Eshmon Malla


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Telegram


Шов-шувлар ўткинчидир, юракдан чиққан гапнинг умри узоқ бўлади.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Telegram
Статистика
Фильтр публикаций


Эшитишимча, бугун сун'ий идрок ривожланаётган эмиш. Ше'р, ҳикоя, ҳатто роман ёзармиш.
Ёзса ёзар. Аммо ёзиш билан ёзишда фарқ бор-да. Мен дунёдаги жамики сун'ий идрок тўдалашиб кучанса ҳам, айтайлик, Абдураҳмон Акбар (1962 — 2015)нинг юракдан ёзган ярим сатрига тенг нарса ёза олишига ишонмайман.(Инсонча айтганда, нақ бели синиб кетар!)
Қалб, туйғу мукаррам инсонга ато этилган. Сун'ий идрок ўз номи билан сун'ий — ясамалигича қолади. Ундан бошқа мақсадларда фойдаланган ма'қул. Адабиёт — буткул бошқа олам.
Кўнгил маҳсули бўлган ше'рдан баҳра олинг, азизлар.

ЁЛҒИЗ ФАРЗАНД

Кўчага сув сепганин кўриб,
Қиқирлашиб ўтишди қизлар.
Юрар экан ҳовли супуриб,
Пиқирлашиб ўтишди қизлар.

Тушликдан сўнг анҳор бўйида
Ювганида чойнак-пиёла,
Каримжонни “қизбола” дея
Мазах қилди уч-тўртта бола.

Парво қилмай қочириқларга,
Барисига силкиганча қўл,
Сумкасини кўтарганича,
Дўкон сари шошмай олар йўл.

Йўлда аҳвол сўраганларга
“...Тинчлик”, дея сўйлар эди у.
Сўйларди-ю юраги хаста –
Онасини ўйлар эди у...

Абдураҳмон АКБАР


Асил кўмчу сўзларим

“АЛПОМИШ” ДОСТОНИДА УЧРАЙДИГАН БА’ЗИ СЎЗ ВА ИБОРАЛАР


Жавлик – ялпи, ёппасига
Касратки – калтакесак
Тиклаб – тикилиб қараб
Дўнмоқ – айланмоқ, қайтмоқ
Шобир – товуш, шарпа
Қўр – тўп, тўда
Чача – от оёғининг пастки қисмида туёққа қараб ўсган сочоқ қил
Чуйда – бошнинг орқа суяги
Ит йиқилиш – беихтиёр равишда одатдаги ҳолатдан бошқа бир ҳолатга кириш
Қиз сўйлатар – келиннинг розилиги сўралганда, уни рози бўлишга ундовчи кайвони


Афсус

"ҚЎРИҚ ЕР"ЛАР

Мен бугун бир университетнинг 2-курс талабалари билан учрашиб, суҳбатлашиб қолдим ва... даҳшатга тушдим. Фикр-тушунча, дунёқараш 4-синф даражасида тўхтаб қолгандек. Худди бузуқ соат милларидек... Яримида чет тилидан ва бошқа турли фанлардан сертификат бор, аммо фикрлаш — нол. Турли-туман танловларда ғолиб чиққанлари бор, аммо билим йўқ.
Э, оғайинлар, фарзандларимизнинг дунёқарашини ўстирайлиг-эй. Мактабга, лицейга, университетга қуруқ қатнамай, нимадир олсин. Репетиторга бориб, қуруқдан-қуруқ тест ёдлаб, имтиҳонга ҳозирлик кўравермасдан, чинакамига ўқиб, илм ўрганишсин-эй. Кейинги пайтда авж олаётган
сертификатлар балосидан, репетиторлар ғавғосидан, дипломпарастлик дардидан қутқариш керак бу авлодни. Расво дарсликлар исканжасидан озод қилайлик бу бечораларни.
Қўшиқчи, санъаткор ниқобидаги шайтонлар нағмасидан қутқарайлик. Яхши кинолар кўриб улғайишсин, китоб ўқишсин, ҳақиқий санъат дурдоналаридан баҳраманд бўлиб ўсишсин.
Миллатимизни танишсин, кимлигимизни англашсин.
"Доғ тегмаган", қўриқ ер бўлиб ётган мияларига илму маърифат уруғларини қадайлик.

Тарбияжон ҳам энажонисини излаб кетганига а-анча бўлиб қолган. Уни ҳам ўз ўрнига қайтарайлик.


