"— Мени кечирасиз, — шубҳали оҳангда гап бошлади у, — сиз ким бўласиз? Сиз — расмий
шахсмисиз?
— Бе, қўйсангиз-чи, Никонор Иванович! — деди номаълум одам дилкашлик билан. —
Расмий шахс нимаю норасмий шахс нима? Буларнинг ҳаммаси мазкур предметга қайси нуқтаи
назардан қарашга боғлиқ"Михаил Булгаков "Уста ва Маргарита"Ёзганларимни шахсий фикр дея қабул қилгайсиз. Бугун баъзи нашрларда педагог ходимларнинг аттестация жараёнида қатнашувчилар ўз ўрнига бошқаларни киритишга бўлган уринишлари аниқланганлиги тўғрисида ёзганлигига кўзим тушди.
Албатта, аттестацияга бораётган ўқитувчиларнинг бундай қилмишларини оқламаган ҳолда, танганинг бошқа томонига ўқувчининг диққатини қаратмоқчиман.
Сир эмаски, йиллар давомида аттестация ўқитувчилар учун қўрқинчли ва жазоловчи жараён ҳисобланган. Бунда албатта мутасадди ташкилотларнинг ҳам роли катта бўлган. Фикримча, бизда назорат қилувчилик мода тусига кирганлиги сабабли бечора ўқитувчилар устидан назорат қилиш, "сенинг тақдиринг бизнинг қўлимизда" қабилида иш юритиш оқибатида, устозларнинг юраги безиллаб қолгани рост гап аттестация деса. Айниқса, аттестацияга назоратчи сифатида жалб қилинган мутасадди ташкилотларнинг ўрта поғона ходимларини аттестация жараёнларида ўқитувчиларига муносабати, ўзини мутакаббир тутишини асти қўяверинг. Табиийки, бундай ҳолда, ўқитувчилар нима қилиб бўлмасин аттестациядан ўтиш учун ҳар қандай йўлга боришади. Лекин рўдапо тизим жазоловчи ва қўрқинчли бўлиб қолаверган ва маъсуллар буни ўзгартириш уёқда турсин, шундай қолишидан манфаатдор ҳам бўлган.
Хайриятки, Президентнинг 2020 йилда 1 октябрь ўқитувчилар кунига бағишлаб ўтказилган йиғилишларида, аттестация тизимини танқид қилган ҳолда, бу тизимни инсоний қиёфага эга қилдириб, шаффоф ва адолатли қилиб, трансформация қилиш топшириғи берганларидан кейин, тизим ваниҳоят ўзгарди.
Аммо, психологияда бир эксперимент бор. Сигирларни кичиклигидан ток ўтказилган сим ўралган жойда сақлаганда, улар симга бориб, ток уравергач, катта бўлганларида симдаги токни ўчириб қўйишса-да, кичиклигидаги қўрқинч хотираси туфайли симга бора олмаган.
Бу ерда ҳам шу механизм, яъни аттестациянинг қанчалик қўрқинчли экани эсида бўлган ёки ёши катта ўқитувчилардан эшитганлар ўз ўрнига бошқасини киритиб, ўтишга уринишган. Лекин уларнинг кўнглига шу қўрқувни солганлар ўз айбини ҳис қилмасмикан?
Камига, "Ўтказилаётган малака тест синовларида ҳар бир талабгор Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари томонидан текшириб киритилиши " деган гап ўқитувчи, нафақат ўқитувчи, ҳар қандай инсоннинг қадр- қимматини топташ эмасми?
Ўқитувчига потенциал жиноятчидек қараб, ундан нимани кутиш мумкин? Бундай саволлар талайгина.
Ўйлайманки, мутасаддилар аттестация жараёнларидаги нафақат ўқитувчилар томонидан содир этилаётган қоидабузарликларни, балки қирғоқнинг бошқа томонидаги камчиликларни ҳам шу темпдаги жонбозлик билан ёритадилар.
P.S: Юқоридагилар барчаси менинг айнан шахсий фикрларим сифатида қабул қилгайсизлар.
Лазиз Хўжақулов.
Халқ таълими вазирлиги Таълим сифатини мувофиклаштириш департаменти директори@domlajon