– Дадаси, кеча ярим кечаси ҳалиги ер ютгур хонамизга пусиб кирди. Мен сизни уйғотдим, турмадингиз. Қўрқиб кетдим. У пичоқ ўқталиб, товушимни чиқарсам, иккаламизни ҳам сўйишини айтди. Кейин бурним аралаш оғзимга аллақандай сассиқ, ҳўл дастрўмолни босди. Сўнгра нима бўлганини билмайман... – деди йиғидан ҳиқиллаб.
Нарсаларни қаерга беркитгандинг? Юр, қарайлик-чи, балки тополмагандир ё очолмагандир, – дедим ишончсиз оҳангда охирги умид билан.
Хотиним жавонни очганида... жавон бўм-бўш эди!
Дастурхон устида аллақандай қоғоз турарди. Уни қўлимга олиб, хотинимга тайинладим:
Тез, милицияга қўнғироқ қил! Уйимизни ўғрилаб кетишганини айт! Мен унгача у нималарни ёзганини ўқиб тураман! Имиллама, тез бўл!
Вой, сурбетлигини қаранг, а! Ҳали хат ҳам ёзибдими?
Гап сотмасдан, тезда қўнғироқ қил! Чоп!
Мен хатни ўқишга тутиндим.
“Мухтор ака! Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганлари рост экан. Сизни нарсаларингизни шип-шийдон қилиб кетиш ниятим йўқ эди. Аслида, чиндан ҳам бирорта уй топиб, эгасидан ижарага қўйишини сўраб, унга уйқу дори бериб, нарсаларини ўғирламоқчи бўлгандим. Шунинг учун аввалдан уйқу дори ва керакли нарсаларни қолган-қутган пулимга сотиб олгандим. Бахтимга сиз учрадингиз. Ошхонага чиққанингизда хотинингизга мени ўғри, деб ёмонлаганингиз қулоғимга чалинди. Бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам. Хотинингизга тиллаларингни яшир, деганингизни эшитиб, жаҳлим чиқди. Яхшилик қилиб, қорнимни тўйдирганингиз, уйингиздан жой берганингиз қаерда қолди-ю, ишончсизлик сабаб, мени ўғрига чиқарганингиз нимаси! Берган тузингизга рози бўлинг! Тилла тақинчоқлар ва пулларингиз бус-бутун, ёстиғингизнинг тагида. Ҳеч нарсангизни олганим йўқ. Омон бўлинг!”.
Хонага кириб, шоша-пиша ёстиғимни кўтардим. Хотинимнинг тилла узуги, зираклари, бўйнига иладиган занжири ва пуллар турганди.
– Хотин, тез кел! – дея қувонганимдан бақириб юбордим. Ҳовлиқиб югуриб кирган хотиним қимматбаҳо нарсаларни кўриб, йиғлаб юборди. – Йиғини қўйсанг-чи! Сана, текшир ҳаммаси жойидамикан?
У пулларни қўлига олиб, санади ва менга ажабланиб қаради.
Ҳа, нега анграясан? Гапир! Қанча кам?
– Кам эмас, қайтага кўп. Шунга ажабланаяпман. Жамғариб қўйган пулимизга беш юз минг сўм қўшилибди.
Шу топ эшик қўнғироғи устма-уст жиринглади!
Хотиним икки кафтини оғзига олиб борди.
Ҳойнаҳой, милиция! Боя милиция чақирувди-ку! Энди нима деймиз?
Мен эшикни очдим. Дарҳақиқат, иккита милиция кийимидаги йигит эшик ёнида туришарди.
Мумкинми? Сизларнинг уйингизда содир бўлдими ўғирлик? Қачон нарсаларингиз ўғирланганини билдингиз? Бир бошдан гапиринг-чи! – дея, ҳали оғиз жуфтлаб улгурмасимдан, мени кетма-кет саволларга кўмиб ташлади ходимлардан бири.
Уларга вазиятни тушунтиришдан аввал, қолдирилган хатни кўрсатиш маъқул, деб ўйладим.
Киринглар ичкарига, мен ҳозир, – дея, меҳмонхонага ўтдим.
Не кўз билан кўрайки... хат куйиб, қоп-қора кулга айланганди. Унинг кўзбойлоғичлиги, шу ерда ҳам найранг қилганини англаб, асабийлашганимдан, хо-холаганча кулиб юбордим.
Милиция ходимларидан бири бир менга, бир шеригига тикилиб:
Бечора... Жуда катта давлатидан айрилганга ўхшайди. Жинни бўлиб қолибди, шекилли, – деганини эшитиб, баттар кулдим!
Пулларимизни ўғирламабди. Умуман, ҳеч нарсамизга ўғри тегмабди, – деганимни эшитиб, баттар ҳайрати ошди.
– Сиз чиндан ҳам телба бўлиб қолганга ўхшайсиз! Унда бизни нега чақирдинглар? Ёлғон чақириқ учун жавобгарликка тортишим мумкинлигини биласизми?
Хотиним қорайган қоғозга қараб, гап нимадалигини фаҳмлади. У менга кўз қисиб, милиция ходимларига шивирлади:
Сизлар кетаверинглар. Эрим жинни бўлиб қолибди, мен жиннихонага қўнғироқ қиламан. Ана, қаранглар, туппа- тузук журналист ўзини ҳеч кулгидан тўхтата олмаяпти! Жинни одамни эса, жавобгарликка тортиб бўлмайди...
Милиционерлар бир-бирларига маънодор қараб олишгач, ниманидир тушунгандай индамай чиқиб кетишди. Хотиним уларни кузатиб қайтиб келганида мен ҳамон хо- холаб кулардим...
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
https://t.me/IJOD07/