Асил кўмчу сўзларим

САМАРҚАНД ҚИШЛОҚ ШЕВАЛАРИДАГИ БА'ЗИ СЎЗЛАР

Серчилсинчков, кузатувчан
Ангидиканқов
Ингириндамас
Пишакмушук
Курра, тойхархўтик
Сатилчелак, пақир
Томоқсовочкўз
Кайпангҳовлиқма, шошқалоқ
Гуппимақтанчоқ, биров мақтаса, гуппайиб шишадиган кимса
Қиламиқюпқа, билинар-билинмас (қорга нисбатан ишлатилганини эшитганман. Масалан, қиламиққина қорерни сал оқартирган қор.

https://t.me/Eshmonmalla

182 0 2 10 26

Хазина

НЎҒАЙ МАҚОЛЛАРИ

Яхшы ман сўйлесанг балга секер қатқандай,
Яман ман сўйлесенг ийтке суек атқандай.


Яхши билан гаплашсанг болга шакар қўшгандай,
Ёмон билан гаплашсанг итга суяк отгандай.


Яхшы кўргенен айтар,
Яман бергенин айтар.


Яхши кўрганин айтар,
Ёмон берганин айтар.


Яманнынг таяғы сегиз: бири тиймесе, бири тиер.

Ёмоннинг таёғи саккизта: бири тегмаса, бири тегар.

Манба: “Ма’навий ҳаёт” журнали,
2024 йил 4-сон


https://t.me/Eshmonmalla


Томир

НЎҒАЙЛАР КИМЛАР?

Нўғайлар – туркий халқ. Тили – туркий тилнинг қипчоқ лаҳжаси.
Асосан Кафказ, Идилбўйи (Волгабўйи) ҳудудлари ва Марказий Осиёнинг шимоли-ғарбида яшайди. Туркияда юз минг нафардан зиёд нўғай бор. Уларнинг кўпи 1917 йилги инқилобдан сўнг Иккинчи жаҳон уруши даврида қочиб борганлар авлоди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Руминия, Болгария давлатларида ҳам нўғай диаспораси бор.
Ҳозирги кунда дунёда нўғайлар сони 300 минг нафардан кўп. Қизиғи, бу ҳисобларда фақат паспортига нўғай ёзилган одамлар қайд этилган. Қозоқ, қирғиз, қорақалпоқлар орасида ҳам нўғай уруғлари мавжуд, уларнинг келиб чиқиши Нўғай ўрдаси ва нўғай миллати билан боғлиқ.

Турмуш тарзи

Нўғайлар азалдан чорвадор бўлган. Улар асосан ўтовларда яшаган. Евроосиё бўйлаб тарқалиш ареали кенг бўлгани учун ўтовлари ҳам хилма-хил.
Европа ҳудудидаги нўғай ўтовлари керагасининг баландилиги билан ажралиб туради. Улар Шарқ ўтовларига нисбатан чиройлироқ бўлган ва ичкариси ҳам европача нақшлар билан безатилган. Ўтовлар қаерда бўлишидан қат’и назар, тепасига уруғининг тамғаси қўйилган.
Ҳунармандчилик кенг ривожланган. Гилам тўқиш, кийиз босиш, турли кийимлар тикиш, айниқса от анжомлари ясашда нўғайлар уста бўлган. Бу қардошларимиз ясаган эгар ва қамчилар Марказий Осиё ва Европада машҳур бўлган.
Ўрислар қамчини “нагайка” дейиши ҳам шундан “Нагайка” аслида нўғойи дегани.

Нўғай таомлари

Нўғайлар асосан сутли, гўштли, хамирли овқатларни хуш кўради. Сутли таомлардан ширчой, ювирт (йогурт), айрон, қимиз, бўза кўп исте’мол қилинади. От гўтидан қази, тўлдурма (дудланган қази) ва қовирмиш (қовурилган қази) тайёрлашади. Э’тиборли меҳмонлар учун тузланган қўй калла (каллапойча) тортилган.

Нўғайча – ўзбекча ба’зи сўз ва иборалар

Батыр – ботир
Ауыл – овул
Қар – қор
Сўғыс – уруш, жанг
Қыс – қиз
Ассаляму алейкум! – Ассалому алайкум!
Исан-амансызба? – Эсон-омонмисиз?
Эртенг яхшы бўлсын! – Хайрли тонг!
Кун яхшы бўлсын! – Хайрли кун!
Кеш яхшы бўлсын! – Хайрли кеч

Анвар БЎРОН
(“Ма’навий ҳаёт” журналининг
2024 йил 4-сонидан олинди)


Ўлмас сатрлар

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ОРЗУ


Тиниб қолди сен ҳақда қўшиқ,
Сўниб қолди ранглар сен ҳақда.
Ҳуснинг фақат дилда жилвали,
Исминг дилда жарангламоқда.

