Ziyo Ashraf


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Религия


Зиё Ашраф (Алишер Султонхўжаев) саҳифаси

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Религия
Статистика
Фильтр публикаций


#siyratdan_suratlar

Пайғамбарлик нишоналари

Набий алайҳиссалом Маккада яшаган даврда У зоти бобаракотнинг қалблари қавмлари ғарқ бўлган ширк, бутпарастлик, қимор ва хамр ичиш каби иллатларга асло кўнмасди. У киши бирор марта ҳам бутларга сажда қилмаганлар, хамр ичмаганлар, қимор ўйнамаганлар. Аллоҳ таоло Ул зотни катта гуноҳлардан сақлагани каби, бахиллик, зиқналик, ваъдабозлик, чақимчилик каби олийжанобликнинг зидди бўлган тубан хислатлардан ҳам муҳофаза қилган эди.

У зот қавмдошлари қилаётган айрим фисқу фужур ишлардан ўзларини четга олиш ва ушбу олам ва унинг холиқи ҳақида фикр юритиш, Аллоҳни зикр қилиб, қалб хотиржамлигини топиш учун Ҳиро ғорига кириб, маълум кунларни у ерда узлатда ўтказардилар. Ушбу узлат У зотнинг руҳан покланиб, Парвардигорга қалбан боғланишларига сабабчи бўлди ва келажакда энг буюк вазифа бўлмиш Аллоҳнинг рисоласини инсониятга етказиш вазифасини қўлга олишларига замин ҳозирлади.

Набий алайҳиссаломнинг муборак умрлари қирққа яқинлашар экан, Аллоҳ таоло секин-секин У зотга каромат ўлароқ айрим хориқул одат ишларни, ғайри табиий ҳолатларни кўрсата бошлади. Бу ишлар у зотни аста-секинлик билан ваҳийни қабул қилишга ҳозирлаш эди. Чунки, агар бирданига ваҳий келса, Ул зот буни кўтаролмас эдилар. Бу ҳолатлар шаръий истилоҳда ирҳос деб аталади.

Набий алайҳиссалом қазои ҳожат учун уйларидан узоқ-узоқларга кетардилар. Шундай узоқ кетардиларки, ҳатто, биронта уй кўринмай қоларди. Чунки, у пайтларда шароитлар ҳозирги даврдагидек эмасди, алоҳида ҳожатхоналар бўлмаган.

Хуллас, Набий алайҳиссалом ҳожатлари учун уйларидан узоқлашиб кетган пайтларида бирор тош ёки дарахт олдидан ўтсалар албатта улардан: “ассалааму алайка я Росулаллоҳ” деган товушлар эшитиларди. У киши ҳайрон бўлиб, ўнгу сўлларига ва ортларига ўирилиб қарардилар, лекин ҳеч кимни кўрмасдилар.

У зот Пайғамбар бўлганларидан сўнг айтган бир ҳадисларида шундай деган эдилар: “Мен бир тошни биламан, пайғамбар қилиб юборилишимдан олдин менга салом берарди. Ўша тошни (қайси эканлигини ва қаерда эканлигини) ҳали ҳам биламан” (Муслим ривояти).

@ziyo_ashraf


Тонг вақти болалар паркида ўйнаётган кичкина қизча скамейкаларнинг бирида бир ўзи хомуш ўтирган одамга кулимсираб қаради. Ғамгин киши ўзига бегона бўлган бу қизчанинг ҳеч қандай сабабсиз аммо, ниҳоятда самимий бўлган табассуми туфайли кайфияти кўтарилиб, ўзини яхшироқ ҳис қила бошлади.

Эрталабдан қалбига инган ушбу илиқ ҳислар оғушида экан, бирдан дўстига бир масалада кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдириб қўйишни унутгани ёдига тушди ва дарҳол ёнидан қоғоз-қалам чиқариб, унга ташаккур мактуби битди. Унинг бу яхшилигини ҳеч қачон унутмаслигини айтди.

Нариги одам мактубни ресторанда тушлик қилаётган вақтда олди. Ташаккурномани ўқиб, қаттиқ таъсирланди. Кайфияти шу қадар кўтарилиб, кетдики, хизмат қилган официантга олийжаноблик билан бир даста "чойпули" бериб юборди.

Официант ҳаётида биринчи марта бу қадар катта миқдорда "чойпули" олиши эди. Пулларни оларкан, қанчалик ҳайратда бўлса, шунчалик мамнунлик ҳам ҳис қиларди.

Официант кечаси уйга қайтишда тушган пулнинг бир қисмини кўчанинг бошида ўтирган фақир кишига берди. Фақир киши пулларни кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Икки кундан бери, томоғидан бир луқма ўтмаганди, чунки. Қорни оч эди. Мана энди мазза қилиб, қорнини тўйдирадиган бўлди.

У кабобхонага кириб, шоҳона таомланди ва турар-жой биноларидан бирининг ертўла қаватида жойлашган бир хонали уйига қайтар экан, кайфи чоғлигидан ҳуштак чалар, ҳар-турли қўшиқларни ҳиргойи қилиб келарди.

Шу зайлда димоғи чоғ бўлиб, уйга яқинлашар экан, хонадон кираверишида совуқдан титраётган бир кучукчага кўзи тушди. Уни қўлига олиб, бағрига босди.

Кучукча совуқ тунда иссиқ қучоқ топгани учун енгил тортган, ортиқ совуқдан қалтирамаётганди. У ҳалиги кишининг иссиқ уйида анча вақтгача югуриб, ирғишлаб, ўйнади.

Ярим кечаси ҳамма уйқуда экан баногоҳ бинони тутун қоплай бошлади. Тутун исини олган кучук бор кучи билан тинмай вовуллаб уй эгасини уйғотишга муваффақ бўлди.

Фақир киши уйғониши билан нима бўлаётганини англаб етди. Ёнғин яқинда бошланган эди. Дарҳол бино аҳлини уйқудан уйғотди. Оталар ва оналар болаларини шартта кўтариб, югурганча ташқарига отилдилар ва ҳеч қандай зиён-заҳматсиз ўт балосидан омон қолдилар.

Буларнинг ҳаммаси молиявий жиҳатдан ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган, оддий бир табассум соясида рўй берди. Ҳаммаси биргина кулимсираб боқишнинг натижаси эди.

"Яхши кўрганларингизга гул беринг, гулингиз бўлмаса кулиб беринг"

Жалолиддин Румий

Hakan Mengüç [Her Şey Vaktini Bekler]

@ziyo_ashraf


Ризқ нима?

Ризқ деганда одамлар кўпинча, еб-ичиладиган, кийиладиган ва моддий аҳамиятга эга бўлган нарсаларнигина тушунадилар. Бу эса ризқ тушунчасининг ниҳоятда тор ва хато талқинидир.

Инсон очлиги ва юпунлигини кетказадиган егулик ва либослар, жонини сақлайдиган уй ва ҳовлилар, кишига зийнат ва камолот бағишлайдиган улов-маркаблар ва мазкурларни қўлга киритишга васила бўлган пул ва бойликлар ҳам шубҳасиз ризқ.

Аммо, ризқ фақат шуларнинг ўзидан иборат эмас.
Ризқ бу - луғатда "марзуқ"қа (ризқланувчига) яъни инсонга ато этилган фойдали нарсанинг номи бўлиб, у фойдаланадиган барча нарсани ўз ичига олади.

Машҳур адиб, луғатшунос, фақиҳ ва муаррих олим Ибн Манзур айтади: الرزق : هو ما تقوم به حياة كل كائن حي ماديا كان أو معنوي" яъни "ризқ бу - ҳар бир тирик жоннинг ҳаётига тиргак бўладиган нарсадир, хоҳ моддий бўлсин, хоҳ маънавий".

Инсон ҳаётда фақат моддий нарсалардан манфаатланмайди, балки иймон, тақво, Аллоҳ муҳаббати, Аллох қўрқуви, билганига амал қилишга муваффақ қилиниш, ақл-заковат, илм, обрў, маданият, ахлоқ, солиҳа завжа, солиҳ фарзандлар, солиҳ ва содиқ дўстлар, вафодор шогирдлар билан ҳам манфаатланади ва бинобарин улар ҳам ҳеч шубҳасиз мўминга ато этилган буюк ризқдир.

Холис ниятда, Аллоҳ ризоси учун амалга оширганингиз ҳар қандай эзгу амал учун Аллоҳ томонидан ато этиладиган савоб-мукофот ҳам ризқдир.

Бу фоний дунёда баданга фойда етказадиган ризқ бу еб-ичиш, либос ва тан соғлигидир. Аммо қалбларимизга нафи тегадиган ризқлар ҳам борки, уларга бепарвомиз. Аллоҳ таоло уларни қўл етар жойларга қўйиб қўйган бўлса-да фойдаланмаймиз, олмаймиз. Олсак ҳам унумли фойдаланмаймиз, қадрига етмаймиз.

