Яхшилар қадрини билмайди ҳар ким
Яхшилар қадрини билмайди ҳар ким,
Билмайди кўнгилдан кечган ҳисларни.
Нотавон дейишар шунинг-чун, балким,
Бир бор англамаган қалбдан бизларни.
Ҳалоллик ҳақида сўзласанг агар,
Номинг риёкорга чиқаришади.
Ҳаром луқмасидан айласанг ҳазар,
Секин сафларидан чиқаришади.
Яхшилар қадрини билмайди ҳар ким,
Билмайди сутдек оқ хаёлларингни.
Қўрқоқликка йўяр шунинг-чун, балким,
Андиша айлаган ҳаёларингни.
Ғийбатига шерик бўлмай жимгина,
Хаёлларинг бирла бўлганингда банд,
Индамас – писмиқ деб қилишар гина,
Одамови санаб, беришади панд.
Яхшилар қадрини билмайди ҳар ким,
Билмас адолатга ташналигингни.
Калтабин кимсалар қайданам билсин
Яратган Тангрига ошналигингни.
©️ Вафо Мўмин
P.S.: Айниқса, риё ва жаҳолат урчиган юртларда ҳалол инсонлар доимо таҳқир ва хўрликда яшашади! Илло, биз фахр қиладиган барча аждодларимиз ўзга заминлардан паноҳ топишган...
@Ozodlik_Radiosi_24