Йўллар висол ҳақда куйламас,
Шивирламас бахт деб бирон барг.
Сўзлар ше'рмас, товушлар қабри,
Мў'жизалар бўлди жувонмарг.

Дийдор энди бахш этмас иқбол,
Айрилиқ ҳам келтирмас зиён.
Бу кулфатга чидаб бўлмайди,
Кўтараман мен унга исён!

Енгаман. Сўнг орзуларимда
Келтирасан сўлмаган гуллар.
Сен келар йўл чанглари висол
Алангаси бўлиб ловуллар.

Айтмаганинг розларни тинглаб,
Хаёлингни қилгум тавофлар.
Сўзсиз мактуб жўнатиб сенга,
Олажакман сўзсиз жавоблар.

Мў'жизалар ҳаётга қайтиб,
Йўлларингга энтикиб қарар...
Қанча амримаҳол бўлмагин,
Сен келасан, бахтим, муқаррар.


Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг "Манчестер сити" клубига ўтгани расман э'лон қилинди.
Ватандошимизга келгуси фаолиятида омад ва ютуқлар тилаймиз.
Баракалла, Абдуқодир!


https://t.me/Eshmonmalla


Ўтмишни унутмаймиз

ЭНГ АЗИЗ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА ҲУЖУМ ҚИЛИШГАН

СССР даврида ўзбек халқига аёвсиз ҳужумлар бўлган. Миллийлигимизга кучли зарбалар берилган. Жумладан, энг азиз инсоний бойлигимиз, қадриятимиз бўлмиш исмларимизга. Ўристилли ёхуд советқул ФҲДЁ ходимлари саводсиз бўлмаган, балки номимизни атайлаб бузиб ёзишган. Бу қўйларга (эҳтимол, молларга) бўлаверади, дейишган.
Афсуски, уларнинг та'сирига тушиб қолган, ғурури ўлдирилган ва поймол этилган миллатдошларимиз зеҳниятидан бу иллатни қувиб чиқариш қийин кечаётир. Орамизда исмини тўғри ёзолмай юрганларнинг, бегона бир тилни она тилимиздан устун санайдиган қултабиат миллатдошларимизнинг ҳалиям кўп экани шундан.
Аммо ишончим комил, иншооллоҳ, улкан халқ, қадимий ва катта миллат сифатида биз албатта ўзлигимизга қайтамиз.


Репост из: BoburAkmalov
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Нега Ҳусанов эмас, Кхусанов? Нега Аҳмедов эмас, Акхмедов?
Яхши мулоҳазалар, тўғри танқид

@boburakmalov






Ўлмас наволар

Биз ёмон қўшиқчи кўпайиб кетди деймиз, лекин ёмон қўшиқларга муросасиз эмасмиз. Ҳа, айтаверади-да, деб қўямиз. Ўғлимиз ё қизимиз, укамиз ёки синглимиз нимани эшитаётганига кўп-да э'тибор бермаймиз.
Тобора илдиз отаётган дидсизлик касаллигини ёшлик бебошликларига йўямиз. Бугун маза-матрасиз, шовқин-суронли, алжирашлардан иборат нарсаларни эшитаётган қулоғи товушли чиқиндиларга ўрганиб қолиши мумкинлиги хаёлимизга келмайди. Ҳолбуки, онгга ўтириб қолган бемаза сўз ҳам, оҳанг ҳам киши руҳини бузмай қолмайди.
Фарзандларимизга ёшлигидан асил сан'ат дурдоналарини эшиттириб борайлик, токи қулоқлари ҳам, юраклари ҳам гўзал оҳангларга ўргансин.
Қуйида тақдим этилаётган бир жуфт дилбар қўшиқ бу борада сизга ёрдамчи бўлади, деб ишонасиз, азизлар.

