АЁЛ ДАРДИН КЎТАРОЛМАЙ КУЛ БЎЛГАН ДАРАХТ...
Ривоят қилишларича бир аёл дардини ичига сиғдиролмабди. Бировга ҳам айтолмабди. Ўйлаб-ўйлаб қирнинг бир чеккасидаги ёлғиз ўсган дарахтга айтадиган бўлибди.
Орадан бир йил ўтибди. Аёлнинг дардига чидай олмаган дарахт қурий бошлабди. У эса ҳамон унга дардини айтишни канда қилмас экан.
Кунларнинг бирида аёл бориб навбатдаги ҳасратини айтаётганда дарахтдан ўт чиқиб, ёниб кетибди. Аёлнинг дардини дарахт ҳам кўтаролмабди...
Етимликнинг аччиқ нонини еб, вояга етдим. Одамларнинг гап-сўзларидан қочиб, онажоним айтган йигитга турмушга чиқдим. Аммо қайнонам жудаям қаттиқўл, инжиқ аёл эди. У ерда сочим супурги, қўлим косов бўлдим. Ўтидан кириб кулиданЁ чиқардиму аммо қайнонамга ёқмасдим. Айбим — камбағаллигим эди.
— Ўла қолсин, келин бўлмай, келисоп бўлгур! Менга ёқаман деб уринмасин. Барибир айби борда. Шунинг учун бўйнини эгиб юради. Курумсоқ онаси бир тузукроқ, кўзга кўринадиган нарса ҳам қилмабди яшшамагурнинг! — дея ўғлига мендан шикоят қилади қайнонам.
Турмуш ўртоғим бўлса бошини эгганича онасининг гапларини жимгина тинглаб ўтиради. Гўёки менга уйлаганига айбдордай.
Мендан жуда кўп аламу ситамлар ўтди. Аммо бировга чурқ этиб оғиз очмадим. Овсинимга айтсам у илондай қўйнимга кириб, сирларимни билиб олгач, эртаси куниёқ қайнонамга етказишини билардим. Қўшниларга айтиб, бироз кўнглимни ёриштирай десам, улар ҳам сир сақлашни билишмайди. Шунинг учун ҳовлимиз чеккасидаги жаннат меваси бўлмиш — хурмога дардимни айтиб бироз енгил тортаман. Гўёки у жимгина мени тинглайди. Мен йиғласам у ҳам тебраниб қўяди. Фақатгина тилсиз холос. Шунинг учун уни кўпроқ парваришлайман. Гоҳида унинг ёнида кўпроқ қолиб кетаман. Шундай дамда қайнонам мени қарғаниб чақириб қолади. Олдиларига борсам, мени жиннига чиқаради. Индамайман. Бунисига ҳам чидай олмайди. “Соқов” дея масхара қилади. Қайнонамнинг гапларига овсинларим шарақлаб кулишади. Ортимдан “индамас, писмиқ” дея пичинг қилишади.
Аслида мен ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайман. Бировнинг дилини оғритишни ҳам истамайман. Чунки онажоним нуқул “тилин тийган етар муродга” дея таъкидлайверарди. Шу гаплари қулоғимга қуйилиб қолган.
Овқатланиш маҳали барчамиз битта дастурхон атрофига йиғилишамиз. Қайнонам мени ўзлари билан бирга ўтиришимни исташмайди. Шунинг учун то овқатланиб бўлгунларича иш буюраверади, иш буюраверади. Атайлабдан шундай қилади. Мен бунга ҳам кўникдим. Бориб дардларимни онамга айтай дейману яна истиҳола қиламан. Онамнинг сиқилганлари, ғам-ташвиш чекканлари эсимга тушаверади. Орада фарзандларим туғилди. Улар билан кўпроқ овора бўлдим.
Бир куни эндигина еттига кирган ўғлимга қайнонам ҳўкизни ҳайдаб, боқиб келишни буюрибди. Ўғлим қўрққанидан рози бўлибди. Аммо ярим йўлда ҳўкиз уни шохлаб, шохи билан кўтариб отиб юборибди. Кўчадаги болакайлар шовқин-сурон солишиб бу шум хабарни менга етказишди. “Болам!” дея оёқ яланг унинг ёнига югурдим. Болам бечоранинг бошидан қон сизиб чиқарди. Ўзи эса аллақачон жон таслим қилибди. Йиғлаганимча ўғлимнинг ўлигини кўтариб келдим. Шунда ҳам қайнонамга бир оғиз сўз айтолмадим. Бориб хурмо дарахтини қучиб йиғладим.
Орадан бир йил ўтгач, қайнонам “шолчамни ювиб бер”, дея қизимни канал бўйига юборибди. Қизим бечора уни юваман, яхшилаб чайқайман деб канал четидан сувга шалоплаб тушиб кетибди. Сузишни билмагани учун сувдан чиқолмабди. Уни ҳам олиб бориб ўғлимнинг ёнига қўйиб келдик. Яна хурмо дарахтига бориб, ҳасратларимни айтиб йиғладим. Эртаси куни хурмо дарахти қурий бошлади. Кўзларимга ишонмадим. Ҳа, унинг иккита новдаси ўз-ўзидан қуриди. Менимча у дардимни кўтаролмади.
ХОНБИБИ ҲИММАТ қизи
https://t.me/Manzuringiz