Қалб ризқи бу иймон, илм ва бошқа кўплаб маънавий ризқлардир. Ризқнинг бу тури моддий ризқдан чандон-чандон ортиқ ва устундир. Зеро, моддий ризқ мўминга ҳам, кофирга ҳам бирдек берилаверади. Аммо, қалб ризқининг энг олий намунаси бўлмиш иймон неъмати фақат мўминларга ато этилади.

Мўминлар ҳам қалб ризқлари борасида баробар эмаслар. Кимгадир илму ирфон, зеҳну заковат, фаросату ахлоқ ва тақво кўпроқ ато этилади.

Шундай кишиларнинг гарчи, моддий ҳолатлари ҳавас қиларли даражада бўлмаса ҳам аммо, уларга ато этилган ризқ бу нарсалардан камроқ берилган давлатманд, бой одамларга берилган ризқдан устундир.

Ризқнинг бу турини танасида ҳис қилган, унинг мазасини тотиб кўрган ва ундан фойдаланадиган инсонлар бу устунликни ҳар қадамда сезиб яшайдилар. Тўғри, улар кўпинча истаганларидек яшай олмаслар, фарзандларига ҳам кийим-кечакларни бекаму кўст олиб бериб, озиқ-овқатни уйларида бадастир қилиб қўя олмаслар.

Аммо, шу ҳолатда ҳам уларнинг бировга тиш ёриб шикоят қилмасдан шукр ва зикрда, тоату ибодатда бардавом бўлишларини эгниларидаги иффат либосидан билиб оласиз.

Шундай экан, азиз биродарим, нега менинг ризқим тор, нега қўлим калта, дея асло ўкинма. Ахир, Аллоҳ таоло ўз марҳамати ва фазлу карами билан моддиятдан афзал бўлган анвойи ризқларни сенга савқ этмадими?.. Иймон, илм, ахлоқ, солиҳа жуфт ҳамда солиҳ фарзандлар бериб қўймадими?.. Солиҳ дўстлар билан сени зийнатлаб қўймадими?.. Одамлар қалбида сенга бўлган муҳаббат, эҳтиром ва ихлос туйғуларини ўстириб қўймадими?.. Билки, маҳбубият ҳам, мақбулият ҳам ризқдир.

Ёхуд танингни соғ қилиб қўймадими?.. Атрофингга қара, қанча одам беморликдан нолийди. Қанча одам кечалари оғриқ азобидан тўлғаниб чиқади.

Бас, шундай экан, ғам-андуҳ ва ташвишларингни елкангдан улоқтир. Ўзингдаги бебаҳо ризқлар билан хушҳол бўл. Нигоҳингни бир зум ўзингдан пастроқдагиларга ҳам қарат.

@ziyo_ashraf


Қарғишга учраш учун бировга катта бир моддий ёки жисмоний зарар бериш шарт эмас. Балки, ноҳақ равишда қалбини синдирган бўлсангиз ва ўша кимса сизни ошкора ёхуд яширин баддуо қилса, шунинг ҳам натижаси ҳаётингизда у ёки бу кўринишда акс этиши мумкин. Лекин, айнан қайси кўринишда таъсир қилаётганини гоҳо билолмай қоласиз. Эҳтимол, умуман баддуо қилинганингизни сезмасдирсиз.

Бир саҳобий сафарда тез юрмай, секинаклик қилгани учун туясини лаънатлади. Шунда Набий алайҳиссалом дарҳол қарғалган туядан тушишни буюрдилар ва "лаънатга учраган нарса билан бизга ҳамроҳлик қилма!", дедилар.

Шундан келиб чиқиб, баъзи уламолар гоҳо ноҳақ қилинган баддуо ҳам ижобат бўлиши мумкинлигини айтадилар. Бунда баддуо қилган шахс гуноҳкор бўлади, аммо синов ва Аллоҳга маълум бўлган бирор сабаб ва ҳикмат туфайли унинг қарғиши ижобат бўлади. Бунга сабаб баддуо қилинган кимсанинг бошқа гуноҳлари ва зулми бўлиши мумкинлигидир. Шу боис бошқа бировнинг ноҳақ баддуоси унинг ҳаққида гоҳо ижобат қилинади.

Бу сўзлар кишини эҳтиёткор бўлишга ундайди. Эҳтимол бировга зулм қиларсиз ва у сизни баддуо қилмас. Аммо, бошқа ўринда бошқа киши билан қайсидир масалада тортишиб қолганингизда, аслида ҳақ сиз томонда бўлса ҳам тортишувни ошириб юборганингиз ва меъёрни бузиб, хусуматлашувчини хафа қилганингиз учун у сизни баддуо қилгудек бўлса, бошқа гуноҳларингиз ва ҳал қилинмаган зулмларингиз, бўйнингиздаги ҳалол этилмаган маънавий ҳақлар туфайли Аллоҳ томонидан жазо тариқасида бу қарғиш ижобат бўлади. Баддуо қилувчининг гуноҳкорлиги эса бошқа масала. Бунга ўзи жавоб беради. Аммо, сиз зарарга учрашингиз ҳеч гап эмас.

Бунинг мисоли худди дайди ўқдан вафот этган ёки ноҳақ равишда кимдандир зиён кўрган кишининг ҳолатига ўхшайди. Эҳтимол, ўша дайди ўққа нишон бўлган кишининг бошқа гуноҳлари ва зулмлари бордир.

Худди шунга ўхшаб, лойиқ бўлмаган ҳолда қарғиш олишдан ҳам эҳтиёт бўлиш керакки, бошқа гуноҳларимиз туфайли ўша қарғиш ижобат бўлиб қолмасин!..

Албатта, бирор кимса ўзидан-ўзи бировни қарғамайди. Нимадир сабаб бўлади. Сабабнинг ўринли ёки ўринсизлиги эса алоҳида масаладир. Етарки, ўша сабабни вужудга келтирмасликка ҳаракат қилиш, имкон қадар ўзни тийиш ва таҳаммул қилишга интилиш лозим.

Аксинча бўлиб, битта кичкина тош отган одам устига бутун бошли тоғни ағдариб юборсак, бунда унинг баддуосидан омонда бўлишимиз қийин.

Агар баддуо қилса, гарчи хусуматни ўзи бошлаган бўлса ҳам бизнинг ҳаққимизда унинг қарғиши Аллоҳ билган ҳикматга кўра ижобат бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Ота-онанинг фарзандини қарғашдан қайтарилиши ва умуман динимизда лаънатлаш ва қарғиш ҳолатларидан узоқроқ бўлишга тарғиб қилинишининг ҳикмати ҳам шунда. Муайян соатларга тўғри келса ижобат бўлади.

Энди ўйлаб кўрайлик, ғазаб устида ноҳақ қилинган баддуо ижобат бўлиши мумкин экан, кимгадир қилган ҳақиқий зулмимиз туфайли олган қарғишимиз ижобат бўлишидан қандай хотиржам бўламиз?!..

@ziyo_ashraf


Шундай замонда яшаяпмизки, илмдан кўра маълумот замони дейиш мумкин.

Қайсидир китоб трендга чиқса ўшани ўқиш керак, қайсидир сериал машҳур бўлса ўшани кўриш лозим...

Зеҳнимизни "ниманидир ўтказвордимми?", "наҳотки, билмай қолган бўлсам?!" каби фақат ижтимоий тармоқда трендга чиққан нарсалар билан тўлдириш билан овора бўлиб қолдик.

Бу бизга илм эмас, жаҳолат беради. Жаҳолатимизни орттиради, холос. Чунки кераксиз маълумотнинг кўплиги керакли билимга тўсиқ бўлади.

"Лутфан нималарнидир ўтказиб юбор, лутфан баъзи нарсаларни билмай қол, яхшиси. Ҳамма кўраётган сериалларга эмас, ўз танловларингга боқ. Ҳамма ўқиётган китобларни эмас, ўз қизиқиш ва эҳтиёжинг бўлган китобларни ўқи", дейди Хоқон Мангуч.

Ҳақиқатан тўғри, ижтимоий тармоқ одамларни манипуляция қилади. Ким машҳур бўлса, чиройли ва ақлли гаплардан, диний гаплардан гапирса дарров унинг мухлиси бўлиб қолади одамлар. Кейин вақт ўтади — у сизни манипуляция қила бошлайди.

Ҳар қаёқдан узуқ-юлуқ, тартибсиз маълумот эмас, ҳақиқий илм олинг, ўзингиз қизиққан соҳани аниқлаб, эътиборингизни ўша нарсага қаратинг.

Ҳамма ўқиган китобни ўқий олмайсиз, умрингиз етмайди. Ҳамма таниган машҳурни таний олмайсиз, ҳамма кўрган подкастларни кўриб чиқа олмайсиз, ҳар бир трендга чиққан мавзудан хабардор бўла олмайсиз. Агар шундай бўлаётган бўлса, демак, ижтимоий тармоқда йўқ бўлиб кетяпсиз, ўзингизни унутяпсиз. Ижтимоий тармоқ сизга эмас, сиз ижтимоий тармоққа хизмат қиляпсиз.