Дастуримизда:
1. Ма'муржон Тўхтасинов. "Муҳаббатнинг саройи"
2. Аҳрор Усмонов. "Ҳаловатларим"


Ўтмиш сабоқлари

ДУШМАН БАШАРАСИ

Чор Россиясининг Туркистондаги хунрезликлари ҳақида баъзи маълумотлар

Рад этиб бўлмайдиган далил ва ҳужжатлар генерал Скобелевнинг туркман қардошларимизнинг жаллоди бўлганини яна бир марта исботлайди. Генерал Скобелевнинг яқин хешларидан бўлган Адам Жулйет Ламбер “Генерал Скобелев” китобида қуйидагича ҳикоя қилади:
«Жаноб Марвин билан суҳбат чоғида генерал Скобелев Ўрта Осиёни бўйсундириш ҳақида ўз қарашларини  очиқдан-очиқ қуйидагича ифодалади:
“Гап шундай, жаноб Марвин, фақат буларни газетангизда босиб чиқара кўрманг. Жаҳон жамоатчилиги назарида ғирт ёввойига айланиб қолишни истамайман.
Менинг ақидам шундай: Осиёда осойишталик ўрнатиш масаласи тўғридан-тўғри ОДАМЛАРНИНГ ҚАНЧА КЎП ҚИРИЛИШИГА БОҒЛИҚ. Зарба қанчалик кучли бўлса, душман шунчалик тез бўйсунади. БИЗ КЎКТЕПАДА ЙИГИРМА МИНГ ТУРКМАННИ ЎЛДИРДИК. ТИРИК ҚОЛГАНЛАР БУ САБОҚНИ БИР УМР УНУТМАЙДИГАН БЎЛАДИ...”.
Марвин сўзида давом этиб мана буларни ёзади: “Бу хусусда шуни айтишим лозимки, Скобелев мен билан суҳбат чоғида “КЎПЛАБ АЁЛЛАР ЎЛДИРИЛДИ. АСКАРЛАР ДУЧ КЕЛГАН ОДАМНИ ҚИЛИЧ БИЛАН ЧОПИБ ТАШЛАЙВЕРИШДИ”, деб тан олган эди. Бошқа дивизиядагилар ҳеч кимга шафқат қилишмади: аскарлар худди машинадек ишлаб, ХАЛҚНИ ҚИЛИЧ БИЛАН РОСА БУРДАЛАШДИ”.
А.Н.Куропаткин ёзади: “Қалъа ичига назар ташлаш даҳшатли эди. Беҳисоб ўликлар бир неча кундан бери уйилиб ётарди. Баъзи кулбалар мурдаларга тўлиб кетганди”.
Н.И.Гродеков қўшимча қилади: “Душман қамал пайтида милтиқ ва замбарак ўқларидан қай даражада даҳшатли талафот кўрганини қалъани эгаллаганимиздан кейин билдик. ҚАЛЪА ИЧИДАГИ БАЪЗИ УЙЛАРДА ҲАТТО ЎН БЕШТАГАЧА ЎЛИК ЁТАР ЭДИ...”
Жанг арафасида Скобелов: “Тўкилган ҳар томчи рус қони учун душман қонини дарёдек оқизаман”, деб мақтанган эди. У Кўктепада жон бераётган мулланинг “Саккиз минг бегуноҳ одамни ўлдирганинг учун виждон азобида қолмайсанми?” деган саволига юзсизлик билан, “Йўқ, саксон минг бўлмаганига ачинаман!” деб жавоб берган эди.

“Туркистон Чор Россияси
мустамлакачилиги даврида”
китобидан.

https://t.me/Eshmonmalla


Дурдона

Шавкат РАҲМОН

“БАХТ” СЎЗИ ҲАҚИДА

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.

Оғир ботмасмикан
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига?

Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.

Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
Ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.

https://t.me/Eshmonmalla


Қайдлар

Ба'зи шоир ва ёзувчиларни исте'доди, маҳорати (ижодий техникаси), билимига тан бериб ўқийсан, яна ба'зиларни ҲИС ЭТИБ. Мен бу ўринда "ҲИС ЭТИБ" иборасини грамматик қоидаларга зид ўлароқ, катта ҳарфлар билан ёзишни хоҳлайман. Ҳа, мана шуниси одамга кўпроқ нарса беради.

***
Бизда қалб тарбиясига деярли э'тибор берилмайди. Ота-оналар болам ўқимишли бўлсин, катта одам бўлсин, бой бўлсин дейди. Бунинг учун пул, мол-дунёни аямайди. Аммо камдан-кам кишилар "ўғлим ё қизим раҳмдил инсон бўлсин", "ўзгалар қалбини англаш сан'атини эгалласин", деб ният қилади.
Қалб тарбияси — буюк иш. Бадиий адабиётсиз бу ишни уддалаб бўлмайди.
Қалби тарбияланмаган инсондан яхшилик кутилмайди. Ундан халқни эзадиган монополист, ўзидан ўзгалар манфаатига тупуриб қўйган коррупционер, халқ ва миллатга душманликни комил даражада адо этадиган Ватан хоинлари чиқиши мумкин, холос.


