Ҳеч қандай манфаат кўзланмаган, шунчаки қизиқишларни дастакловчи, қўлловчи ғоя йўқ эди мусулмонларда. Ҳозир ҳам йўқ.
Пашшанинг қайсидир хусусиятини ўрганаётган олимнинг иши аксариятимиз учун бекорга умрни совуришдир, бошқа қилар иши йўқми шунча муаммо турганда деймиз. Юлдузларни йўл топиш ва ой-кунлар ҳисобини қилишдан бошқа мақсадда ўрганиш умрни зое кетгазишдир, деб ёзади Ғаззолий “Иҳёу улумиддин”нинг Илм китобида. Демак, агар бирор мусулмон Галилей чиқиб, телескоп ясаб, Юпитернинг табиий йўлдошларини кузатиб, ойлаб вақтини ўтказса, вақтни совурган бўлармиди? Ёки Грегор Менделга ўхшаб, кимдир нўхот чатиштириб, рангини санаб ўтирса, унинг охиратига нафи бормиди? Буларнинг нафини ҳозир кўряпмиз, аммо ўша вақтларда тайинли самара бермаган.
Билишга бўлган интилиш инсондаги табиий инстинктдир. Ёш болаларда бу яққолроқ намоён бўлади. Инсон манфаат учун қизиқмайди, шунчаки қизиқади, ёш боладек. Тараққиётнинг бешиги ҳам, локомотиви ҳам қизиқиш ва билим. Шунчаки билим. У бугун фойда келтириши шарт эмас. Қайси билим қачон ва қаерда асқатиб қолишини ҳеч ким аввалдан билмайди. Шунинг учун билимга нисбатан “на охиратга, на дунёга фойдаси бор, беҳуда” деб айтиб бўлмайди. Шу жиҳатдан, Имом Ғаззолий ва унинг салафу халафлари янглишган. Бу янглиш тушунча ҳамон яшамоқда.
Хуллас, мусулмонларни тиз чўктирган ғоя – охиратпарастлик, фақат бугун аниқ наф берадиган ишларнигина аҳамиятли ҳисоблаб, шунчаки қизиқишдан қилинадиган ишларни умрни совуриш деб билиш, узоқни кўра олмасликдир. Афсуски, бу ишонч ҳозир ҳам кучли
Бизга Ғарбнинг эътиқоди эмас, технологияси, фани керак дейишади. Йўқ, азизлар! Бизга бугун олсак, эртага эскирадиган технология керак эмас. Биз уларнинг ана шундай юксак илм-фан ва техниканинг вужудга келишига туртки берган ғояларини, қадриятларини олишимиз керак. Булар ўзгача фикрга толерантлик, янгиликка очиқлик, дунёвий муваффақият, манфаат кўзланмайдиган оддий қизиқишлар, ҳоббиларни буюк кашфиётларнинг дебочаси деб
билишдир.
Хуршид Йўлдошев