Китоблардан ўзингиз қизиққан ва эҳтиёжингиз бўлганларини ўқинг, ҳаётингиздан кераксиз нарсаларни камайтиринг, зеҳнингизни ортиқча ва фойдасиз маълумот билан тўлдирманг.

@ziyo_ashraf


Имом Ғаззолий "Иҳёу улуми - д - дин" асарида дўст-биродарликни уч мартабага бўлади. Биринчи, энг қуйи мартабадаги дўстлик шундан иборатки, дўст ўз дўстига худди қулига муомала қилгандек муомалада бўлади.

Буни шундай тушунмоқ лозим: хожа қулини худди ўзи каби таъминламаса ҳам аммо, оч - яланғоч бўлиб қолмайдиган даражада ўртача ейиш - ичиши ва ўртача кийиниши, ётоғи ва касал бўлиб қолса даволанишини таъминлаганидек, дўстини оч ва юпун ҳолда қолдирмайди, касал бўлганини эшитгач, билиб туриб, ўлиб кетишига қараб турмайди.

Иккинчи мартабадаги дўстликда киши ўзига қандай қараса, дўстига ҳам шундай қарайди. Ўзи учун яхши кўрган нарсани дўстига ҳам илинади. Бу биринчи мартабадан юқорироқ албатта.

Учинчи олий мартабадаги дўстлик эса киши ўз дўстининг эҳтиёжини ўзиникидан устун қўйишида акс этади. У ўзи учун яхши кўрган нарсасини энди ўзига эмас, дўстига илиниб, уни ўзидан ийсор этади.

Мазкур асарни ўқир эканмиз дўстлик тушунчаси ва у тақозо қилувчи мажбуриятлар борасида ҳам ажиб сўзларга дуч келамиз: "агар дўстингга бирор ҳожатинг тушадиган бўлса, буни унга айт. Мабодо унда ҳеч қандай ҳаракат кўрмасанг, яна бир марта эслат, зеро, инсон унутувчидир. Эҳтимол ёдидан кўтарилгандир. Агар яна эсидан чиқиб қолса, яна эслат. Бордию, шунда ҳам сенинг эҳтиёжинг бўйича унда ҳаракат сезмасанг, унга тўрт марта такбир айтгинда, йўлингда давом этавер. Зеро, у кимса ўлик экан" ("Иҳёу улуми - д - дийн").

Демак, дўст фақат ўлик ҳолда бўлсагина дўстининг шикоятини тингламас, унга ёрдам қўлини чўзмас экан. Тирик бўла туриб, дўсти учун югуриб - елмаган инсон ҳам ўлик мақомида бўларкан.


Чақимчиликдан сақланиш ва қутулиш Аллоҳдан қўрқиш ҳамда мўминларга нисбатан қалбини гина-кудуратлардан пок ва саломат ҳолда сақлаш лозимлигини мудом ёдда тутиш билан ҳосил бўлади. Зеро, қалб саломатлиги мўмин кишининг энг асосий сифатларидан биридир.


Имом Нававий саҳиҳи муслимга ёзган шарҳида чақимчиликни: “у – одамларнинг бир-бирлари ҳақидаги гапларини орани бузиш ва фасод тарқатиш йўлига кўра ташишдир”, дея таърифлайди.

Чақимчиликнинг энг ашаддийси ва энг ёмони, гуноҳи ҳам энг оғирроғи эса куч-қудрат ва салтанат соҳиби ҳузурида амалга оширилган чақимчиликдир. Бунинг хатарли томони куч-қудрат соҳиби бўлган кишининг ўта қаттиқ қасос ва интиқом олишга қодирлигидадир.

Наммом (чақимчи) эса одамлар орасида бузғунчилик мақсадида гап ташувчи кишидир. У иблиснинг дўсти балки, унинг ўнг қўли ва ишончли вакилидир.

Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича, иблис ўз тахтини сув устига қуради ва (одамлар устига шайтонлардан иборат) ўз қўшинларини юборади. Уларнинг унга энг яқини фитнаси энг кучлиси бўлади. унинг ҳузурига (шайтонлардан) бири келади ва “фалон, фалон ишларни қилдим”, дейди. иблис унга “ҳеч нарса қилмабсан!”, дейди. Кейин яна бириси келади ва “ (бир одамни) тинмай васваса қилавердим, тинч қўймадим ахийри, у билан хотини орасини буздим”, дейди. Шунда иблис ўша (шайтонни) ўзига яқинлаштиради ва “сен қандай ҳам яхшисан!”, дейди (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта ўрнида тил ва қалб офатларидан ҳисобланувчи айрим иллатларни қоралаган ва улардан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Қалам сурасида Пайғамбар алайҳиссаломни бир қанча салбий хислатли кишиларга итоат қилиб, эргашмасликка чақирар экан, улар орасида ғийбатчи ва чақимчини алоҳида тилга олади: “(эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчию гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи – бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари, бенасаб, ҳароми кимсага итоат этманг!”, (Қалам сураси: 10-11-12-13-оятлар).

Бир куни Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бир кишининг гап ташиб юриши ҳақида эшитиб қолди сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “чақимчи жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман деди (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита қабр олдидан ўтиб қолдилар ва “мана бу (қабрлардаги) иккиси азобланишмоқда лекин, улар (одамлар кўзида) катта (ҳисобланувчи) гуноҳ туфайли азобланмаяпти”, дедилар. Сўнгра: “ҳа (улар аслида катта гуноҳ туфайли азобланмоқда), уларнинг бири гап ташиб юрарди, иккинчиси эса ўз бавлидан сақланмасди”, дедилар. Кейин, ердан ҳўл навда олиб, уни иккига бўларканлар, улардан ҳар бирини бояги қабрларнинг ҳар бирига тиқиб қўйдилар ва “шоядки, бу навдалар қуригунча уларнинг азоби енгиллаштириб турилса”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Бухорий ўзининг “ал-адаб ал-муфрад” номли ҳадис тўпламида Асмо бинт Язид разияллоҳу анҳодан қуйидаги ҳадисни ривоят қилиб келтиради: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (асҳобларига): “энг яхшиларингиз ҳақида хабар берайми?”, дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. У зот дедилар: “улар шундай кишиларки, одамлар уларни кўрганда Аллоҳ эсга келади”. Кейин “энг ёмонларингиз ҳақида хабар берайми?”, дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. Шунда у зот шундай дедилар: “улар гап ташиб юрувчи, ёр-дўстлар орасини бузувчи, айбсиз инсонларга ёмонлик ва машаққат етишини хоҳловчи кимсалардир”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “асҳобимдан биронтаси бошқаси ҳақида (мен ёқтирмайдиган ва ғазабимни келтирадиган) бирор нарсани (ҳолатни) менга етказмасин! Зеро, мен қаршингизга қалбим (бирортангизга нисбатан нафратдан) саломат ҳолида чиқишни истайман” (Абу Довуд ривояти).

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш жоизки, намима (чақимчилик) бу туҳмат ва бўҳтон эмас балки, асл ҳақиқат бўлиши мумкин. Аммо, у одамлар ўртасини бузиши, жамият вакиллари ўртасида фасод ёйилишига сабаб бўлиши туфайли ҳам қаттиқ ҳаром қилинган ва улкан гуноҳлар қаторига киритилган.

Шунинг учун, бор гапни айтяпман, деган важ ила кишиларнинг бир-бирлари ҳақларида айтган гап-сўзларини ташмалаш асло тўғри бўлмайди. Балки, бундай тубан ишларни одат қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлиши билан бир қаторда кўп ёмонликларга сабабчи бўлади.


"Чақимчи жаннатга кирмайди".

Гап ташиб, одамлар орасини бузиш динимизда ҳаром қилинган манфур ишлар сирасига киради. Халқ ичида тарқалган тушунчага кўра, чақимчилик деганда, мазлумнинг жабр кўрсатган киши устидан бирор кимса ёхуд жиҳатга шикоят қилиши тушунилиб қолган. Аслида эса ундай эмас. Мазлумнинг шикояти асло-асло чақимчиликка кирмайди.

Чақимчилик бу – одамларга бир-бирлари ҳақларида ғойибона гапирган салбий мазмундаги гап-сўзларини етказишдир. Эҳтимол, бир киши ҳақида ижобий бўлмаган бирор сўзни айтган кишининг мақсади ёмонлик бўлмаслиги балки, шунчаки, гапдан-гап чиқиб айтиб юборилган сўз бўлиши, ўша инсон тилга олинганда айтган фикри бўлиши мумкин.

Шундай вазиятларда унинг гапини олиб, ўзи ҳақида гапирилган одамга етказиш бу чақимчиликдир. Буни динимизда намима дейилади. Намима кабира гуноҳлардан биридир. У дўстлар орасини бузади, душманлар орасидаги адоватни кучайтириб юборади. Жамоани пароканда қилади.