Куйгили гаплар

УЙ БИЛАН ТЎЙ

Устоз Хайриддин Султоннинг бир ҳикояси қаҳрамони "Ўзбек халқининг миллий ғояси — тўй экан" дейди киноя билан. Ва бу фикрини асослаб, ўзбек тўй, тўй ва яна тўй деб яшаши, бутун умрини шунга бағишлашини айтади. Аччиқ ҳақиқат.
Мен бу қаҳрамоннинг гапига қўшимча қилиб, ўзбек халқининг яна бир ғояси бор, бу — уйдир, дейман.
Уйга, ҳовли-жойга бизчалик сиғинадиган яна кимдир борми дунёда? Ба'зи уй-жойларни кўриб,
ўҳ-ҳу, шу ерлардаям одам яшармикан, дейсиз.
Айримлар йиллаб уй қуради, миллионлаб пул сарфлаб безайди, емай-ичмай, ўзининг, болаларининг ризқини қийиб қилади шу ишни. Кошки унда 150 йил яшаса. 50 йил ҳам яшолмайди. Беш йил ҳам яшаб улгурмаганларни кўп эшитганман.
Бу омонат ҳаётда ортиқча пул, вақт, куч-қувват сарфлаб қаср қуришнинг нима кераги бор экан? Менимча, бунда қулай, мазза қилиб яшашдан кўра, мақтаниш, ўзини кўрсатиб қўйиш истаги кучли бўлса керак. Қулайлик истаган одам, ихчам, иссиққина уй солади. Катталиги стадиондай, аммо қиш-қировли кунларда ичи музлаб ётадиган чиройли кошонадан нима наф?
Ёки кўрган одам "Э, Фалончининг уйи баланд, ҳовлиси кенг экан, қойил!" дейиши носнинг кайфидек одамга кайф бермаса, бошқа ҳеч қандай фойдаси йўқ.
Одам 180 ёки 220 йил умр кўрмайди. Ёки қураётган уйим бола-чақам учун дейдиган бўлсангиз, дўстлигимни айтаман, уларни ўйлаб каллангизни ачитиб ўтирманг. Келгуси авлод сиз миллионлаб пул сарфлаб қурган уйда яшамайди. Уларнинг ҳаётга, унинг не'матлари, жумладан, тураржой-уйларга нисбатан ўз қараши ва қаричи бўлади. Сизнинг шахсий дидингиз, орзу-ҳавасингиз ўзингиз учун қадрли, қурган уйингиз ўзингизнинг кўзингизга ой бўлиб кўринади, холос. Дейлик, сиз ўзингиз, бобонгиз қурган уйда ўтирмаяпсиз-ку, тўғрими? Яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, уни реконструксия қилиш — қайта қуриш орзунгиз борлигига негадир ишонгим келади.
Ақллилик қилаётган бўлсам, узр сўрайман, шунчаки, биз орзу-ҳавас деганда, бирор юз йиллардан бери уй билан тўйдан нари ўтолмай ҳалаклигимиздан куйиб кетаман.


Тил мў'жизалари

“КУЗАТУВ”ДАГИ “КЎЗ”

Тилимизда фаол ишлатиладиган “кузатиш”, “кузатув” ҳамда “кўз”, “кўрмоқ” сўзларининг ўзаги бир бўлиб, уларнинг бари қадимги туркий тилдаги “қара, назорат қил” маъноларини англатган “кў” феълидан келиб чиққан.

Мисол:

Ўл отиғ кўзаткан-ўл. – У доим отига қараб юради.
От кўзатгучи – отни кузатувчи, отга қаровчи, отбоқар. 

(Манба:
“Туркий сўзлар девони")

https://t.me/Eshmonmalla


Она табиат ва биз

Бўш пайтларимизда озроқ лайлакчилик билан ҳам шуғулланиб турамиз.
Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Яллама қишлоғи.

Ўткир Болтанинг норасмий ва салгина расмий саҳифасидан олинди.


Муборак кун ҳикмати

УЗОҚ ЯШАШ СИРИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса (севинтирса), қариндошларига силаи раҳм (яхшилик) қилсин", дедилар.

Манба:  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Ҳадис ва ҳаёт" китоби, 34-жуз.

Показано 20 последних публикаций.