«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИ АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН
1991 йил 31 август
(айрим қисқаришлар билан)
1-модда.
Ўзбекистон Республикаси, ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси билан бирга мустақил, демократик давлатдир.
2-модда.
Ўзбекистоннинг халқи суверендир ва у республикада давлат ҳокимиятининг бирдан-бир соҳибидир. У ўз ҳокимиятини ҳам бевосита, ҳам вакиллик идоралари тизими орқали амалга оширади.
3-модда.
Ўзбекистон тўла давлат ҳокимиятига эга, ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилайди.
4-модда.
Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмас бўлиб, унинг халқи ўз хоҳиш-иродасини эркин билдирмасдан туриб ўзгартирилиши мумкин эмас.
5-модда.
Ўзбекистонда Ўзбекистоннинг Конституцияси ва унинг қонунлари устундир. Ўзбекистон давлат идораларнинг тизими ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратиш тартиби асосида қурилади.
6-модда.
Ўзбекистон Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, миллий гвардия ва ноҳарбий (муқобил) хизмат ташкил этиш ҳуқуқига эга.
7-модда.
Ўзбекистон Давлат мустақиллигининг моддий асоси унинг мулкидир.
Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар, республиканинг маънавий бойликлари Ўзбекистоннинг миллий бойлиги, мулки ҳисобланади.
8-модда.
Давлат мулки объектлари, шунингдек давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг, шу жумладан Иттифоқ қарамоғида бўлиб келган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мол-мулки, уларнинг асосий ишлаб чиқариш, ноишлаб чиқариш ва оборот ёки бошқа фондлари ҳамда ўзга мол-мулки, ички коммуникация, транспорт, алоқа ва энергетика тизимлари, республика картографияси ва геодезияси Ўзбекистоннинг мулкидир.
9-модда.
Ўзбекистоннинг мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш республика қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
10-модда.
Ўзбекистон ўз ҳудудида олтин, бошқа қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашни мустақил амалга оширади ҳамда назорат қилади, ўз олтин захирасини яратади.
Ўзбекистон Республикаси СССРнинг олтин захирасида, олмос ва валюта жамғармаларида ўз улушига эга.
11-модда.
Ўзбекистон ўз пул бирлиги — миллий валютасини жорий этишга, жами пул обороти, пул ва бошқа давлат қимматли қоғозлари эмиссияси ҳажмларини мустақил белгилашга ҳақли.
12-модда.
Ўзбекистон мустақил молия ва кредит сиёсатини амалга оширади. Республика ҳудудида олинадиган солиқлар ва йиғимлар Ўзбекистоннинг Давлат бюджетига ва маҳаллий бюджетларга тушади.
13-модда.
Ўзбекистон чет давлатлар билан дипломатик, консуллик, савдо алоқалари ва бошқа алоқалар ўрнатади, улар билан мухтор вакиллар айирбошлайди, халқаро шартномалар тузади, халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиши мумкин.
14-модда.
Ўзбекистон халқаро иқтисодий муносабатларнинг мустақил субъекти бўлиб, чет эл инвестицияларини амалга ошириш шартларини, инвесторларнинг ҳуқуқларини белгилайди, ўзининг конверсия қилинадиган валюта жамғармасини яратади, олтин ва бошқа захираларини, айирбошланадиган валютани сотади ва сотиб олади.
15-модда.
Ўзбекистон ҳудудида Инсон ҳуқуқлари умумий декларациясига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон фуқаролиги жорий этилади.
Ўзбекистоннинг барча фуқаролари миллатидан, элатидан, ижтимоий чиқишидан, қайси динга мансублигидан ва эътиқодидан қатъи назар, бир хил фуқаролик ҳуқуқларига эгадирлар, республика Конституцияси ҳамда унинг қонунлари ҳимоясида бўладилар.
16-модда.
Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини, ўз номини аниқлайди, ўз давлат рамзларини: герби, байроғи, мадҳиясини таъсис этади, ўз давлат тилини белгилайди.
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддасдир ва уларни ҳар қандай таҳқирлаш қонун билан жазоланади.
17-модда.
Ўзбекистон ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудий бутунлигини ва мустақиллигини эътироф этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон таркибидан тегишли қонунлар асосида эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
👉
@xushnudbek 👈