Абу Ҳомид Ғаззолий (р.ҳ) "иҳёу улуми-д-дин" китобида мазкур масалага тўхталар экан шундай дейди: "билки, "намима" (чақимчилик) кўпинча бир кишининг бошқа киши ҳақидаги сўзини ўзи ҳақида гапирилган кишига етказишга нисбатан ишлатилади. Масалан, чақимчи: "фалончи сиз ҳақингизда бундай деди!", дея одамларнинг бир-бирлари ҳақларидаги гапларини бир-бирларига етказади.

Лекин, чақимчилик шунинг ўзи билан чекланиб қолмаган балки, унинг моҳияти очиш исталмаган ва хуш кўрилмаган нарсани ошкор қилишдан иборатдир. Ўша нарсанинг ошкор қилинишини ўзидан гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёки ўзига гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёхуд бирор-бир учинчи тараф хоҳламайдими, фарқи йўқ. Шунингдек, бировнинг гапини ошкор қилиш қасос олиш йўлига кўра бўладими ёки шама ва ишоралар билан бўладими бир хилдир.

Кишиларнинг аҳволотидан ошкор бўлиши кареҳ кўриладиган бирор ҳолатни кўрган киши у ҳақда сукут қилиши лозим. Фақат, етказишда мусулмонларга фойда бўладиган ёхуд мусулмон кишидан зарарни даф қиладиган ишлар бўлсагина мустаснодир.

Масалан, бир киши бошқа кишининг молини ноҳақ йўл билан олаётганлигини кўриб қолса, ҳақ соҳибининг ҳаққини риоя қилиш мақсадида бу борада гувоҳлик бериши лозим ва бу иш чақимчиликка кирмайди. Бордию, бирор кимсанинг ўз мол-дунёсини беркитаётганини кўрсаю уни бошқа жойда тилга олса, бу чақимчилик ва ўзганинг сирини очиш бўлади.

Шунга кўра, намиманинг моҳияти сирни очиш ва ўзганинг ошкор бўлишини ёқтирмайдиган нарсасини очиб ташлаб, сатр пардасини "йиртиш" демакдир. Агар етказилаётган нарса кишидаги қандайдир хулқий ёки хилқий айб-нуқсонлардан иборат бўлса, у ҳолда у ҳам чақимчилик, ҳам ғийбат гуноҳини содир қилган бўлади".

Имом Ғаззолий чақимчилик ҳақидаги сўзини давом эттириб шундай дейди: “Кишиларни чақимчиликка ундайдиган нарса ё ўзидан гап ташилаётган одамга ёмонлик ирода қилиш ёхуд ўзига гап ташилаётган инсонга ёқиш ва яқин бўлиш истаги ё бўлмаса, сўзда чуқурлашиб кетиб, кераксиз ва ботил гапларга шўнғишдир”.

Демак, чақимчининг чақимчиликдан кўзлайдиган асосий максади бир инсонни бошқасига ёмон тарафдан кўрсатиш орқали улар ўртасига адоват уруғини сочиш ва шу орқали ўзидан гап ташилаётган кишига зарар еказиш илинжида бўлиш ёки гап етказаётган кишисининг ишончига кириб, унга ўзини яхши кўрсатишдан иборат бўлар экан.

Баъзан эса юқоридаги икки мақсадни кўзламаса-да оғзининг таноби йўқлигидан, гапираётган сўзларининг оқибати ҳақида ўйламасдан вайсақилик қилиш натижасида ҳам чақимчилик содир бўлар экан.

Намима сўзи луғавий жиҳатдан “бирор нарсага далолат қилиш”, “... ... дарак бериш” маъноларини ўз ичига олган арабча “نم-ينم” (намма-янумму) феълидан олинган бўлиб, унинг шаръий-истилоҳий маънодаги таърифи ҳам аслида ўзининг луғавий маъносидан унчалик фарқ қилмайди.

Шунга кўра, номини очиқ айтмаса ҳам эшитаётган шахс ёки тараф гап ким ҳақида кетаётганлигини ўз фаросати билан билиб оладиган тарзда қандайдир ибора ва ишоралар билан гапирса ҳам бу айни чақимчилик ва намимага киради. Шунингдек, чақимчилик ёзма равишда ҳам амалга оширилиши мумкин.


Ҳаёт ўчирғич ишлатмасдан расм чизиш санъатидир.


Инсон нисёнга (унутишга) мойилдир,.. ҳар куни, ҳар тарафда ўлим билан юзлашса ҳам уни кўрмаганга олади, гўё ўзини ўлмайдигандек тутади.

Ҳолбуки, бу ёлғон дунёнинг ягона ҳақиқати ўлимдир. Инсон эса уни эсдан чиқаради, ўлмайдигандек яшайди. Қасрлар қуради, данғиллама тўйлар қилади, бойлик ортидан қувади, унга эришади аммо, бир жигарига, қариндошига ёхуд дўстига яхшилик қилишга келганда бахиллик тўнини кийиб олади.

Ғофилдир инсон, бечорадир у, бу дунёсини обод қилиш учун кеча-кундуз тинмай ҳаракат қилгани ҳолда охират уйини обод қилиш ҳақида ўйламайди, ўзини унутади, Аллоҳни унутади, қиёматни унутади.

Аллоҳ таолони ниҳоятда оз эслайди, ўзининг соғлом жисми, молу мулки ва ичида бўлгани бошқа неъматларга мафтун бўлиб, уларни берган Зотни унутади, неъматларнинг эгасига шукр қилмайди.

Бу дунё лаззатлари, мафтункор неъматлари инсонга ўлимни унуттиради. Натижада, инсон бу дунёга вақтинча келганини эсдан чиқариб, яхшиликларни тўсувчи бўлиб қолади, узун-узун орзулар гирдобига ғарқ бўлади, худбинлашади.

Намоз ўқийди, лекин қалби ҳамон ғафлатда бўлади, дунёни ўзи учун охират экинзори қилмайди. Ўзини танимайди, нафсини танимайди, ўзига вақт ажратмайди, Аллоҳни танимайди, Унинг розилигига интилмайди.

@ziyo_ashraf


#Дуолар_қўрғони

Уйдан чиқишда ўқиладиган дуолар

1: بسم الله توكلت على الله ولا حول ولا قوة إلا بالله,

2: اللهم إني إعوذ بك أن أضل أو أضل أو أزل أو أزل أو أظلم أو أظلم أو أجهل أو يجهل علي

Ўқилиши: 1. “бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ, валаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ".

2. "Аллоҳумма инний аъувзу бика ан адылла ва удолла ав азилла ва узалла ва азлима ва узлама ав ажҳала ав южҳала ъалайя”.

Маънолари: 1. “Аллоҳ номи ила (уйдан чиқаман), (барча ишларимда) Аллоҳга таваккул қилдим. Ёмон ҳолатдан яхшисига ўзгариш, ундан кейин тўғри йўлда собиткадам қолиш учун керак бўлган куч-қувват фақат Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи билан ҳосил бўлур".

2. "Эй Аллоҳ, мен Сендан адашиш ёки адаштирилишдан, ўзим хато қилишим ёки биров томонидан хатога туширилишимдан, бировга зулм қилишдан ёки менга зулм қилинишидан, бировга жоҳиллик қилишдан ёки менга жоҳиллик қилинишидан паноҳ беришингни сўрайман”.

Изоҳ: Юқоридаги икки дуо баъзи ҳадисларда биргаликда, бошқаларида эса бир-биридан алоҳида ривоят қилинган бўлиб, уларни Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Насоий ва Табароний каби сунан ва муъжам йўналишида ёзилган ҳадис тўпламлари соҳиблари ўз китобларида Умму Салама онамиз ва Анас разияллоҳу анҳулардан ривоят қилиб, келтирганлар.

Анас разияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: "ким (уйдан чиқаётганда) "бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ, валаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ" деса, унга “هديت وكفيت ووقيت” (ҳудийта ва куфийта ва вуқийта) яъни: “ҳидоятландинг, ҳимоя қилиндинг ва барча мушкилотларинг осон бўладиган бўлди!” дейилади ва шайтон ундан узоқлашади" (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва бошқалар ривояти).

Абу Довуднинг ривоятида эса ҳадиснинг қуйидаги қўшимчаси ҳам бор: "... шунда шайтон бошқа бир шайтонга: "ҳидоятланган, мушкиллари аритилган ва ҳимояга олинган" кимсани қандай ҳам адаштира олардинг?!", дейди".

Демак, киши уйдан чиқар экан мазкур дуоларни ўқиса, иншоаллоҳ у кимса ўша куни залолат ва жаҳолатга тушмайди, бировга зулм қилмайди ва ўзига ҳам зулм-зўравонлик қилинмайди. Ундан бирор насиба ололмаслигини билиб, шайтоннинг тамаъси пучга чиқади ва алам билан юқоридаги сўзларни айтиб, ундан нари кетади.

@ziyo_ashraf


Болага ҳеч нарса бермасдан туриб, на диний, на дунёвий билим бериб, на бир керакли касб-ҳунар ўргатиб (яъни шу ишларни қилмаган ҳолда), уни ривожлантирмай, кейин пул топиб келишини талаб қилиш ақлли иш эмас.

