У шу хаёлда уйга келди, дарсларини қилди. Кўчага чиқди ва ниҳоят оила аъзоларининг ҳаммаси йиғилганда уям дастурхон бошига келди.
- Бугун овқат қилишга вақтим бўлмади. Картошка ва тухум қовурдим, - деди Гулюз иккита тарелкада дастурхонга таомни қўяркан.
- Дарсинг кўп бўлдими? – сўради онаси.
- Дарсим йўқ эди, бугун. Анув айтган ўқув марказим бор эди-ку, ўшанга бордим, тест топширдим. Тестидан ўта олмадим. Мана мен ўқиётган жой қанақа дарс беряпти, - жаврай кетди Гулюз. – Дада, сизга неа марта айтдим, шу курс яхши ўргатмаяпти, деб. Ишонмадингиз. Оддий ўқув марказининг синов тестидан ўта олмадим, эртага ўқишга қандай кираман?
- Гулюз, - босиқлик билан деди отаси унга қараб. – Хафа бўлмагин-у, сен ўқув маркази ёмонлиги учун эмас, ўқимаётганинг учун тестдан ўта олмагансан? Сен бирор кун ўтириб, иштиёқ билан ўқидингми? Ўша жойга ўтганингдан буён тинмай бошқа курс қидирасан. Мен сенинг дарс қилганингни эмас, телефонни титкилаб ўтирганингни кўпроқ кўраман. Қандай қилиб тестдан ўтишинг мумкин, бу ҳолда?
- Сиз мен айтган жойга қўймадингиз? Опам ўзи хоҳлаган жойда, Умид ва Гулранг ҳам ўзлари истаган жойда ўқишяпти. Битта мен...
- Битта сен ўқишни истамаяпсан!
- Дада, неча марта айтдим, у жой ёқмайди, деб...
- Гулюз, ўша жойни ҳам ўзинг истаб боргансан. Ўша сен ўқиётган жойингни ўқиб, опам ўқишга кирди!
- “Контракт”гами? “Контракт”га кирғизадиган жой нима керак?
- Гулюз! – жаҳли чиқа бошлади Аббоснинг. – Ўзинг ўша “контракт”гаям кира олмадинг-ку! Нега айбни ўзингдан қидирмайсан! Нега ёпишиб ўқимайсан? Доим ўқув марказ қидирганинг қидирган! Сен ўқишга кирмоқчимисан ё ўқув марказларини синовдан ўтказяпсанми?
- Мен ўгайман! Доим мени уришиб берасиз, - Гулюз йиғлаб ўрнидан туриб кетди: - Қанақа қилиб ўқишга кирай, овқат қилсам, кир ювсам, уй йиғсам...
- Уф-ф-! Яна бошланди бунинг дийдиёси! – хўрсинди Аббос. – Ўчир, овозингни!
Уларни жимгин кузатиб турган Умид ўз-ўзидан отасига бақириб юборди:
- Бақирманг, опамга!
Аббос “ялт” этиб Умидга қаради. Матлуба қўрққанидан ўрнидан туриб кетди.
- Умид, ўғлим! Нима қилганинг бу?
- Ўзи истаган яхшироқ ўқув марказида ўқиса нима қилади? Пул кўпроқ кетиб, бошқаларга етмай қолади-да, а? – Умид Аббоснинг бошқа оиласига писанда қилаётганини Матлуба билиб, баттар қўрқиб кетди.
- Умид? – ўғлига қаради Аббос. – Нега етмай қоларкан? Сенинг ўқишинг, ҳаражатларинггами? Етади ҳаммасига!
- Мени ўйламай қўя қолинг! Опамга бақирманг, - Умид ўрнидан туриб, хонаси томон кетди.
- Нима бўляпти, буларга? – Матлубага ва Гулҳаёга қаради Аббос. – Сиркаси сув кўтармай қолибди.
- Ким билсин, кун бўйи дарсда чарчаяпти, шекилли, - болаларининг ёнини олишга уринди Матлуба.
- Ё мен нотўғри айтдимми? – Гулҳаёга қаради Аббос. - Қачон қарама, Гулюз ўқиш билан эмас, курс излаш билан овора.
Гулҳаёнинг ўзининг хаёллари билан банд эди. Аббос унга анграйиб қараб турганида ичкаридан Умиднинг жаҳл билан бақиргани эшитилди:
- Йиғламанг, опа! Агар пул учун шунақа бўлаётган бўлса, мен бераман, ўша пули!
Аббоснинг қошлари чимирилди. Матлуба қўрқиб кетганидан кафтлари билан оғзини ёпиб олди.
* * *
- Мана ростмана кўринмасам, қидириб ҳам қоларкансан, гўзал қиз! – Малик телефонига қараб хурсанд ҳолда ўзига ўзи гапирарди.
Телефони экранида эса бекатда у ёқдан-бу ёққа аланглаётган Гулранг видеотасвири акс этган, лавҳа узоқдан олинган, аммо қизнинг беҳаловатлиги яққол кўзга ташланиб турарди. Йигит видеони қайта-қайта кўрди. Жилмайди. Ва яна ўзига ўзи гапирди:
- Хаёлингни олибман, шекилли. Лекин бу қадар паришон бўлиб излашингни истамагандим. Ахир бунақада ўқи олмайсан, ўқишга кира олмайсан. Сен ўқишинг керак, гўзал қиз!
Энди у видеони ўтказиб суратларни кўра бошлади. Суратларнинг ҳаммаси Гулрангнинг турли ҳолатдаги тасвирларидан иборат эди. Бирида дугонасига гапираётган бўлса, бирида узоқларга қараб турибди, бирида кўзларини катта-катта очиб хавотир билан қараб турибди.
Буларнинг ҳаммаси Маликнинг қизни узоқ кузатганидан далолат эди. У видеоларни ҳам, суратларни ҳам қайта-қайта кўрди. Гулрангни соғинганини ҳис қилди.