САЖДАИ САҲВ (
Хатони тузатадиган сажда)
– Бир киши намозда унутиб бирор фарзни қолдирса, намози дуруст бўладими?
– Дуруст бўлмайди.
– Aгар намозда унутиб бирор вожибни қолдирса, намози бузиладими?
– Бузилмайди, лекин у киши намоз охирида саждаи саҳв (хатони тузатадиган сажда), деган саждани қилиши вожиб бўлади.
– Саждаи саҳв қандай адо қилинади?
– Саждаи саҳв қиладиган киши охирги қаъдада ўтирганда ташаҳҳуддан сўнг саловот дуосини ўқимайди. Ёлғиз ўқийдиган киши бўлса, икки тарафга салом беради. Имом бўлиб ўқийдиган киши бўлса, бир тарафга салом беради. Салом бергандан кейин намознинг саждасига ўхшаш икки маротаба сажда қилиб, ҳар саждада камида уч мартаба «Субҳана роббиал ъала», дейди ва қаъдага ўтириб ташаҳҳуд, саловот ва дуони ўқиб, икки тарафга салом бериб намозни тамом қилади.
– Имом нима учун бир тарафга салом беради?
– Имом икки тарафга салом берса, ортида эргашувчилар намоз тамом бўлди, деб ўринларидан қўзғалиб қолишлари мумкин. Шунинг олдини олиш учун.
– Имом унутиб бирор вожибни ўқимаса, эргашувчи ҳам имомга бўйсуниб сажда қилиши вожибми?
– Вожиб бўлади.
– Имом саждаи саҳв қилса, масбуқ ҳам саждаи саҳв қиладими?
– Имомга тобеъ бўлиб саждаи саҳв қилгандан сўнг қолган ракатларни ўқийди, шунинг учун масбуқ имомнинг саломини кутиб туриши лозим.
– Эргашувчи унутиб намознинг бирор вожибини ташлаб кетса, саждаи саҳв вожиб бўладими?
– Имомга ҳам, эргашувчига ҳам вожиб бўлмайди. Имом сажда қилмаган ҳолда эргашувчи танҳо ўзи, албатта, сажда қилмайди.
– Бир киши вожибни қасддан, ўз ихтиёри билан ташлаб кетса, саждаи саҳв вожиб бўладими?
– Вожиб бўлмайди, лекин вожибни тарк қилгани учун гуноҳкор бўлади.
– Бир киши намозда суннат ёки мустаҳаблардан бирини ташлаб кетса, саждаи саҳв вожиб бўладими?
– Вожиб бўлмайди.
– Унутиб икки-уч вожибни ташлаб кетса, неча марта саждаи саҳв қилади?
– Неча вожиб ташлаб кетилган бўлса ҳам, бир марта саждаи саҳв қилади.
– Унутиб қайси ишларни қилса, саждаи саҳв вожиб бўлади?
– Ушбу ўн тўрт тур ишнинг бирини қилса, саждаи саҳв вожиб бўлади:
1) фарз намозининг аввалги биринчи ракатида Фотиҳа сурасини ўқимасдан бошқа бир сура ўқиса;
2) аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасидан сўнг бирор сура ёки бирор узун оят ўқимаса;
3) уч ракатли ёки тўрт ракатли намозларда аввалги қаъдада ўтирмаса;
4) бирор қаъдада ташаҳҳуд ўқимаса;
5) аввалги қаъдада ташаҳҳуддан сўнг саловот ўқиса;
6) аввалги қаъдада салом бериб қўйса;
7) овоз чиқариб ўқийдиган намозларни ичида ўқиб қўйса;
8) ичида ўқиладиган намозларни овоз чиқариб ўқиса;
9) витр намозида Қунут дуосини ўқимаса;
10) қироатдан илгари рукуъ қилса;
11) икки марта рукуъ қилса;
12) уч марта сажда қилса;
13) охирги қаъдадан қиёмга туриб кетса;
14) ташаҳҳуддан сўнг қайси ракат, нечанчи ракат эканини ўйлаб қолиб, салом беришни чўзиб юборса.
"Ибодати исломия"дан. Ҳотиржамлик истаган қалблар учун!
•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!
✔️ Улашинг | ✨ @MuddassirUz