Шундай одамлар борки, ризқни Аллоҳдан эмас, боласидан кутади. Фарзандли бўлишдан мақсади битта: "мени боқади!".

Бу ақиданинг қанчалик аҳмоқоналиги ва нотўғрилиги бошқа масала. Лекин майли, шунга рози бўлдик ҳам дейлик. Фақат, бунинг учун ўз вақтида фарзандингизни ўқитдингизми, репетиторга бердингизми, ўқишга қизиқтириб, рағбатлантириб, яхшиликларга йўналтирдингизми, ўқишни битириб, яхшироқ ишга жойлашгунча сабр қилдингизми?!.. Шунингдек, унга меҳр бериб, ўзига бўлган ишончини кучайтириб, муваффақият пиллапояларида ҳеч нарсани ўйламасдан юксалиши учун ўз вақтида кичик муаммоларингиз ва дардларингизни ундан яширдингизми, сабр қила олдингизми, шахс сифатида ривожлантира олдингизми уни?.. Ота ёки она сифатида фарзандингиз учун оғзига овқат солиб қўйишдан бошқа бирор бир қаҳрамонлик қилдингизми?.. - деган саволлар пайдо бўлади.

Буларнинг биронтасини қилмасдан ишлаб пул топишини талаб қилиш ўтакетган мантиқсизлик ва парадоксдир.

Бу ҳолатда болага пул топиб кел, деб босим қилинаверса, у нима қилади, қачонки бирор жойга ишга қабул бўлиши учун етарли малакаси, дипломи, бирор устунлиги бўлмаса?..

Ахир, ҳозир замон ўзгаряпти, аввалги вақтлардагидек, бирор фабрика ёки заводга ҳар куни бориб вақт ўтказиб келса, бемалол оиласини боқа оладиган ҳолат йўқ. Ҳамма нарса қандайдир билим ва маҳорат талаб қиляпти.

Ҳозир қандайдир фирма, ташкилот ва ҳоказоларда ишлаб яхшироқ даромад қилиш, имтиёзларга эга бўлиши учун албатта билим керак, акс ҳолда қора ишчи бўлиб қолиб кетиш мумкин.

Бирор ишхона ёки ташкилотга иш учун ариза топширганда ҳам нималарни билиши, қаерда ўқигани ҳақида ёзма маълумот талаб қилинади. Кейин, суҳбатга чақирилганда ундан сўраладиган асосий савол: "қўлингиздан нима келади?" жумласи бўлади. Шунда фарзандингиз "фалон чет тилларини яхши биламан, тижорий шартномалар бўйича музокаралар ўтказа оламан, шунингдек, фалон соҳани биламан, пистон нарсада тажрибага эгаман" дея тегишли ташкилот ёки фирмага ўзининг керакли эканлигига ишонтира билиши керак.

Демак, пул топа олиш учун инсоннинг қандайдир фазилати, устунлиги, ўзига хослиги бўлиши лозим. Агар бу нарсалар бўлмаса, у жуда қийналади, фақат қўл меҳнати билан бажариладиган оғир ишларда, муайян касби йўқ ишчи сифатида ишлаши мумкин. Лекин, бу ишларда саломатлик кетиши билан бирга, яхши даромад бўлмайди ва ўсмайди инсон.

Хуллас, болага ҳеч нарса бермай, ривожлантирмай, ҳеч қандай қурбон беришга юрмай, сал каттароқ бўлиши билан "пул топ!" деб босим ўтказавериш, унинг ҳаётини барбод қилади. Нима қилиб бўлса ҳам пул топишим керак экан деб бола эгри йўлларга кириб қолади, ҳаром йўл билан пул топиб келишга уринади. Кейин бунинг оқибати фақат ачинарли бўлади, Аллоҳ асрасин. Ёки сиқилиб, депрессияга тушиб қолиши ёхуд турли ёмон иллатлар, масалан наркоманликка мубтало бўлиб қолиши ва умуман ҳаёти барбод бўлиши мумкин.

Буларнинг ҳаммасидан ташқари, бир инсоннинг шахс сифатида камол топиб, жамиятда ўз ўрнини топиши ва муқим бир даромадга эга бўладиган даражага чиқиши учун йиллар керак, вақт ва сабр керак. Бу бирпасда амал ошиб қоладиган жараён эмас. Ота-она ҳар доим шу нарсани эсдан чиқармаслиги лозим.

Ақлли ота-она фарзандга ризқ ва пул топиш воситаси сифатида қармайди, аксинча, фарзанднинг ўзини Аллоҳнинг буюк ризқи ва инъоми деб билади ва уни гўзал парваришлаб, чиройли тарбия бериб, ўқитиш ва ривожлантиришга ҳараат қилади. Чунки, шундай қилинса, фарзанди келажакда яхши ютуқларга эришади, ҳаёти бир умр машаққатда ўтмайди, карамли ва обрўли вазифаларни эгаллаб, фароғатда яшайди ва ота-онаси талаб қилмаса ҳам, ўз-ўзидан уларни эъзозлаб, албатта уларга яхшиликлар қилади. Ўз ақли билан ота-онасига уларнинг ёшликда қилганлари яхшиликларини қайтаради.

Энг яхши инвестиция фарзанд учун қилинган инвестициядир. Болангизнинг ўқиши учун бугун пул сарфлайсиз, инвестиция қиласиз ва эртага албатта унинг самарасини кўрасиз.

@ziyo_ashraf


Биринчи маънога кўра, осмонлар ва ундаги жисмларни тутиб турган "бизга кўринмайдиган устунлар" бор ва улар борлиқдаги ўзаро тортишиш кучидир.

Олимлар бутун олам ва ундаги сон-саноқсиз жисмлар, юлдузлар, планеталар, галактикалар ва галактикалар мажмуалари супергравитация, суперсимметрия, ўзаро тортишиш ва ўзаро бир-биридан итариш каби кўзга кўринмайдиган омиллар, кучлар ва қонунлар асосида шундай уйғунликда ҳаракатда давом этишини исботлаганлар.

Фаразан, агар Ер Қуёшнинг гравитация майдонидан чиқиб кетиб, очиқ фазо бўйлаб ҳаракатланиб кетадиган бўлса, уни яна Қуёш атрофига қайтариш учун миллионлаб тросларга муҳтож бўламиз. Маълумки, дунёдаги энг метин ва мустахкам трос бу эшилган пўлатдан ясалган трос ҳисобланади. Шундай қилиб, Ерни яна Қуёш атрофидаги ўз траекториясига қайтармоқчи бўлсак, диаметри беш метрли пўлат трослардан миллионларча балки, миллиардларча керак бўларди. Бундай троснинг биттаси икки миллион тонна юкни кўтара олади. Тасаввур қилинг, Ерни Қуёшга боғлаш учун шунча тросни Ерга экиб чиқдик, ўзимизни ҳамма нарасани тўсиб қўядиган, ҳаракатланиш, бинолар қуриш, йўллар ётқизиш ва бошқа нарсалар ҳалақит берадиган, ҳатто қуёш нурини ҳам тўсиб қўядиган баҳайбат арқонлардан иборат жуда катта ва қуюк ўрмон олдида кўрамиз. Ҳар бирининг диаметри беш метрдан иборат бўлган бундай арқонларнинг орасида фақат биттадан арқон сиғадиган жойгина қолган бўлади. (Булар энди арқон эмас, балки, жуда йўғон устун бўлади). Ҳа, кўз ўнгимизда ниҳоятда қуюк ўрмон вужудга келади. Бу битта Ер планетасининг ўзини Қуёш атрофида ушлаб туриш учун керак бўладиган малзама эди. Аллоҳнинг ҳикмати ва қудратини қарангки, бутун бошли коинотни Ўзи яратган гравитация қуввати ила ана шундай устунларсиз, тросларсиз кўтариб, юрғазиб, ҳаракатлантириб қўйди.

Инсон шу пайтгача илм-фан соҳасида қандай ютуққа эришган бўлса, у фақат Аллоҳ яратган махлуқотларга назар солиб, улар борасида тафаккур юритиб, ва У яратган физик ва бошқа қонунларни кашф қилиб, шу даражага етиб келди, холос. Яъни, коинотдаги физик қонунларни инсон ихтиро қилмади, инсон яратмади, балки, инсон уларни илғаб бормоқда ва уларга ном бермоқда, холос.

Инсониятнинг илм-фан ва техника соҳасидаги барча ютуқлари ҳам Аллоҳ таоло унинг вужудига солиб қўйган илоҳий бир томизғи бўлмиш ақлу онгининг қуввати билан амалга ошмоқда. (Ҳолбуки, шу томизғини Аллоҳ инсонга бермаслиги ҳам мумкин эди ёки бошқа йиртқич ҳайвонларга ҳам бериб, ҳаётимизни дўзахга айлантириб қўйиши мумкин эди).

