Ўзбекистон банклари учун коллекторлик тизимини жорий этиш вақти келмадими?Ҳозирги кунда Ўзбекистон банк секторида
муаммоли кредитлар сони
ошиб бормоқда. Бу эса банк ходимларининг асосий вазифаларидан чалғишига, ресурслар самарадорлигининг пасайишига ва кредит бериш жараёнининг секинлашишига сабаб бўлмоқда.
Дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида банклар ўз мижозлари билан муносабатларини сақлаб қолиш ва фаолиятларини самарали давом эттириш мақсадида
муаммоли қарзларни коллекторлик агентликларига топширишни амалга оширмоқда. Бу тизим
Россия, АҚШ, Европа ва бошқа давлатларда банкларни муаммоли кредитлардан халос этиш ҳамда активларини "тоза" сақлаш учун самарали ечим сифатида қўлланилади.
❓
Коллекторлар ким? Улар қандай ишлайди?▪️Коллекторлар – банклардан
муаммоли кредитларни сотиб оладиган ёки банклар таъсисчилигида ташкил этиладиган агентликлар. Уларнинг асосий вазифаси қарздорликни
банк ўрнига ундиришдир. Коллекторлар банклардан фарқли равишда фақат қарз ундириш соҳасига ихтисослашган бўлиб, бу борада самарали усуллар ва махсус технологиялардан фойдаланади. Коллекторлик агентликлари
банклардан қарздорликни сотиб олади ёки
банк билан шартнома асосида қарзларни ундириш бўйича ишлайди. Улар қарздорлар билан ишлашда турли механизмлардан фойдаланади:
▪️
Мулоқот орқали қарздор билан келишиш – қарзни қисман бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатни узайтириш, тўлов режасини ўзгартириш.
▪️
Қарздор билан музокаралар олиб бориш – қонун доирасида келишувга эришиш ва тарафлар учун энг мақбул ечимни таклиф қилиш.
▪️
Судга мурожаат қилиш – агар қарздорлик ихтиёрий равишда ундирилмаса, суд орқали ундириш жараёни бошланади.
Коллекторлар банк ходимларига қараганда бу жараённи профессионал тарзда олиб боради, чунки уларнинг асосий вазифаси шу.❓
Коллекторлик тизимини жорий этиш нима учун муҳим?▪️
Банклар ходимлари асосий вазифаларига эътибор қарата олади – банкирлар қарз ундириш билан эмас, балки
мижозларга қулай молиявий хизматлар таклиф қилиш, инновацион ечимлар яратиш ва бизнесни ривожлантириш билан шуғулланиши керак.
▪️
Муаммоли кредитларни банк балансидан чиқариш – бу банкларнинг молиявий ҳолатини соғломлаштиришга ва
ликвидликни оширишга ёрдам беради.
▪️
Кредит тизимининг ривожланиши – агар банклар муаммоли кредитлар билан узоқ муддат шуғулланишга мажбур бўлса,
янги кредит бериш имконияти чекланади. Коллекторлар эса банкдан қарзларни сотиб олиб, ундириш билан шуғулланади.
▪️
Банкир ва мижоз ўртасида муносабатлар яхшиланади – банк ходимлари қарздорлик ундириш жараёнига тўғридан-тўғри аралашмаса,
мижозлар билан муносабатлар юмшоқроқ ва ишончлироқ бўлади.
🔞
Банкирлар кўчада қарз ундирмаслиги керак! Яқинда ижтимоий тармоқларда
"Давр банк" ходимларининг қарзи бор мижозларга қилган муомаласи акс этган икки видеолар тарқалди. Видеоларда банк ходимлари мижозлар билан ўта ноқулай ҳолатларда муомала қилгани акс этган.
Бундай вазиятларнинг олдини олиш учун
банк ходимлари эмас, балки махсус коллекторлик агентликлари бу иш билан шуғулланиши лозим. Агар банклар муаммоли кредитларни коллекторларга топширса, банкирлар ўз ишига – молиявий хизматларни ривожлантириш ва мижозларга қулай ечимлар яратишга эътибор қаратиши мумкин бўлади.
☑️
Хулоса қилиб айтганда, муаммоли кредитларни самарали бошқариш ва банклар фаолиятини оптималлаштириш мақсадида
Ўзбекистонда коллекторлик тизимини қонунчилик асосида йўлга қўйиш лозим. Бу банкларнинг ресурсларини тежаш, кредит тизимининг барқарорлигини ошириш ва банкирларнинг хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш имконини беради. Шундагина, банк ходимлари кредит ундириш билан овора бўлмасдан, ўз устида ишлаб, мижозларга қулай хизматлар яратади.
👍Каналга уланиш👉🏻 @Bankxabar