Бу иллатлардан тезроқ қутулиш даркор❗️
⏩Ҳар биримиз ҳаётимизда ҳеч бўлмаса бир марта бу туйғуларни бошимиздан кечирганмиз. Агар бир марта бўлса майли, лекин бу ҳолат тез-тез бўлса-чи? Улар ҳаётимизга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини ўйлаб кўрганмизми?
⏩Мана ўша тўрт иллат:
✅1 чиси — Ҳасад қилиш.
⏩Агар сиз ҳасад қилаётган одамингиз билан ҳеч бўлмаса бир кун ўрин алмашиб кўрганингизда эди, бу сизга унчалик ҳам ёқмаган бўларди. Ҳар бир инсоннинг ўз қайғу ва ташвишлари бўлади.
⏩Ҳеч қачон ўзингизни бошқалар билан таққосламанг, ҳар бир одамнинг ўз ўтмиши, ўз иқтидор ва имкониятлари, ўз муаммо ва қувончлари бўлади. Ҳасаддан фойда йўқ.
✅2чиси — Хафа бўлиш.
⏩Хафалик бу сиз кутган нарсанинг бўлмаслигидан келиб чиқади.
⏩Тасаввур қилинг, кўчада кетаётиб қоқилиб йиқилиб тушдингиз ва қўлингиздаги нарсалар сочилиб кетди. Сиздан нарироқда кўзи ожиз одам турибди. Сиз ундан ҳеч қандай ёрдам кутмайсиз, табиийки, у сизга ёрдамга югурмагани учун ундан асло хафа бўлмайсиз. Агар ёнингизда ҳамкасбингиз бўлсаю, у сизнинг ерда сочилиб ётган нарсаларингизни териб юрганингизни жимгина томоша қилиб турса, ундан бир умр хафа бўлиб юрасиз.
⏩Хафа бўлмасликнинг энг яхши йўли эса ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмасликдир. Одамлар сиздан қарздор эмаслар: улар сизга ёрдам беришга, сизни тушунишга, сизни қўллаб-қувватлашга, сизга ғамхўрлик қилишга мажбур эмаслар. Ҳамма нарсани борича қабул қилинг.
⏩Бу дегани ҳамма билан қўпол муносабатда бўлиш лозим дегани эмас. Шунчаки, ўзгаларнинг ёрдамини кутиб, кутганингизни ололмай хафа бўлиб юргандан кўра ҳеч кимдан умид қилмаган маъқулроқ.
✅3чиси — Нолиш.
⏩Агар инсон нолишга ўрганиб қолса, ҳаёти яхшими-ёмонми, нолийверадиган бўлиб қолади. Ҳадеб нолийверадиган одам ҳаётида фақат салбий нарсаларнигина кўради ва бошқаларга ҳам бу ҳақда айтишга шошилади.
⏩Ҳаётни аниқ баҳоловчи мезон йўқ, у сиз қандай кўраётган бўлсангиз, ўшандай бўлади. Агар ҳаётингизнинг фақат ёмон томонини кўраётган бўлсангиз, демак ҳаётингиз ёмон. Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб нолишдан нима фойда?
✅4чиси — Ғийбат қилиш.
⏩Энг сўнгги иллат ўзгаларни “чайнаш”. Жуда кўпчилик бошқалар ҳақида соатлаб гапиришни, уларни муҳокама қилишни хуш кўради.
⏩Бу дунёда ҳамма хато қилишга ҳақли, ҳеч ким авлиё эмас. Сиз ҳеч қачон бошқа одамнинг ичига кириб чиқмагансиз, у қандай яшаётгани, қандай яшагани, миясида қандай ўйлар борлигини билмайсиз. Ўзгаларни ғийбат қилиш худди томошабинларнинг бақир-чақирига асосланиб футбол ўйинини кўр-кўрона шарҳлашга ўхшайди.