#Бунёдкорлик
⚡️⚡️⚡️
Истиқбол маҳалла биноси фойдаланишга топширилдиХабарингиз бўлса, Истиқбол маҳалла идорасининг мослаштирилган биноси йўқ эди. Анча йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган бу масала ҳал бўлди. Маҳалла идораси учун маъқулланган лойиҳа асосида замонавий бино қурилди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркор Иброҳим Собитов қурган бино 2 қаватли бўлиб, унинг 1 қаватида хорижий тилларни ўқитиш бўйича тил маркази фаолият кўрсатилиши режалаштирилган. Мазкур бунёдкорлик ишларига 1 млрд. 500 миллион сўм маблағ сарфланди.
Бугун ушбу маҳалла биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда тегишли ташкилот раҳбарлари, маҳалла идоралари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар ҳудуд аҳолисини ушбу замонавий маҳалла биносининг фойдаланишга топширилаётгани билан табриклади.
Очилиш маросимида кейинги йилларда маҳалла тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар аҳоли оғирини енгил қилиш, муаммоларини тизимли ҳал этиш борасидаги ишларни самарали кечишида муҳим аҳамият касб этаётгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, замонавий компьютерлар ва мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъмирланган ушбу маҳалла биноси 4 минг 270 нафар аҳолига хизмат кўрсатади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳалла идорасининг очилиш маросими муносабати билан Паркент спорт мактаби тарбияланувчилари ҳамда маҳалла ёшлари ўртасида югуриш, стол тенниси, тош кўтариш каби мусобақалари ҳам ўтказилди.
👉
@PARKENT_TONGI