Набаъ сураси тўртта мавзуга эътибор қаратган:
Биринчи, суранинг аввалидан то қуйидаги оятгача коинот ва инсониятнинг васфи баён этилган:
"Яна Биз сиқиб чиқарувчи (булут)лардан дув-дув сув (ёмғир) ёғдирдик. Токи, у сабабли дон ва наботот (ундириб) чиқарурмиз. Шунингдек, қалин (сердарахт) боғларни ҳам" (14-16-оятлар).
Иккинчи, ҳисоб-китоб куни ҳақида қисқача таъриф келтирилган:
"Албатта, Ажрим куни (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақтдир. У кунда Сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсиз" (17–18-оятлар).
Қуръони каримда қиёмат ҳақида кўп зикр қилинишининг сабаби – одамлардаги дунё ҳаётига бўлган кучли муҳаббатни бир қадар сўндириш учундир.
Учинчи, жиноятчилар учун тайёрлаб қўйилган азоб тасвирланган:
"Албатта, жаҳаннам (тушувчиларни) кутувчи, ҳаддан ошганларнинг борадиган жойидир. (Улар) у жойда узоқ замонлар (абадул-абад) қолувчидирлар" (21–23-оятлар).
Тўртинчи, солиҳ мўминлар учун тайёрланган неъматлар баён қилинган:
"Албатта, тақводорлар учун (жаннатда катта) нажот (ва неъматлар) бордир. Яъни боғлар ва узумлар, (ёш ва ҳуснда) тенгқур, бўлиқ сийнали (ҳур қиз)лар" (31–33-оятлар).
Албатта, маънавий мукофот ҳақдир. Жаннатда мўминларнинг юзлари порлаб, фаришталар билан бирга Аллоҳга ҳамд этиб, Уни улуғлаб зикр қилиб турадилар. Уларнинг бу шодлигини янада мукаммал қиладиган нарса – гуллаб-яшнаган боғлар ва ёқимли суҳбатдошлардир.
Шундай гўзал манзаралар баёнидан сўнг, ақл эгаларига қилинадиган хитоб шуки:
"Бу ҳақ (ва рост) кундир. Бас, ким хоҳласа, Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутсин" (39-оят)
Тақво билан тайёргарлик кўрган киши нажот топади, ғофил яшаб, Роббисига ҳеч бир эзгу амалсиз йўл олган киши эса афсус чекиб қолади:
"Дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўради ва кофир кимса: «Эҳ, кошки, тупроқ бўлсам!» – дейди (40-оят).
https://t.me/tuhur