Лоҳутий
Оғир-оғир, жуда ҳам оғир
Ўз уйингда хўрланиб яшаш.
Бировларга бермайсан-у сир,
Кўнгил қурғур бўлар доим ғаш.
Бир бурчакда мушукдай мудраб,
Ноҳақликдан белинг букилиб
Ётсанг. Ёки тунингни судраб
Йўлга чиқсанг, руҳинг тўкилиб.
Нима гап, деб сўрмаса хотин,
Ҳайкал каби индамай турса.
Оғаларинг ўйлаб роҳатин,
Ўз дарди-ла ўзлари юрса...
Бор овоз-ла шунда сўкиниб
Олгинг келар кўнглинг бўшатиб.
Ё қайгадир аста бекиниб,
Юрагингни олгинг юмшатиб.
Оғир-оғир, жуда ҳам оғир
Ўз юртингда хўрланиб яшаш.
Руҳинг бўлар доимо сағир,
Умринг бўлса тилингни чайнаш.
Харсанг каби чўкиб ётади
Юрагингга бир армонли тош.
Уни қандай юлиб отасан,
Бел букилиб, эгилганда бош...
Тилак Жўра 1987
https://t.me/tilakjura1947