СЎЗЛАРГА БЕРКИТИЛГАН СИРЛАР
Айрим қаламкашлар тарбиясизлик тажаллийси бўлган қўпол сўзлар, масалан, сўкишнишларни қўллашни жайдарилик, табиийлик деб ишонади. Ҳолбуки, ундай эмас.
Жамиятдаги ҳар бир қатламнинг луғати бор. Қўллаяжак сўзлар омбори. Дейлик, ҳунармандлар, савдогарлар, деҳқонлар, молбоқарларнинг луғати алоҳида; ўқитувчи, журналист, шоир, ёзувчи, сиёсатчиларнинг сўзлари алоҳида; шунингдек, чиндан зиёли, чиндан илмли ва пок инсонларнинг сўзлари ва тарбиядан мосуво, паст ва юқори, иззат ва хорлик фарқини билмайдиган тоифаларнинг каломлари ўртасида ҳам ер ва осмон каби ажралиш бор.
Асл зотдан бўлган ва насаби олий инсонлар, ота-боболари назокат ва зарофат соҳиб бўлган, оилаларида гўзал қадриятларни сақлаб келаётганларнинг луғатлари бениҳоя чиройли ва ҳашамли, айни пайтда сипо ва ҳайбатлидир.
Уларнинг суҳбатлари шакардай ширин, асалдай ёқимли, гулдай гўзал, булоқдай тиниқдир. Улар ҳар бир калимани териб, териб, саралаб, саралаб қўллайдилар. Уларни тинглаш руҳни поклайди, ақл осмонига қуёшларни чорлайди, кўнгилни тонг насими билан шодлантиради. Улар ҳеч қачон ўз калималарини бузмайдилар.
Аммо илмдан бебаҳра, қулоғи чиройли лутфдан узоқ қолганлар эса оғзига келганини қайтармайдилар, айнан улар сўкинишни ҳақиқий халқона сифат деб билади.
Афсуски, бугун асл тарбия илдизидан сув ичганлар бениҳоя кам.
Ҳақоратга берилиш зотдаги касаллик, сифатдаги айниш ва ақлий ноқисликдир. Ундай одамлардан узоқлашмоқ керак.
Бу ҳақиқатни англаганлар эса таҳқир сўзларини луғатларидан чиқариб, имкон қадар кескин ва покиза калималар билан нутқларини барпо этсинлар, бунинг учун интилсинлар.
Ҳазрат Навоий дедилар:
Олдига қўйганни емак ҳайвоннинг иши,
Оғзига келганни демак нодоннинг иши.
Хунук сўзлар жамият ахлоқини бузади, ишлардан баракани учиради, кайфиятни кишанлайди, инсон таъбини қорайтиради.
Гўзал сўзлар эса аксинча: нур ва ёруғликка етаклайди.
Бу катта масала, мухтасари ҳозирча шу.
Акром МАЛИК
19.09.2023.
@Akrom_Malik_rasmiy