#Сўраган_эдингиз
30 соат дарсни 3 кунга қўйдириб, қолган уч кун дам олсам бўладими?
#Савол
Бир кунда неча соат дарс ўтишим мумкин. Масалан, 30 соат дарсни 3 кунга қуйиб 3 кун дам олсам буладими? Бу ноқонуний бўлиб қолмайдими? Бир ҳамкасбимизга "завучимиз" шунақа имконият қилиб берди. 30 соат дарсни 3 кунда ўтиб кетадида, 3 кун дам олади. Чунки мактабимиз икки сменали.
#Жавоб
Ўқитувчининг иш вақти унинг иш юкламасидан келиб чиқиб аниқланади. Бир ставка миқдорда (юқори синфларда 20, бошланғич синфларда 18 соат) ишлайдиган ўқитувчи Меҳнат кодексининг 184-моддасига кўра, ҳафтасига 36 соат, кунига 6 соатдан ишлаши керак бўлади.
Эътибор беринг, педагог ходим дарс ўтиш билан бирга унга қўшимча равишда педагогик юкламани ҳам бажариши керак бўлади.
Чунки, "Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисида"ги йўриқномада аниқ қоидалар белгилаб берилган.
Унга кўра, педагог ходимининг йиллик иш юкламаси (бир ставка ҳисобида) бир ҳафтада 36 соат, бир ойда 154,8 соат, бир йилда 1548 соат миқдорида ўқув-тарбия жараёни ҳамда ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараён қисмлардан иборат бўлган ҳолда амалга оширилади.
Мисол учун, бир ставка ишловчи юқори синф ўқитувчиси йилига 868 соат дарс ўтади, 680 соат педагогик юкламасида белгилаб берилган вазифаларни бажаради. (20*0,8=16+20=36*4,3(ҳафта)=154,8*43 (ҳафта)=1548 соат)
Табиийки, бунда 30 соат дарс ўтадиган ўқитувчинг педагогик юкламаси янада кўпроқни ташкил этади. Ҳисоб-китоблар бўйича айтадиган бўлсак, бир ставкада ишловчи ўқитувчига кунига 3 соатдан дарс қўйилган тақдирда, у педагогик юкламаси билан бирга яна 3 соатга яқин ишлашига тўғри келмоқда.
Яъни, бир ставкада ишлаётган ходимга ҳам ҳафтада атиги бир кунни бўш қолдириш имконияти мавжуд холос аслида. 1.5 ставкада ишлайдиган ходимга эса 3 кунни бўшатиб беришнинг эса умуман имкони йўқ.
30 соат дарс олган ўқитувчи ўзи шундоқ ҳам педагогик юкламаси билан бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳафтасига 6 кун ишлаганда бир кунда 9 соатдан ишлашига тўғри келиб қолади. (30*0,8=24+30=54; 54:6=9)
Агар 30 дарс 3 кунга қўйиб бериладиган бўлинса, ўқитувчи 18 соат ишлашига тўғри келади. (54:3=18) Бу эса қонунан хам, жисмонан хам, виждонан хам тўғри келмайди.
Агар қайсидир таълим муассасасида 30 соат дарс 3 кунга қўйиб берилган бўлса, унда қонун бузилиши рўй берган. Агар бу ҳолат тегишли давлат идоралари томонидан аниқланса, мактаб маъмуриятига нисбатан жавобгарлик белгиланиши аниқ.
📨Исталган мавзуда савол юбориш учун:
👉
@yuridikxizmatmurojaat👈
@yuristmaslahatlarii