Лекин, маиший ҳаётдаги қулайликларни яратиш учун кифоя қилаётган ақл, физик қонунларни кўра билаётган ақл ўзича Холиқни топиб, Унинг исму сифатларини билиб, Унинг иродасини, бандаларидан хоҳлайдиган нарсаларни билиш учун кифоя қилмайди. Шу нуқтада у ақлни нақл билан тўлдириш ва уйғунлаштиришга муҳтож бўлади. Зеро, ваҳий бу нурдир. У инсон билан унинг Яратувчиси ўртасида воситачилик вазифасини ўтайди. Ушбу нур бўлмаса, инсон Раббисига бўлган йўлни тополмай қоронғуликларда адашиб қолади.

Тасаввур қилайликки, бир инсоннинг кўриш қобилияти бениҳоя кучли. Агар у қоп-қоронғу хонага кириб қолса, кўзи бирон нарсани кўра оладими?.. Шу вазиятда унинг кўзи ожиз кишидан бирор фарқи бўладими?.. Агар нур бўлмаса кўриш қуввати энг кучли бўлган кўзнинг қандай қиймати қолади?..

Кўз нарсалар билан ўзи орасида воситачилик қиладиган ёруғликсиз бирор қийматга эга бўлмаганидек, ақл ҳам ўз олдидаги йўлини ёритувчи ваҳийсиз ҳеч қандай қийматга эга эмас.

@ziyo_ashraf


Кўринмас устунлар

Ақлнинг чегараси бор. Албатта, ақл инсонга берилган буюк неъмат аммо, у инсон учун мутлақ билим, мутлақ ҳақиқат ва ҳидоятни кафолатламайди. Агар чиройли фойдаланилса, ақл инсонни ҳақиқат тарафга етаклаши, унинг қайси тарафда эканлигини кўрсатиши мумкин. Ундан уёғига эса нақлга мурожаат этиш, ваҳийга бўйсуниш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда инсон турли фикрлар, маълумотлар ва бошқа минглаб омиллар қоришуви натижасида чалкашиб, тўғри йўлдан чалғиб кетади. Яна, уни ҳидоятдан мосиво бўлишига ҳарис бўлган шайтон ва нафснинг ҳавоси ҳам адаштиришга, туғёнга кетказишга ва ўзига бино қўйдириб, ҳақдан такаббурлик ила юз буришга ундайди.

Оддий ҳақиқат, ақлнинг ўзи билан ҳамма нарса ҳал бўлганда оддий кундалик ҳаётимизда ҳам ҳеч қандай белгилар, ишоралар, тартиб ва қоидаларга ҳожат қолмасди.

Ақл ва нақл ўртасида уйғунлик бўлмас экан, улар киши онгида бир-бирини тўлдирмас экан, инсон адашади. Адашиш ҳам турли-туман даражада юз бериши мумкин. Қайсидир масалада адашмаса, бошқасида адашади ва ҳоказо. Буни бир мисол билан тушунтирамиз.

Тасаввур қилингки, маҳобатли университет олдига келдингиз. Унинг ҳашамат сочиб турган бинолари, боғлари, бино ичра ўзаро уйғунликда жойлашган хоналари, аудиториялари, лабораториялари, спорт заллари, ҳовузлари, энг охирги русумдаги доскалар билан жиҳозланган синф хоналари сизни лол қолдирди. Бу ҳолатдан ақлингиз ўзи учун ўнлаб ҳақиқатларни кашф этади, хулосалар ясайди.

Мазкур манзара асосида университет биноси ўта пухта лойиҳалаштирилгани, тажрибали дизайнерлар хизматидан фойдаланилгани, катта маблағ сарфлангани, шунингдек, университет идораси борлиги, улар ҳамма ишларни пухта ўйланган режа асосида юритишини хулоса қилиб оласиз. Аммо, шу бино ва манзаларнинг ўзидан ректор кимлиги, университетда аниқ нечта талаба ўқиши, қайси талаба иқтидорлию, қай бири иқтидорсиз эканлигини, устозларнинг исм-фамилияларини била оласизми?! Бу амри маҳол.

Бу биноларга назар солишингиз унинг ортида муҳандислар, усталар, ишчилар ва дизайнерлар борлигига сизни далолат қилади. Аммо, уларнинг номлари нима, сонлари нечта, неча йилда қуриб битказилган ва ҳоказо саволларга жавоб топиш учун университет ва унинг тарихи билан таништирадиган буклетга назар солишингиз ҳам керак бўлади.

Худди, шунга ўхшаб, борлиққа назар солган инсон ақли орқали, унинг албатта бир Холиқи, Яратувчиси борлигини ҳис эта олади. Аммо, Ўша яратувчининг ким эканлиги, қандай сифатларга эга эканлиги ва бандаларидан нимани ирода қилишини билиш учун нақл ва ваҳийга ҳам муҳтождир. Бу саволларга жавобни у ваҳийдан олади.

Инсон осмонларга назар солиб, ундаги уйғунлик, буюклик, улуғворлик, чексизлик, гўзаллик ва бошқа ақл бовар қилмас манзаралардан ҳайратга тушганда, ким бу нарсаларни бу қадар мўъжизавор шаклда яратган экан, ким осмон ва ундаги оғирлиги ақл олмайдиган даражадаги жисмларни кўтариб қўйган, ким бу қадар сон-саноқсиз галактикаларни яратиб, уларни бир тизимда, симметрияда, ва ўзаро тортишув ва гравитацияда бошқариб, айлантириб турибди, деган саволларга бурканганда унга жавоб бўлиб, Қуръоний оятлар келади:

اللَّهُ الَّذِي رَفَعَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا

"Аллоҳ шундай зотки, осмонларни сизлар кўрмайдиган устунлар билан кўтариб қўйган!" (Раъд сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримада илмий ҳақиқатлардан бири акс этган. У ҳам бўлса, кўзимизга худди ҳеч қандай устунсиз ва бир-бирини ушлаб тарадиган воситаларсиз яратилгандек туюладиган бу азим осмонлар ва ундаги жисмлар аслида уларни тутиб турадиган омиллардан холи эмас, фақат улар кўзимизга кўринмайди, холос.

Ояти кариманинг иккинчи маъноси бундай: "Аллоҳ шундай зотки, осмонларни кўриб турганингиздек, устунларсиз кўтариб қўйган".

Араб тили балоғатига кўра, мазкур ояти каримадан юқоридаги икки-хил маъно чиқиши мумкин. Бири, осмонлар ва Ернинг ва бошқа самовий жисмларнинг кўзимизга кўринмайдиган "устунлар" билан кўтариб қўйилганлиги бўлса, иккинчи маънога кўра кўриб турганимиздек, осмонлар ва Ер барча самовий жисмлар ҳеч қандай устунларсиз кўтариб қўйилганлиги.


Туркларда "разил бўлмасдан вазир бўлинмас" деган ҳикматли сўз бор. Яъни, тушмасдан юқорига чиқолмайсан. Ҳаёт йўлларида шубҳасиз, қоқиласан, йиқиласан, лекин, йўлда давом этаркансан албатта мақсадингга етасан.

Юсуф алайҳиссалом аввал қудуққа сўнгра, зиндонга ташландилар. Аммо, оқибатда Миср тахтига ўтирдилар.

Мусибатлар инсонни тоблайди. Аввалги ҳолатидан янада кучлироқ бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам хасталикда шифо бор, демишлар машойихлар. Ҳар тушишда бир чиқиш, ҳар зиллатда бир иззат бор.

Шундай экан ҳаёт сўқмоқларида йиқилсанг, асло умидсизликка тушма. Зеро, ҳар тушиш бир чиқишдан дарак. Етарки, ўрнингдан туриб йўлингда давом эт. Зеро, инсон сафарга буюрилгандир, зафарга эмас.

Синовлар аслида неъматдир. Аллоҳ синов берсаю банда гўзал сабр қилиб, Аллоҳдан енгиллик ва яхшилик умид этиб, йўлида давом этса албатта рўшноликка қовушади.

@ziyo_ashraf


Юсуф сураси ҳақида ўйлар

Қуръони карим сураларининг барчаси дилга маҳбуб, ҳар бирининг ўз ўрни, таъсири, ибрати ва ҳидояти мавжуд. Ҳозир сўз юритмоқчи бўлганим эса Юсуф сураси ҳақида.

Бу сурани ғариблик азобини тотган, ўз яқинларидан жафо кўрган, ҳаётида турли-туман синовларга дучор бўлиб, қадди букилган, чеҳрасига маҳзунлик сиймоси соя солган ҳар қандай инсон йиғламасдан ўқий олмаса керак.

Шу билан бирга бу сура аввал йиғлатиб, кейин шодлантиради, қалбга осойиш ва таскин беради.

Мазкур сурадан бошқа бирор-бир сура тўлиғича бир инсон қиссасига бағишланмаган.

Юсуф алайҳиссалом қиссасидан бошқа ҳеч қайси ҳаётий қиссани Аллоҳ таоло “аҳсану-л-қасас” яъни, қиссаларнинг энг гўзали деб атамаган.

