#зиёлилар
Бугунги зиёлилар ким? Достоевскийни ўқимасдан зиёли бўлиш мукинми? Пушкинничи? Эҳтимол, "Кичкина шаҳзода"ни ўқимаганларни ёш зиёлилар қаторига қўшишмас?!
Балким, зиёли Абдулла Қодирийнинг асарларини тўлиқ билган одамдир? Эҳтимол, зиёли жадидлар ҳақида тадқиқот қилиб, докторлик даражасини олган одамдир? Шуми зиёли?!
"Хих, кутубхонага Лермонтовни қидириб кирсам, турк адабиётини олиб ташлашибди", дейиш зиёлиликми?!
Аслида, зиёли дегани нурли деганидир. Нурли одам ўзидан нур тарқатади, бошқалар эса ўша нурдан фойдаланади. Бу ҳудди сиротдан ўтаётганда орқадагилар "нурингиздан бизга ҳам беринг" деб сўралганидек, ўзига ҳам бошқаларга ҳам манфаат келтирадиган нур бўлади.
Барча фанларнинг отаси, биринчи муаллим унвонига эга бўлган юнон мутафаккири Арасту зиёлими? Ўз даври учун ҳа, лекин бугун учун йўқ. Нимага? Чунки унинг зиёси бугунни ёритолмайди. Худди ўнинчи асрни ҳам ёритолмагандек.
Ўшанда нима бўлди? Орамиздан Форобий чиқиб, Арастунинг фикрларини замонасига мослаб берди. Унинг фикрларидаги ҳикматни топиб, ўзининг фалсафаси билан сайқаллаб, ўз давридаги энг илғор ғояларни илгари сурди. Шунинг учун ҳам, у Арастудан кейинги Иккинчи муаллим унвонига сазовор бўлди.
Бугун Форобийнинг асарларини минг мартта ўқиган зиёлими? Йўқ, бугун унинг асарини ўқиган инсон худди Ибн Сино Арастунинг асарини ўқиб тушунмаганидек, қирқ марта ўқиса ҳам дарров тушунмайди. Бугунги зиёли, худди Форобий қилганидек, Ибн Сино, Беруний, Ибн Холдун, Ибн Рушд, Ибн Араби, Ибн Туфайл, Кинди каби шарқ алломаларининг асарларини ўқиб, ундаги ҳикматни бугунги кун ҳақиқатлари билан сайқаллаб, бугунги кун ўқувчисининг қалбига етказиб беролган кишидир.
Минг китоб ўқиганинг билан ундан жамиятга манфаат чиқариб бермасанг, илмли бўласан, зиёли эмас. Ўша илмга амал қилсанг қилдинг, агар қилмасанг, китоб ортилган эшак бўласан, илмли эмас. Гарчи у китоблар Лермонтовники бўлса ҳам.