#kun_oyati
٩٣. لَيْسَ عَلَى ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّٰلِحَٰتِ جُنَاحٌ فِيمَا طَعِمُوٓا۟ إِذَا مَا ٱتَّقَوا۟ وَّءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّٰلِحَٰتِ ثُمَّ ٱتَّقَوا۟ وَّءَامَنُوا۟ ثُمَّ ٱتَّقَوا۟ وَّأَحْسَنُوا۟ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلْمُحْسِنِينَ
93. Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир. Зотан, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни севадир.Moида сураси, 93-оят.Ушбу жавобдан Аллоҳнинг ҳукми келмасдан аввал қилинган ишларда жавобгарлик йўқ эканини тушунамиз, яъни хамрнинг ҳаромлигини эълон қилувчи оят ҳижратнинг учинчи йилида нозил бўлган бўлса, унгача Исломда хамр ҳаром бўлмаган. Ўша лаҳзагача уни ичган одам ҳаром нарсани ичган бўлмайди. Бу хусусда ҳисоб-китоб ҳам қилинмайди. Унга гуноҳ ҳам бўлмайди. Ўлиб кетган бўлса, сўроқ-савол ҳам қилинмайди.
Шу билан бирга, ояти каримада бундай ишларда иймон ва тақво асосий аҳамият касб этишига алоҳида эътибор бериляпти. Диққат билан қаралса, қисқа бир оятда «иймон» ва «тақво» сўзлари уч мартадан такрорланяпти.
Аввало, бу ҳукм «иймон келтирганлар учун»лиги айтилмоқда. Албатта, емак-ичмагининг ҳалол бўлишини фақат иймонлилар – мусулмонлар суриштирадилар. Улардан бошқаларга нима еб-ичаётганларининг фарқи йўқ. Ҳалолми-ҳаромми, суриштириб ўтирмайдилар. Энг муҳими, есалар-ичсалар бўлди. Бу масалада улар чорва ҳайвонлари кабидирларки, буни ўзлари ҳам яхши билишади.
Кейин:
«агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар», дейилмоқда.
Яъни ҳам иймон, ҳам яхши амал, ҳам тақводорлик зарур, буларсиз бўлмайди. Оғзида иймон даъво қилса-ю, тақвоси бўлмаса, иймони йўқ ёки заиф бўлади. Шунингдек, яхши амаллар қилиб юрганини ёки энди қилмоқчи эканини даъво қилса-ю, тақвоси бўлмаса, бу ҳам ўрнига ўтмайди. Бундай амалларни яхши деб бўлмайди.
Оятда бундан кейин:
«...сўнгра тақво қилиб иймон келтирсалар», дейилмоқда.
Аввалги жумлада иймон билан яхши амалларни қўшиб олиб бориш учун тақво зарурлиги ишоратан билдирилган бўлса, бу ерда иймоннинг алоҳида ўзига ҳам тақво зарурлиги таъкидланмоқда.
«...кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар» жумласи билан эса яхши амалларнинг ўзига ҳам тақво зарурлиги таъкидланмоқда. Бу нарса ўз навбатида, шуни кўрсатадики, тақво, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш нақадар аҳамиятли иш экан. Албатта, тақво – киши қалбига ўрнашган малакадир, соҳибини яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтариб турувчи, доимо Аллоҳдан қўрқитиб турувчи ҳолатдир.
Ароқнинг ҳаромлиги ҳақидаги оят нозил бўлишидан олдин ароқ ичиб юрган бўлса ҳам, иймони, яхши амали тақво асосида бўлган шахсларга еган-ичганида гуноҳ йўқ. Чунки у пайтда ароқ ҳаром қилинмаган эди. Аммо «менинг иймоним қалбимда, тақвом қалбимда, эътиқод масаласи шахсий иш», деб ароқни ичаётганлар, уни ҳалол десалар, кофир; ҳаром деб туриб ичсалар, осий бўладилар.
📱
OQMASJID.UZ ga 👆
OBUNA bo'ling va ✈
ULASHING
https://taplink.cc/oqmasjid.uz
📱Instagram | 📱Facebook