ЗАКИЙ БОЛАБухоро амирларидан бири шаҳарнинг обод кўчасида сайр қилиб юрса, қаршисидан китоб жилдини елкасига ос-ган бир мактаб толиби чиқиб қолибди. Бола ҳушёр ва за-кий экан, дарров тавозеъ билан нотаниш кишига салом берибди. Амир алик олиб, боланинг қаердан келаётганини сўрабди.
– Мактабдан келяпман, ҳазратим, – жавоб берибди бола.
– Халтангда нима бор? – сўрабди амир.
– Қуръон китоби бор.
– Шундайми? Қайси сурага келдинг?
– Фатҳ сурасига келганман, – ҳозиржавоблик билан дебди бола.
– Қани, Китобни кўрай-чи, – дебди амир қўл чўзиб. Бола Китобни олиб берибди. Амир варақлаб кўрса, Китобнинг хатчўпи бошқа саҳифада турганмиш. «Бола мени алдабди-да! – ўйлабди амир. – Хатчўп Фатҳ сурасида эмас, бошқа жойда турибди. Бола ҳозирдан ёлғонга ўрганса, улғайганда ҳаммани алдайдиган бўлади. Менга рост сўзламадими, бошқаларга ҳам фақат ёлғон сўзлайди. Бунга устози айбдор, уларни бир жазолаб қўйиш керакка ўхшайди».
– Нега мени алдадинг, хатчўп бошқа жойда турибди-ку?! – дебди амир жаҳли чиқиб.
– Ҳазратим, бир қошиқ қонимдан кечинг, – дебди бола тавозеъ билан. – Устозим «Ҳар кимга ҳам ёқадиган гап айтиш керак», деган эдилар. Шунинг учун сизни мамнун қилиш мақсадида Фатҳ сураси, деган эдим. Ахир под-шоҳлар, амирлар улуғ ишларни, ҳарбий юришларни бошлашдан аввал Фатҳ (ғалаба, нусрат) сурасини ўқити-шларини устозимдан эшитган эдим.
Бу гапдан амирнинг тунд башараси очилиб, боланинг елкасига аста шапатилабди:
– Боракаллоҳ, муллабачча, бу гапинг ўринли, – дебди ва ёнидан битта олтин танга олиб узатибди:
– Ма, ол, бу зукколигингнинг мукофоти.
Бола тиллани олишга кўнмабди.
– Нега пулни олмаяпсан? – ҳайрон бўлибди амир.
– Ота-онам уришишади.
– Нега уришишади?
– «Қаердан олдинг?» деб
– «Подшоҳ берди», дейсан...
– Бунга ишонишмайди.
– Нега ишонишмайди?
– «Подшоҳ берса, битта эмас, бир лаган тилла берарди», дейишади.
Амир боланинг закийлигидан завқланиб кулибди ва унинг уйига бир лаган тилла юборибди.
"Кўҳна дунё ривоятлари" 📖 Муслим Кундалиги 📖