Бундан анча йил муқаддам, аниқроғи, 2009 йил 29 августда қабул қилинган Чуст туман ҳокимининг 338-сонли қарорида Чуст шаҳрида кўчаларни кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу қарорга асосан, шаҳарнинг “Сероб” маҳалласида яшовчи Фахриддин Нусратовнинг 2 хонали яшаш уйи ва бошқа бинолари ҳам бузилиши лозим эди. Шу боис Ф. Нусратовга огоҳлантириш хати берилади.Бироқ бу ҳолатдан хонадон эгаси қаттиқ ташвишга тушади, оқибатда юраги хасталаниб, шифохонада даволанади. Бу орада туман ҳокими ўринбосарининг кўрсатмаси билан Ф. Нусратовга қарашли бинолар бузиб ташланади. Аммо ўша пайтда туман ҳокимлиги Ф. Нусратовга бузилган бинолар эвазига тегишли компенсация пулини тўлаб бермайди. Аниқроғи, зиммасидаги масъулиятни унутган айрим мутасаддилар Фахриддин Нусратовга қуруқ ваъдалар бериб келишади. Охир-оқибат у қонун кўмагига таянишга қарор қилди. Ҳолбуки, Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган.
Ф. Нусратов судга мурожаат қилишдан аввал бузилган биноларни баҳолатди. “Kons inventar baho” масъулияти чекланган жамиятининг 2024 йил 7 мартдаги ҳисоботи асосида бузилган уй-жой 81 миллион 540 минг сўмга баҳоланди. Сўнг у фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Айтиш керакки, Ер кодексининг 37-моддасида “Жисмоний ва юридик шахсларга тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилади” дея қайд этилган. Шунингдек, кодекснинг 41-моддасида эса, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда тикланиши кераклиги белгиланган.
Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, даъво аризасини қаноатлантирди. Яъни Чуст тумани ҳокимлигидан Фахридин Нусратов фойдасига 81 миллион 540 минг сўм компенсация, 3 миллион 261 минг сўм давлат божи, баҳолаш хизмати учун тўланган 1 миллион 500 минг сўм, адвокат хизматига сарфланган 3 миллион 500 минг сўм, жами 89 миллион 835 минг 600 сўм ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фуқароларни йиллар мобайнида қийнаб келган муаммолар айнан судда адолатли ечим топаётгани жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга одамларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Отамурод СИДДИҚОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Чуст туманлараро суди судьясиTelegram