ТАРИХ НАТИЖАЛАРНИ ЁЗАДИ!
Бу тушкунлик умматнинг биринчи тушкунлиги эмас.
Бошимиздан шунақанги кунлар ўтдики, ўшанда бир мўғул аскари боболаримиздан биридан ғазабланганида унга: "Мени кутиб тур, қиличимни олиб келиб сени ўлдираман!", деганида бобомиз ўша ерда қотиб қолган. Қочиб кетса мўғуллар унинг оиласи билан топиб қириб ташлаган...
Аммо бу сафар оғриғимиз кўпроқ. Чунки бугун биз бу тушкунликни яшамоқдамиз. Олдинги боболаримиз ҳақида эса фақат ўқиганмиз холос...
Кейинроқ биз яшаб ўтган даврни тарих ўлароқ ёзишади. Кейинги авлодимиз бизнинг ўтар жойимиз бўлмаганини, биз фақат дарвозабон бўлганимизни ўқишади. Ғазо аҳли очликдан, совуқдан ҳалок бўлганини, душман бизга уларга овқат, чодир олиб киришга рухсат бермаганини, биз душманнинг фармони остида яшаганимизни ўқишади...
Бизнинг тарихимиз бўлмиш бугунги қора саҳифаларда қайсидир тарихчи биз ҳақимизда ёзади:
"Улар ҳатто ўз дўконлари номини ҳам ҳимоя қилишдан ҳам ожиз бўлишган!".
Келажакда келадиган қайсидир тарихчи ҳали биз ҳақимизда шундай ёзади:
"Аллоҳ уларни мағфират қилсин! Душман уларнинг пойтахтини қулатса, бирор шаҳарини эгалласа, бутун бир шаҳар аҳлини сўйса жуда ҳам қаттиқ ачинишар, норози бўлишар эди!".
Ўша пайтда қайси бир журналист бизни шарманда қилиш учун шундай ёзади:
"Уларда "Араб давлатлари лигаси" номли ташкилот бор эди. Унинг вазифаси нима эканлигини ҳеч ким билмас эди. Бу ташкилотнинг кўз ўнгида Ғазо сўйилди. Аммо улар олдинги маишатида давом этаверди!".
Тарихнинг порлоқ саҳифаларида қайсидир тарихчи ҳали Ғазодаги Қассом бўлинмалари октябрнинг еттинчисида сионистларга Ҳайбардан то бугунгача ҳеч ким кўрсатмаган хорликни кўрсатганини қайд қилиб қўяди. Ғазо улар орасида худди ака-укалари орасидаги ёлғиз айби гўзаллик бўлмиш Юсуф алайҳис салом каби бўлганлигини ёзади.
Ўзни лаънатлаб ўтиришни ёқтирмайман. Чуқурга тушиб кетган киши чуқурни лаънатлаб ўтирганидан кўра ундан чиқишга уриниши матлубдир. Шу билан бирга ўлимга шакар сепишни ҳам хушламайман. Кишининг ҳеч нарса қилмасдан натижани кутиши хомхаёлдир. Муаммони кўрмайдиган, унга тўғри ташхис қўймайдиган, унга ечим топмайдиган киши натижадан азоб чекаверади.
Тўғрисини айтганда бу уммат бугун қонли тўлғоқни бошидан кечирмоқда. Бундан сўнг иншааллоҳ Аллоҳнинг изни билан янги туғилиш содир бўлади. Мўғул босқинидан сўнг шундай бўлган эди.
Бугун бизнинг онгимиз очилмоқда, душманни таниб бормоқдамиз, динимизни қаттиқ тутаяпмиз, бақадри имкон амал қилаяпмиз. Аммо булар бизга тарих фақат натижаларни ёзишини унуттириши керак эмас!
https://t.me/Abdulqodir_Polvonov