Аллоҳ таоло бу улуғ сурани Ўз ҳабибига дунёдаги ҳимоячиси ва суянган тоғи бўлган амакисини йўқотган, бироз ўтиб эса умр йўлдоши, таянчи ва юпанчи бўлган энг суюкли завжаси Хадича (р.а.)дан ҳам жудо бўлиб мислсиз дард, алам ва ҳасрат гирдобида қолган ўша оғир дамларда нозил этди. Бежизга мазкур йил қайғу йили деб номланмаган эди.

Пировардида, Юсуф сураси Набиййимиз қалбларига малҳам бўлди, қайғуларини аритди ва руҳларига сабот ва матонат бахш этди.

Бу сура шунга ўргатадики, хаста шифо топади, узоқларга кетиб, дарбадар бўлган, оиласидан ғоиб бўлган кимса бир кун кайтиб келади, маҳзун кимса алалоқибат хурсанд бўлади, ғаму ташвишлар эса бир кунмас-бир кун барҳам топади.

Етарки, сабр қил, сабрни ўзингга соябон эт, у билан зийнатлан, Аллоҳнинг ёрдамини кутиб яша, умидингни узма, Раббингга ибодатда мустаҳкам бўл, дуою илтижода давом эт!..

Юсуф сураси ўзининг лисони ҳоли ила "ўз юртингдан узоқда бўлсанг ҳам,.. сени тергайдиган, изза қиладиган кимсалар қуршовидан омонда бўлсанг-да,.. гуноҳ қилма! Ахир, Аллоҳ кўриб турибди!", дейди.

Сура - шу тариқа - нафақат, мусибатларга қарши, балки, гуноҳлардан тийилишдаги сабрга ҳам ўргатади. Зеро, мусофирликда гуноҳ қилиш осонроқ бўлиб қолади.

Юсуф алайҳиссалом қул қилинган ҳолда Миср азизининг уйида яшар эдилар, Азиз (шаҳар ҳокими)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга ошиқи беқарор бўлиб қолган эди ва ҳар-турли хушомадлар, ҳийла-найранглар билан ўзининг шаҳвоний мақсадига етишга ҳаракат қиларди.

Одатда, инсон ўз юртидан узоқда бўлса, устига устак мамлук-қул бўлса, ундан ташқари мансабдор, бадавлат, зодагон ва ғоят гўзал ва мафтункор бўлган бекаси ўзини унга бағишлаб, зинога чорлаб турса, бу ҳолатни ўзи учун катта фурсат ва неъмат деб билади.

Бироқ, Юсуф алайҳиссалом бу ишга куч билан ундайдиган шунча сабаблар бисёр бўлса ҳам Аллоҳнинг марҳамати билан зинодан тийилдилар ва мазкур зодагон аёлнинг ғазабига йўлиқиб, зиндонда ётишни ҳаром муносабатлардан устун кўрдилар.

Қийинчиликдан сўнг енгилчилик келиши, қоронғуликнинг сўнги рўшнолик билан якун топиши анбиёлар ва солиҳ кимсалар учун илоҳий суннатдир. Яъқуб алайҳиссалом ўғли билан ўзининг ораси мағрибу машриқчалик узоқлашиб кетган бўлса-да, Худонинг берган куни айрилиқ тиғи қалбини тилкалаб турса-да, чиройли сабр қилди.

Бунинг оқибати эса дунёда гўзал мукофот бўлди ва ўғли билан узоқ йиллик айрилиқдан сўнг яна соғлигу офият ва бағри бутунликда дийдор кўришди. Охиратда эса уларни албатта бундан-да яхшироқ мукофотлар кутиб турибди.

Сура мусибатлардан қутулиш учун сабабларни ишга солиш кераклигини ҳам ўргатади. Ахир, Юсуф алайҳиссалом зиндондан озод қилинаётган ҳамроҳларига “мени хожанг ҳузурида зикр қил!” (42-оят), дер эканлар, подшоҳ у кишининг ишини қайта кўриб чиқиб, таҳқиқ қилиб, у кишининг айбсизликларидан хабардор бўлишини ва бунинг натижасида зиндондан озод этилишларини умид қилган эдилар.

Юсуф сураси Аллоҳнинг банда учун энг яхши ёрдамчи, энг яхши суянчиқ, энг яхши дўст ва меҳрибон эканлигини эслатади. У кимсасизлар кимсаси, ғариблар паноҳи, чорасизлар сиғноғи, ёлғизлар ҳамроҳи эканлигини ёдга солади.

У ҳеч қачон Ўзининг дўстларини қийинчилик пайтида ёлғизлатиб қўймайди.

Агар ғамлар қудуғига отилган экансиз, Юсуф сурасини ўқинг, шодликлар карвони келиб, сизни "қудуқдан" чиқариб олгай.


Бу ҳайъат ётиб ўқишдаги афзал булган услубдир. Ётиб намоз ўқишда яна бир ҳайъат борки, унда юзини қиблага қаратган ҳолда ёнбошлаб ётади. Аммо, биринчи зикр қилинган кўриниш афзал. Чунки, унда руку ва сужудлари ҳам қибла тарафга воқе бўлади.

Агар хаста шу ҳолатда бўлсаки, руку ва саждага боши ила имо қилиш ҳам имконсиз бўлса, кўзи ва қошлари билан имо қилмайди. Балки, тузалиш умиди бўлган муваққат ҳолат бўлса, намозларини тузалгунга қадар кечиктиради. Чунки, кўз ва қош ҳаракатлари имо ҳисобланмайди, балки, рамз ва ишора ҳисобланади.

Шу ҳолатдаги хастанинг ўқий олмаган намозлари бир кеча-кундуздан ошиб кетса, ундан қазоси ҳам соқит бўлади.

Ушбу масалада бироз ихтилоф мавжуд бўлиб, "ал-Ҳидоя" соҳиби Бурҳониддин Марғинонийга кўра у инсон ҳуши ўзида бўлгани туфайли ўқилмаган намозлари бир кеча ва кундуздан ошиб кетса ҳам қодир бўлганда қазосини ўқиш вожиб бўлади.

Аммо, кўплаб машойихлар, жумладан Қозихон, Фахрул Ислом Паздавий ҳамда шайхул ислом Хоҳар зода каби олимлар наздида бу масаладаги қавлларнинг тўғрироғи бир кеча кундуздан ошиб кетган намозларнинг қазоси соқит бўлишидир. "Шарҳул муня"да ҳам ушбу қавл қувватланган.

Агар киши бир кеча-кундуздан ортиқ муддат беҳуш бўлиб, ўқилмаган намозлари олтитага етса, ҳуши ўзига келгандан сўнг беҳушлигида ўтказиб юборган намозларини қазосини ўқиш соқит бўлади.

Бордию маст бўлиш учун қандайдир наркотик каби дориларни истеъмол қилгани туфайли ҳуши ўзида бўлмаса бундай инсондан беҳушлигидаги ўқилмаган намозлари соқит бўлмайди, гарчи бир кеча-кундуздан кўп муддат беҳуш ҳолда бўлган бўлса ҳам.


Бироқ, аввалги кўриниш яъни қиём ва рукуга қодир бўлса ҳам саждага қодирмаслиги туфайли ўтирган ҳолда намоз ўқиш ҳанафий мазҳабига кўра афзал ҳисобланади. Чунки, қиём ҳам руку ҳам, аслида сажда учун василадир. Чунки, сажда бу таъзим ва улуғлашнинг энг кучли кўриниши ҳисобланади. Қачонки, у соқит бўлса унинг воситаси ҳам соқит бўлади.

Шундай экан, гарчи қиём ва рукуда муаммоси бўлмаса ҳам тиззасидаги муаммо туфайли ёхуд бошқа бир хасталик туфайли (масалан саждага эгилса қон босими ошиб кетиши ва ҳоказо сабаблар билан) одатий кўринишда саждага қодир бўлмаган инсон ўтириб ўқиши жоиз ва ҳатто бу сурат туриб ўқишдан афзал ҳамдир. Аммо, ҳар иккала кўринишда ҳам намоз тўғри адо этилган бўлади.

Курсида намоз ўқиш ҳукми

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш фойдадан холи эмас. У ҳам бўлса курсида намоз ўқиш масаласи. Баъзи хасталиклар борки, одатий ҳолда ерда ўтириш ҳам машаққат туғдиради. Шу ҳолатда, тажрибали, мусулмон шифокор маълум муддат ёхуд доим стулда ўтириб ўқишга буюрса унга қулоқ солиш мақсадга мувофиқ.

Шунда бу инсон намозни курсида ўтирган ҳолда адо этиб, руку ва саждани имо-ишора билан амалга оширади. Имо билан руку ва сажда қилиш ҳолати эса юқорида баён қилинди. У ҳам бўлса, рукуга бироз эгилиш, саждада эса ундан сал кўпроқ эгилиш билан ҳосил бўлади. Ва бунда ўзини қийнаш шарт эмас.

Ёхуд юқорида айтилганидек, тик турган ҳолда намоз ўқиб, тик турган ҳолда руку қилиб, навбат саждага келганда стулга ўтирган ҳолда имо-ишора билан (яъни бироз эгилиб) сажда қилиши ҳам мумкин.

