МАВҚЕ ТУҲФА ҚИЛИНМАЙДИ, УНГА ЭРИШИЛАДИБугун ижтимоий тармоқларда бир видео кенг тарқалмоқда. Унда ўқувчининг онаси дарсга бостириб кириб, ўқитувчини урмоқда. Жуда ҳунук, оқлаб бўлмайдиган ҳолат.
Мана шу видеони кўрганларнинг аксарияти жамиятда ўқитувчининг мавқеини кўтариш керак, деган фикрларни билдиряпти. Фикр тўғри! Бироқ бунга қандай қилиб эришиш ҳақида биронта гап йўқ. Қандай қилиб ўқитувчининг мавқеини кўтармоқчисан, деган саволга ҳеч кимда жавоб йўқ.
Нима демоқчиман? Мамлакатда қонунчилик бор. Меҳнат қилиш учун барча шароитлар бор. Унда нега айнан ўқитувчиларга келганда, кўпчилигимиз уларга етарли эътибор қаратилмаяпти, деган гапларни гапирамиз. Тўғри, улар миллат тарбиячиларидир, ҳар қандай эҳтиромга лойиқ. Лекин...
Лекин бировнинг эътиборини, ҳурматини кутиб ўтириш тўғрими? Қачонгача бировларнинг сизларга ачинишини ҳазм қилиб юраверасизлар?
Хўш, сиз ўқитувчининг мавқеини кўтариш, деганда, нимани тушунасиз ўзи? Ойлик маошини кўтаришними? Илмли ўқитувчи бугунги кунда яхшигина маош оляпти, тан олинглар!
Хўп, ойликни, дейлик, 2000-3000 доллар қилиб қўйдик. Шу билан ўқитувчининг мавқеи кўтарилиб қоладими? Таълим сифати ўзгарадими? Бояги каби тарбиясиз ота-она мактабга келиб, ўқитувчини уриш ҳолати йўқоладими?
Ҳар йили мактабларда бир машмаша юз беради – ўқитувчилар ўртасида дарс соати талашиш. Энди тасаввур қилинг, ойлиги 2000-3000 доллар бўлган жойга қанақа тўполон бўлишини. Бунинг устига коррупция янада ривожланади. Ўқитувчини бўшатиб, ўрнига бошқасини ишга олиш ҳолатлари кучаяди. Жанжаллар авж олса-оладики, асло камаймайди.
Бу билан ўқитувчининг ойлигини кўтармаслик керак, демоқчимасмиз. Албатта, кўтариш керак. Лекин бу билан ўқитувчининг мавқеи кўтарилиб қолмайди.
Мавқе биров томонидан тақдим этиладиган матоҳ эмас. Уни бошқалардан кутиш аҳмоқликдир. Унга эришилади, машаққатли меҳнат ва илм ортидан.
Ўртага яна бир қизиқ савол чиқади. Хўп, ўқитувчининг ойлиги кам экан, қилаётган меҳнатига арзимас экан, нега ўша ўқитувчи ишини ташлаб, бошқа иш топа қолмайди? Чунки бошқа ишда ишлай олмаслигини ўзи ҳам билади.
Илмли ўқитувчи ҳеч қаерда хор бўлмаган, бўлмайдиям.
Бояги она ўқитувчини ураётганини ким видеога олган? Албатта, синфдаги ўқувчи олган. Демак, дарс вақтида бемалол телефон ишлатишга шароит яратилган. Бу эса ўқитувчини ҳурмат қилмасликдан далолат.
Ҳурматли устозлар, яна бир марта айтаман. Ҳаётда ҳеч бўлмаса бир марта ўз ҳуқуқларингиз учун ўзингиз курашишни ўрганингизлар. Қачонгача бировдан ҳимоя сўраб, мурувват кутиб, ҳурмат сўраб, мавқе талаб қилиб ўтиб кетасизлар? Ўз ҳуқуқингизни билмас ва талаб қилмас экансиз, бошқалар бемалол ҳуқуқингизни поймол қилаверишади. Ва тўғри қилишади. Ўз ҳуқуқини ҳимоя қилолмайдиган ўқитувчи тарбия бераётган ўқувчилар, оқибатда, келажакда илмсиз бўлиб вояга етади, ишонаверинг!
Тилим аччиқ. Лекин борини гапираман, ёқмаса ҳам.
Хуллас, илм олинг, илм беринг, меҳнат қилинг! Ана шунда мавқеингиз ўз-ўзидан ортади.
https://t.me/qoraxitoyliklar