Наманган вилоятида туризм салоҳиятини янада яхшилаш мақсадида бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.Жумладан, Чортоқ, Косонсой, Чуст, Поп ва Янгиқўрғон туманларида аҳоли ва сайёҳлар учун барча қулайликларга эга туризм масканларини ташкил этиш бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ғофуржон Жамолов раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуритдинов, Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев ҳамда Чортоқ тумани ҳокими Илхомжон Саттаров, шунингдек тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилишда Косонсой тумани “Олмазор” массивида, Янгиқўрғон тумани “Қайроқи” МФЙ ҳудудида, Чортоқ тумани Чортоқсой қирғоқ бўйи ҳудудида, Чуст тумани Резаксой сув омбори ҳудудида ҳамда Поп тумани Чодак ҳудудида амалга ошириладиган туризм йўналишидаги мастер режалар муҳокама қилинди. Шу билан биргаликда мазкур туманларда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ишга туширилаётган лойиҳаларга ўхшаш аҳоли дам олиш масканлари ва туристик мажмуаларни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Шу билан биргаликда Чортоқ туманида 10 та санаторий ва меҳмонхоналар қуриш бўйича Россия ва Хитойлик инвесторларни жалб қилиш ишлари муҳокама қилиниб, тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, юқоридаги туманларнинг ҳар бирига камида 50 млн.доллардан инвестицияларни жалб қилиш "пакети"ни шакллантириб, тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида 24/7 туризм кўчаси ҳамда вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1 тадан гастро ва хизмат кўрсатиш кўчалари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Ушбу лойиҳалар Наманган вилоятида туризмни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.Sayt |
Telegram |
Instagram |
Facebook |
Twitter |
YouTube