Китоблар ҳақида гап кетганда, ўзимнинг бир тажрибам эсга келди. Анчадан буён ёзмоқчи бўлиб турувдим, баҳона топилди.
Анча йиллар олдин (лимитсиз интернет кириб келгач) мен ҳам, кўпчилик қатори,
YouTube'га ўтириб қолган эдим. Бу видеосервис чексиз контент манбаидир — исталган мавзуда исталган шаклда ва ҳажмда видео топилади.
Нима мавзу бўлса, дарров видео қидириб, йўлларда видео кўриб/эшитиб кетиб, қанча контент истеъмол қилиб юборганимни билмайман. Лекин ўтган йилдан эътиборан YouTube'дан тўйиниш кузатдим ўзимда.
Чексиз подкастларда тайинли гап, чуқур таҳлил кам, қандайдир блогер-у экспертларнинг фикри ё қизиқмас, ё қайта-қайта такрорланавериб зериктириб юборади; сон-саноқсиз эксплейнерлар шунчаки
Wikipedia'ни "қизиқ"роқ, "кулгили"роқ қилиб қайта гапириб беради, ҳеч қандай янги билим бермайди; маърузалар орасида оригинали жуда кам. Хуллас, маълум соҳалардагина жуда кам сифатли контент топиш мумкин. Масалан, мутахассислигингиз бўлмаган соҳада бошланғич билим берувчи сифатли контент топиш мумкин (масалан, мусиқа бўйича топганман); кино даражасида сифатли олинадиган оз сонли эксплейнерлар бор (Utopia Show сингари); футбол, кино каби соҳаларда аналитика эшитиш шахсан менга қизиқ (фан соҳасини яхши билганим учун шекилли, мени қониқтирадиган аналитика деярли йўқ).
Хуллас, YouTube'да жуда кўп нарса бор ва ҳеч нарса йўқ. YouTube китобнинг ўрнини боса олмайди. Илмий китобда у каби сервислардан топилмайдиган чуқур таҳлил, илмий ёндашув, янги фактлар ва назариялар бор; бадиий адабиётдаги бадиият ва мессиж у контентда учрамайди; илмий-оммабоп китоблар билан рақобатлашадиган оз сонли канал бор (
Veritasium,
Топлес).
Шунга охирги икки йилда секин-асталик билан YouTube'га кетадиган вақтни китобга сарфлаяпман. YouTube форматидаги контент ўрнига ҳамиша аудиокитоб эшитиб юраман. Икки йилда саксонта атрофида китоб, юз-икки юз майда матн (ҳикоя, мақола) эшитдим.
Албатта, китобни фақат эшитмайман, ўқийман ҳам — касб тақозоси билан илмий матнларни доим кузатиб, ўрганиб юрсам, бадиий ёки бошқа турдаги матнларга кунига камида ярим соат ёки ҳафта сўнгида бир неча соат ажратишга ҳаракат қиламан.
Маълумот сифати, таҳлил чуқурлиги бўйича ҳали ҳам китобнинг ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
@AsanovEldar