Гулчиликдан даромад Сўнгги йилларда тадбиркорликнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ортиб бормоқда. Қолаверса, соҳанинг ривожланиши иқтисодиётимизни ўсиши ва халқимиз турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилаётир.
Шу ўринда йирик лойиҳалар ўз йўлига. Юртдошларимиз кичик бир жойда, ҳатто ўз томорқасида катта ишларни амалга ошираётгани қувонарли. Аслида томорқа – даромад манбаи. Андижонликлар бу борада ўзига хос мактаб яратган, десак муболаға бўлмайди.
Жумладан, охирги йилларда булоқбошиликларнинг ҳам ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, деҳқончиликдан олаётган даромади ошиб бормоқда. Тумандаги Хонтепа маҳалласида 537 та хонадон бўлиб, оилалар ўз томорқаларида гулхоналар ташкил этган. Уларда асосан турли хилдаги гул кўчатлари етиштирилади.
Шу маҳаллада яшовчи Нурмуҳаммад Қўлдошев 25 йилдан буён томорқасидан унумли фойдаланади. Ҳовлисидаги 8 сотихли жойдан мавсумий ҳосил олади. Айни қиш ойларида ҳам оила аъзолари иш билан банд. Ҳаридорларга гулдан ташқари уруғ ва кўчатларини етказиб берадилар.
Гулчилик меҳрни ва машаққатли меҳнатни талаб қилади, — дейди гулчи Мухтасархон ая Қўлдошева.
— Бу жойга келсам дилим яйрайди. Ҳозирда гулларимизни қўшни вилоятларга ҳамда маҳаллий бозорларимизга чиқаряпмиз. Келгусида гул навларини кўпайтириб, экспорт қилиш ниятидамиз. Бир мавсумда 50 миллион сўм соф даромад қилдик. Бу айтишга осон. Унинг замирида катта меҳнат ётади.
Facebook |
YouTube |
Web-site Instagram|
Telegram