Бугун Республикамизда соҳалар кесимида коррупциянинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилиб, бу муҳим масаланинг қонуний асослари такомиллаштирилмоқда. Адолатни таъминлайдиган суд тизимида ҳам мазкур йўналиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.Жумладан, Олий суд раисининг 2024 йил 27 декабрдаги “Судларда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилиниб, у билан судларда коррупцияга қарши курашиш тизимини тартибга солувчи 8 та ички идоравий ҳужжат тасдиқланди.
Хоразм вилоят судида мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини судья ва суд ходимларига батафсил тушунтириш учун вилоят суди ва вилоят маъмурий судларининг барча судья ҳамда ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Семинарни вилоят суди раиси Ш.Камолов очиб бериб, одамлар адолат излаб келадиган масканда коррупцияга ўрин йўқлигини ҳамда суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, ички одоб-ахлоқ қоидаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигига тўхталиб ўтди.
Ҳақиқатдан бугун барча соҳаларда коррупциянинг олдини олиш энг устувор вазифалардан саналади. Бугунги кунда ҳам ҳалоллик ва поклик масаласига ҳаётимизнинг яхшиланиши ва инсонийлигимизнинг мезони сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда, турли иллатлардан холи, фаровон, одил жамиятни қуришда энг муҳим “ричаг” – ҳар биримиз ўзимизни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашимиз кераклигини таъкидлаган.
Шу сабабли семинар кун тартибига Олий суднинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ва вилоят судлари томонидан тасдиқланган ички меҳнат тартиби қоидаларини қатнашчиларга етказиш каби долзарб масалалар киритилди. Судьялар ўз маърузаларида юқоридаги мавзулар ҳақида тўлиқ маълумот беришди.
Мулоқотларда иштирокчилар ишни фақат Конституция ва қонунларга бўйсунган ҳолда амалга ошириш, судьялик қасамёди ва касбий одоб-ахлоққа содиқ бўлган ҳолда жамиятда адолатни қарор топтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда фаол бўлишга чақирилди.
Каналга уланиш: @Xorazmviloyatisudlari