Судга мурожаат қилиш ҳақидаСудга процессуал жиҳатдан тўғри шаклда ва тартибда мурожаат қилмаслик ушбу аризанинг қайтарилишига ёки унинг кўриб чиқиш учун қабул қилинмаслигига олиб келади.
Фуқаролик судлари мисолида судга мурожаат қилиш шакли бўйича кўриб чиқамиз:
■
Фуқаролик процессуал кодекси(ФПК) нинг 4-моддасига биноан, Судга мурожаат қилиш:
▪фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича —
даъво аризаси шаклида;
▪буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда —
ариза шаклида;
▪апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстансияси судларига мурожаат этилганда —
шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
□ Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
■
ФПК нинг 189-моддасига мувофиқ, Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;
3) жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари;
4) даъвогарнинг талаби;
5) агар даъво баҳоланиши керак бўлса, даъвонинг баҳоси;
6) даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;
7) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
8) аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
□ Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризада ушбу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи) ҳамда манзили кўрсатилиши керак.
Аризада даъвогарни ёки унинг вакилининг, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Аризада электрон манзили кўрсатилганлиги аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ҳамда ажримларининг кўчирма нусхаларини электрон ҳужжат тарзида олишга бўлган розилигидир.
■
ФПК 190-моддасига кўра, Ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдордаги кўчирма нусхалари билан бирга судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно.
Судя ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, аризага илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этиш мажбуриятини даъвогарнинг зиммасига юклаши мумкин.
□
ФПК 191-моддасига асосан, Аризага қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) арз қилинаётган талабларга асос бўлган ҳолатларни;
2) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
3) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;
4) аризани имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни, агар ариза вакил томонидан имзоланган бўлса.
■
ДИҚҚАТ! Судга процессуал жиҳатдан тўғри расмийлаштирилмаган ёхуд тақдим этилмаган аризалар суд томонидан аризани қайтарилишига сабаб бўлади.
@InsonvaHuquq