Надежда КеворковаФАЛАСТИН:
Агар ўлишим лозим бўлса…СЎЗБОШИМен 2013 йилда Ғазо ҳақидаги, беш йилдан сўнг эса Қуддус ва Ғарбий соҳилдаги фаластинликлар тўғрисидаги китобни тугатаётганимда, зиддият тез орада ҳал бўладигандек туюлган эди. Ахир бу абадий давом этиши мумкин эмас - ку.
2023 йил. Ғазода ҳам, Ғарбий соҳилда ҳам ҳеч нарса тугагани йўқ. 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС чорасизлик босими остида ҳужум қилди, бунга жавобан Ғазо сектори шафқатсиз бомбардимонга учради, минглаб болалар, кексалар, аёллар, журналистлар, шифокорлар ва БМТ ходимлари ҳалок бўлди.
Икки миллион одам ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилди ва бир парча ҳудудда бомбалар остида сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Фаластинда биринчи интифада пайтида ҳам, 2000 йилдаги иккинчи интифадада ҳам, Исроил бош вазири Шарон Ал-Ақсо масжидига босиб олиш ваъдаси билан келганидан сўнг ҳам, шунингдек, 2006, 2008-2009, 2014, 2016 йиллардаги ҳар йилги бомбардимонлар пайтида ҳам бунга ўхшаш воқеалар кузатилмаган эди. Балки буни 1948 йил воыеалари билан таққослаш мумкиндир. Бироқ, Фаластин кейсида битта қонуният бор: уларнинг бошидан кечираётганларининг аналоги йўқдир.
Бир куни кўчада таниш фаластинликни учратиб қолдим - биз Москванинг энг гўзал кўчаларидан бирида турардик. У ўз халқининг ҳаёти қандай ўтаётгани ҳақида, тақдирлар ортидан тақдирларни ҳикоя қилиб сўзларди ва яна сўзларди. Шунда мен ушбу китобни нашр этишга қарор қилдим. У Ғазо, Қуддус ва Ғарбий соҳилдаги одамлар, фаластин қочқинлари ҳақидаги репортажлар ва қайдлардан иборат. Китобдан ўрин олган репортажларнинг баъзилари рус ёки инглиз тилларида нашр этилган. Мен Ғарбий соҳил ва Ғазода бўлдим, бутун дунё бўйлаб - Нью-Йорк, Вашингтонда, Амманда ва Теҳронда фаластинликлар билан учрашдим, кўплаб халқаро акцияларда, конференцияларда, квартетларда, ёпиқ эшиклар ортидаги мутлақо фойдасиз бўлган учрашувларда ва маслаҳат кенгашларида мухбир бўлдим. Озодлик флотилиялари ҳеч қаёққа сузмаяпти, бирдамлик маршлари жойидан қимирламаяпти.
Араб инқилоблари фаластинликларнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Фаластин ҳаракатлари Дамашқдаги қароргоҳларидан маҳрум бўлди, Фаластин фракциялар ярашуви гўё бир неча бор рўй бергандай кўринди, аммо буларнинг барчаси виртуал борлиқнинг унсурларидир. Фақатгина фаластинликлар таслим бўлмай, қаршилик кўрсатмоқда. Қўлларидан келганча. Энди менда бу ҳаётимизда адолат ўрнатилишига гувоҳ бўламиз, деган умид йўқ.
Фаластинликларга ёрдам беришга уринаётган барча халқаро ташкилотларнинг ҳаракатлари менга бемаъни туюлади. Ҳамдардлик сўзларини айтган сиёсатчилар - ёлғончи. Фаластин ҳақида лом-мим демайдиганлари эса ундан ҳам ёлғончидир. Мисрда инқилоб, ундан кейин аксилинқилоб юз берди, Сурия уруш домида қолди, Фаластин 2014 йилда БМТ ва ЮНЕСКО томонидан тан олинди, Фаластин партиялари атрофида эса катта сиёсий ўйинлар авж олди, Фаластин халқи эса аввалгидай ўзининг аччиқ тақдири билан ҳали ҳам ёлғиз қолмоқда. Баъзан уни эслашади-ю, яна ачиниш ва ғазабнок нутқлар тўкиб солинади.
Буларнинг барчаси ушбу халқ ҳар бир кишисининг кундалик изтироблари, қурбонликлари ва сабр-тоқатлари олдида ҳеч нарса эмас. Ишончим комилки, фаластинликлар иймон-эътиқоди заифлашаётган ҳар биримизга, асримизнинг ёвузликларига қандай қарши туриш ва Яратганнинг иродасига таяниш бўйича ўрнак кўрсатмоқдалар.
Мусулмонлар ва православ насронийлар, католиклар ва коммунистлар - фаластинликлар, ҳар бир умидсиз қалб сўроқларига жавоб бермоқдалар. Бу китоб аллақачон расталарида қолмаган, ўша икки китобнинг қайта нашридир.
Бу китоб фаластинликнинг кундалик югур-югури нималардан иборатлиги, нон ёпиш, сув ичиш, мактабга бориш, шифокор бўлиш, дори-дармон олиш, томни таъмирлаш учун қандай тадбирлар қилиши кераклиги ҳақида. Фаластинликнинг ҳаёти ўзга инсонларга қараганда бутунлай бошқа тафсилотлардан иборат. Катта дунёда оддий ҳаётнинг арзимас иши бўлиб кўринган нарсалар Фаластинда фақат ҳар бир фаластинликнинг фавқулодда зулмга улкан муқовамати билан амалга оширилиши мумкин.
@Hamid_Sodiq