ТЎРТ ОМИЛАслановнинг кўп фикрларига аслида қўшиламан, лекин тарозининг нариги палласига тош босадиган қўшимчаларни ҳам излаб кўрадиган одатим бор. Шунга кўра кўз илғайдиган тўрт омилни келтириб ўтаман:1.
Катанецнинг футбол илми. У кўп услубларни амалда қўллай олади, ҳимояни севса-да, ҳужумга ўтиш фазасида тўғри муносабатда бўлаётганини кўряпмиз. Унинг истеъфосини сўраётганлар ҳам “
Катанец футболни чуқур тушунмайди, ҳужум қилишни билмайди”, дейишмаяпти, балки муносабатини ўзгартиришини исташмоқда, холос. Биргина масала шу. Илмсизлик бўлса, бир услубдан бошқасини чиндан-да билмаслик бўлса, бунинг давоси йўқ эди. Ахир, бир даврлар бўлган, бир мураббийимиз тамомий ҳужум қилишни билмаса, бириси ҳимоя деган сўзни тушунмасди. Ҳозир Катанецнинг футбол тушунчалари масаласида ҳеч кимда эътироз кўрмадим. Асосан ҳисобда олдинда бораётганимизда ҳужумкорликдан қайтмаслик, журналистлар билан муомаласи ва шунга ўхшаш мавзулар. Илмсизлик эмас.
Катанец ҳатто вақти келганда ўта таваккалчи ҳам. Бошқа мураббийлар даврига қараганда кўпроқ камбэкка эришгани сабаби ҳам шу туркумдан. Сезяпсизми, ҳисобни ушлашимиз керак ўринда қанчалик хавотирланаётган бўлсак, ҳисобда ортда бораётганимизда умуман қўрқмаяпмиз, қанақадир самовий ишонч пайдо бўлган. Бу ҳолатни олдинги бирор бир мураббий даврида эслай олмайман;
2.
Катанец термамиздаги асосий ўзгаришни ҳимоя чизиғида қилганидан келиб чиқсак, чизиқларда баланс юзага келди, ҳатто юлдузлик масаласида ҳам. Ҳа, мураббий бундан кейин ҳам бошқа ўринлардан кўра ҳимоя борасида бош қотираверади, “
гол уришни эплайди булар, муҳими гол ўтказмаслигимиз керак” қабилида ишлайверади. Айни шу омил гол уришимиз керак пайтда Б планнинг дарҳол ишлаб кетишига ёрдам беряпти, чоғи;
3. Ўткир Юсуповнинг қутқарувлари ҳақида гапирилса, мураббий бемалол: “
бу танлов айнан меники, ҳеч ким унга ишонмаганда ҳам ўйнатавердим, Суперлиганинг энг зўр посбони туриши керак дейилганда ҳам Ўткирга ишонч билдираверган менман” дея олади. Тўғрисиям-да, Ўткирга бошидан буён энг кўп ишонган икки одам бўлса, биттаси Сречкодир, иккинчиси — камина;) Дарвозабонлик соҳасидаги асосий деталлардан бири ҳам шу — ишонч. Юсупов Катанецга сейвлари билан раҳмат деяётгандек;
4.
Терма жамоа муҳитининг гўзаллиги ва ЎФАнинг мураббийлар штабига қатъий ён босаётгани. Бу жуда муҳим омиллар. Камдан кам мураббийда бунақа узоқ даврда термамиз эт-тирноқ бўлиб, ўзини оила каби тутганини эслайман. Маҳаллий мураббийларга одатда қандай муомала бўлади, биласиз, шундан келиб чиқсак, Катанец кетса, бугунги ҳолатни йўқотиб қўйишимиз аниқ. Бу иноқликни роса янграётган негативларки буза олмаяптими, робиталар ҳавас қилгули даражада;
Бу “тошлар” қанчалик вазн боса олади, билмадим, лекин бир хил фикрнинг уч хил янграши бўлиб қолган “Футбол плюс”ни анча қиздириб берарди;)@xayrulla_hamidov