади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар фақиҳ ва олимлар Аллоҳнинг валийлари бўлмаса, демак, Аллоҳнинг валийси йўқ экан”, дедилар”.
Ибн Муборакдан ривоят қилинади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким бир мансабни вақтидан олдин (яъни Аллоҳнинг Ўзи уни ўша мансабга қўйишини кутмасдан) талаб қилса, қолган умрида хорликда яшайди”, дедилар”.
Абу Шиҳобдан ривоят қилинади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким илмни дунё учун ўрганса, илмнинг баракасидан маҳрум бўлади ва ундан кўпчилик манфаат ололмайди. Ким илмни дини учун ўрганса, илмида барака эргашади ва қалбида мустаҳкамланади. Унинг илмидан кўп инсонлар фойда оладилар”, дедилар”.
Муҳаммад Лайсийдан ривоят қилинади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Энг буюк тоат Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Энг катта гуноҳ Аллоҳ таолога куфр келтиришдир. Ким Аллоҳ таолога энг буюк тоатни қилса, энг буюк гуноҳдан сақланади. Қолган гуноҳлари кечирилади деб ўйлайман”, дедилар”.
Абу Рожа Ҳаравийдан ривоят қилинади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадис ўрганиб, уни тушунмаган киши худди турли дориларни йиғадиган дори сотувчига ўхшайди. Дориларнинг қай бири қандай касалликка даво эканини то табибга мурожаат қилмагунича билмайди”, дедилар”.
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким илмдан бирор нарса ҳақида гапирса-ю, “Аллоҳ ушбу гапирган нарсам ҳақида мендан сўрамайди” деб ўйласа, унга нафси ҳам, дини ҳам енгил бўлибди (яъни бир кун аниқ адашади)”, дедилар”.
Ҳасан ибн Зиёд Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қиладилар: “У зот: “Кимнинг нафси ўзидан устун келса, у дунё хорлигига ва ундаги барча қийинчиликларга дучор бўлади”, дедилар ва яна: “Ким охират азобидан нажот топишни истаса, дунё азобига эътибор бермасин”, дедилар”.
“Қолаиду уқуд ал-ақаён” китобининг муаллифи зикр қиладилар: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ илми билан шуғулланиб олий мартабага эришганларини қуйидаги шеър орқали баён қилиб берганлар:
Бутун умрим бўйи шимардим этак,
Унга хизмат билан фахрим ҳам тугал.
Унинг қадри сабаб қадрим ҳам улуғ,
Зикрим ҳам жарангли, мафтункор, гўзал.
У сабаб ҳаётда топдим улуғлик,
У билан ортимда қолдирдим излар.
Бу ҳаётим йўлин номи қисқадир-
Қадри баланд бўлган фиқҳдир, азизлар!
📚“Имом Аъзам” китобидан.•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
☝️ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
⬇️Линкни босиб каналга обуна бўлинг!⬇️ https://t.me/+hH8wvHHEHaFjZGEyhttps://t.me/+hH8wvHHEHaFjZGEy