#Савол_жавоб
@Ahrorjon_Abdulvohid
"ҲАЖГА БОРМАСДАН ПУЛИНИ ЭҲСОН ҚИЛАМАН" ДЕЙИШ ТЎҒРИМИ?
❓CАВОЛ: Қўшним "Каъбатуллоҳга бормайман, унга кетадиган ҳаражат пулини эҳсон қиламан ёки муҳтож оилага тўй қилиб бераман" деб айтади. Бу қанчалик тўғри, шундай қилса бўладими, буни ҳукми қандай?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳаж буюк ибодат. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
“Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир. Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир”, (“Оли Имрон” сураси, 97-оят).
Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати
фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки
«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар —
соғлом, ҳажга бориб-келишга ва шу даврда оиласини
нафақасига етадиган маблағга эга,
йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса,
маҳрами бор кишилардир.
Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўла туриб, ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:
“Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир”, дейилмоқда.
Яъни кимки имкони бўла туриб, ҳаж қилмаса, Аллоҳ таоло ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам беҳожатдир. Бу ерда имкони бўла туриб, ҳаж қилмаслик
куфрга тенглаштирилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, ҳаж зиммасида фарз бўлган киши ҳаж учун йиғган
маблағини эҳсон қилиб юбориши тўғри эмас. Балки у зиммасидаги фарз ибодатни адо этиши лозим ҳисобланади. Агар умрида бир марта ҳаж қилган бўлса, иккинчи марта ҳаж қилиши
нафл (зиёда) ҳисобланади. Мана шундай киши яна ҳаж қилиши ёки эҳсон қилиши ўз ихтиёрида бўлади. Яъни, хоҳласа иккинчи марта ҳаж қилиши учун йиққан пулини эҳсон қилиши ёки
умумий хайрия ишларига сарфлаши афзалдир. Валлоҳу аълам.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати🌐
Ижтимоий тармоқлардаги манзилларимиз:
Telegram |
Instagram |
Facebook |
Youtube 1 |
Youtube 2 |
Tiktok