Самарқандда 8-синф ўқувчиси ўғирлаб кетилган ва бир неча кун давомида бир гуруҳ шахслар томонидан
зўрланган.Бу ҳақида “
Kun.uz” “
Nemolchi.uz”га таяниб маълумот бермоқда.
Бировнинг не ҳасратда ўстираётган гулдек фарзандини, вояга етмаган болани шунча қийнаб, азоблаган ваҳшийлар орамизда юрганини ўйлаш ўзи даҳшат!
Лекин қани энди даҳшатлар шу билан тугаса…
“
Kun.uz” хабаридан иқтибос:
“Сукут сақлама” лойиҳаси тегишли идоралар бу ишга “қанчалик беписандлик билан” ёндашганидан хавотир билдирган, бу хавотирга жабрланувчининг яқинлари билдирган қуйидаги даъволарни асос сифатида келтирган:
• 7 ноябр куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун экспертиза 10 ноябр куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Аммо қонида алкогол ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.
• Қизнинг қариндошлари прокуратурага боришганида, ташқарида уларни психиатрик бригада кутиб турган, уларни участка нозири чақирган бўлган. Ваҳоланки, қизга психиатрик эмас, психологик ёрдам керак бўлган.
• Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмаган. Лекин қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онаси жаримага тортилган. Кўп болали оилага (5 нафар фарзанди бор) 1,2 млн сўм миқдорда жарима солинган. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқиб турибди, негаки бўлган воқеадан ҳамма хабардор.
• Иш одам ўғирлаш, унинг эркига қарши зўрлик ишлатиб уни ушлаб туриш, қийноққа солиш моддаларисиз, фақат 119-модда билан очилган.
• Оилани ҳеч ким “Инсон” ижтимоий ҳимоя марказига йўналтирмаган.
Nemolchi.uz. қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босим ўтказилаётганини ҳам ёзган”
Бу ишлар ўлганнинг устига чиқиб тепиш эмасми? Кўп марта айтилди бу жараёнларни ўзгартириш лозимлигини, лекин аҳвол ўша-ўша.
Зўрлашлар нимага содир бўлаверади?
Қанча фильмларга сюжетлар бўлган воқеалар бор. Бекорга қизлар жонига қасд қиладими? Бу зўравонлик қурбонларига фақат жамият босими сабабли эмас, адолат қарор топиб зўравон жазоланишига имкон камлиги ва буни қурбонлар амалда кўргани учун ҳам содир бўлади.
Зўрлаш қурбони бўлган шахс адолат истайди, у қарор топса, жамият босими ҳам, муносабати ҳам бирмунча юмшайди. Агар зўравонлар жазоланмаса, қурбонга баттар қийин бўлади, босим каррасига ортади.
Жазо муқаррар эмаслиги жиноятни рағбатлантиради, зўравонга хайрихоҳлик жазо муқаррарлигини йўққа чиқаради ва ҳалқа ёпилади.
Бизда зўравонлик қурбони бўлган шахслар жуда заиф ҳимояланган. Уларга кўпинча потенциал туҳматчидек қаралади, югуртириб овора қилинади, тез қилиниши керак бўлган ишлар чўзилади, хуллас қурбон футбол тўпидек тепилиши мумкин.
Зўрлашлар эса бўляпти. Исботланиши — бошқа масала, чалкаш масала. Исботлагунча қурбон шўрлик неча марта “ўлади”. Афсуски, бу муаммо устида ва аҳволни ўрганиб, ўзгартириш устида бирор иш қилинаётганини ҳам билмаймиз.
Ҳозир айрим партиялар нореал хавфлар билан курашиб қонунчиликка таклифлар бераётганини эшитяпмиз. Агар қадриятлар ҳимоячиси бўлсалар, улардан қиз-аёларимизнинг ор-номусини ҳимоя қиладиган қонунчиликка таклифлар кутиб қоламиз. Масалан, зўравонлик қурбони бўлган болалар ва қиз-аёлларни ҳимоя қилувчи, зўравонлик ҳақида хабар берган қурбонларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилувчи таклифларни.
@shahnozxon