Юқоридаги каби хасталарга курсида ўтириб намоз ўқишнинг жоизлиги Аллоҳ таолонинг "Аллоҳ ҳеч бир жонга унинг тоқатидан ташқарида бўлган нарсани юкламайди" (Бақара сураси: 286-оят), деган сўзининг умумидан ҳам келиб чиқади.

Бошқа бир ояти каримада эса Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади "ва У (Аллоҳ) динда сизлар учун бирор ҳараж-танглик пайдо қилмаган" (Ҳаж сураси: 78-оят). Яъни, Аллоҳ таоло бу динда инсонларнинг тоқати етмайдиган, уларни машаққатга соладиган нарсаларни жорий қилмаган.

Бу эса бирор ҳолат машаққат туғдирса унда енгиллик пайдо бўлишига ҳам ишорадир. Шундай экан, кўплаб ояти карима ва ҳадиси шарифлар мазмунига таянган ҳолда барча уламолар ижмоъ қилган "المشقة تجلب التيسير" "машаққат енгиллик жалб қилади" ҳамда "إذا ضاق الأمر اتسع" "бирор ишда танглик юзага келса, албатта ўша ишда кенглик пайдо бўлади" қоидаларига биноан ҳам ерда ўтириб ўқиш машаққат туғдирган инсонларнинг курсида намоз ўқишлари жоизлиги келиб чиқади.

Боз устига, баъзи фиқҳий китобларимизда қиёмга қодир бўлмаган ва ўз ҳолича ҳам ўтира олмайдиган инсон бирор нарсага таянган ёки суянган ҳолда ўтириши мумкинлиги тилга олинади. Бу эса курсига ўтириш ҳолатини ҳам ўз ичига олади. Зеро, курсига ўтириш унга таяниш демакдир.

Ундан ташқари, мақоламизнинг бошида зикр қилганимиз Имрон Ибн Ҳусойн (разияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоят ҳам ва умуман бу диннинг енгиллик, олийжаноблик дини эканлиги ҳам баданидаги хасталик туфайли одатий ҳолда ўтириб намоз ўқишга қийналадиган инсоннинг курсида намоз ўқиши жоизлигига далолат қилади.

Туриб ҳам, ўтириб ҳам намоз ўқий олмайдиган инсон қандай намоз ўқийди?

Агар хаста ҳақиқатан ёки ҳукман ўтира олмаса (ҳақиқатан ўтира олмаслик ундаги қайсидир хасталик, аъзолар ишламаслиги ёхуд ўтирса қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши ва ҳоказолар сабаб ўтириш имконсизлиги. Ҳукман ўтира олмаслик эса шифокор маълум муддат ўтириш мумкин эмаслигини айтган бўлса) у ҳолда чалқанча ётиб ўқийди. Оёқларини қиблага қарата узатиб, курагини ерга қаратиб, ўзи тепага қараб ётган ҳолда намоз ўқийди.

Агар машаққат туғдирмаса, тиззаларини тикка қилиб олади. Зеро, қиблага оёқ узатиш макруҳдир. Аммо, бу кароҳат таҳримий эмас танзиҳийдир.

Боши остига ёстиқ ҳам қўйиши яхши ва мустаҳаб бўлади, токи руку ва сужудларга боши билан имо-ишора қилиши осонроқ бўлиши учун.

Шунингдек, боши остида баландроқ ёстиқ бўлса, унинг юзи ҳам қиблага юзланган бўлади.


Касал одам қандай намоз ўқийди?

Ислом дини енгиллик ва раҳмат динидир. Унинг енгилликларидан бири хаста инсонга имкониятига мувофиқ равишда намоз ўқиш жоизлигидир.

Имрон ибн Ҳусойн (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "менда бавосир (геморрой) хасталиги бор эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бу ҳақда сўрадим. У киши: "туриб ўқи. Агар туриб ўқий олмасанг ўтириб ўқи. Агар бунга ҳам қодир бўлмасанг ёнбошлаб (ўқи)", дедилар" (Бухорий ривояти: 1117-ҳадис).

Шунга кўра туриб ўқишдан зарарланадиган хаста намозни ўзига қулай шаклда (чўкка тушиб ёки чордона қуриб ёхуд оёқларини узатиб ва ҳоказо) ўтириб ўқийди, бироқ руку ва саждаларни амалга оширган ҳолда. Мисол учун рукуга бироз эгилади, бошини тиззаларига яқинлаштириб, агар бу ҳолат унга оғриқ бермаса. Кейин, рукудан бошини кўтариб, одатий сажда қилади, еттита аъзосини ерга текказиб.

Тик туриб ўқиганда жисмида қаттиқ оғриқ ҳосил бўлса, боши айланиб кетса ёхуд хасталиги зиёда бўлса бу ҳолат ҳам ўтириб ўқишга имкон беради.

Кишини тик турган ҳолда намоз ўқишдан ман қиладиган ҳолат намоздан олдин содир бўлган ёхуд намоз асносида рўй берган бўлиши ҳам мумкин. Муаммо ва хасталик намоздан аввал мавжуд бўлса ўтириб ўқиш жоизлиги тушунарли. Намоз ичида бу ҳолат юзага келса ҳам ўтириб ўқиш жоиз бўлади.

Агар ўз ҳолича туриб ўқишга қийналадиган инсон бирор нарсага таянган ҳолда масалан, ҳасса ёки девор ёхуд тоати вожиб бўлган шахслардан бирига суяниб оёқда тура олса ва бу ҳолат унинг соғлиғига зарар бермаса, шундай қилиши лозим бўлади.

Чунки, тўлиқ қиёмга қодир инсонга тўлиқ туриб ўқиш лозим бўларди. Худди шунингдек, нотўлиқ қиёмга қодир бўлганга ҳам қодир бўлган ҳолатда ва қодир бўлган муддатда қиёмда туриш лозим бўлади. Бунинг шарти фақат жисмоний қодирлик эмас, балки бу ҳолатда зарарланмаслик ҳамдир.

Зарарланиш эса тажрибали, мусулмон шифокорнинг тавсияси ва сўзи билан белгиланади.

Агар тажрибали шифокор айтсаки, "икки ойча намозни ўтириб ўқинг. Чунки, тик туриш фалон аъзоингизга зарар келтиради ёхуд тузалишини ортга суради" деган бўлса, унинг тавсиясига амал қилиш мақсадга мувофиқ.

Юқоридаги ҳолат эса ҳасса ёки деворга таяниб, ёхуд ўз аёли, фарзанди ёхуд ходимига таянган ҳолда қиём билан намоз ўқиганда танаси зарарланмаслик ҳолатига тегишлидир. Яъни, ҳеч қандай зарарсиз шу тартибда ўқий олса, у намозда ҳассага таяниб туриши, деворга суяниб туриши ёхуд аёли, ўғли ва ходими каби итоати вожиб бўлган шахслар ёрдамида, уларга таяниб қиёмда туриши лозим бўлади.

Шунингдек, қироат асносида тўлиқ туриб ўқий олмаса ҳам имкони етган муддат давомида тик туриб ўқиши лозим. Масалан, энг камида такбири таҳримани айтиб оладиган муддатгагина тура олса, такбири таҳримани тик турган ҳолда айтиб, кейин ўтириб олади. Яъни, қироат асносида қанча вақт тура олса ўшанча вақт қиёмда туриш лозим, ундан уёғи машаққат ва қийинчилик туғдирса ўтириб давом эттиради.

Агар уйида ўқиганда туриб ўқий олсаю масжидга юриб чиққанда беҳол бўлиб қолиб, туриб ўқишга қодир бўлмай қолса, ундай инсон ўз уйида лекин, тик туриб намоз ўқигани афзал.

Қиёмга қодир аммо саждага қодир бўлмаса нима қилади?

Хастанинг туриб намоз ўқишда муаммоси йўқ, аммо руку ва саждаларни одатдагидек бажара олмайди оёқларидаги иллат ёки бошқа сабаб ва хасталик туфайли ёки қиём ва рукуга қодир, фақат саждага қодир эмас, бундай инсон ўтириб намоз ўқийди ва руку ва сужудларни имо-ишора билан амалга оширади.

Яъни, ўтирган ҳолида рукуга бироз эгилади ва саждада эса рукудаги ҳолатидан салгина кўпроқ эгилади ва ҳоказо. Яъни бу ҳолатда пешонасини ерга текказиши ёки ўзини қийнаб ерга ёки тиззаларига яқинлаштириши шарт эмас, балки, саждадаги эгилиши рукудаги эгилишидан бироз кўпроқ бўлса кифоя.

Лекин, қиём ва рукуга қодир аммо саждага қодир бўлмаган инсон ҳамма каби тик турган ҳолда намозга бошлаб, ҳамма каби руку қилиши ва навбат саждага келганда эса ўтириб имо-ишора билан сажда қилиб яна қиёмга туриши ҳам жоиз.

Показано 20 последних публикаций.