“ЛАЙЛАТУР РАҒОИБ” КЕЧАСИНИНГ АМАЛЛАРИ ВА ФАЗИЛАТЛАРИ
“Лайлатур рағоиб”, яъни “Орзулар кечаси” деб аталмиш муборак Ражаб ойининг биринчи пайшанбасида қуйидаги амалларни бажариш буюрилган.
1. “Лайлатур рағоиб” кечасига махсус ният қилиниб, 12 ракъат намоз ўқилади. Мазкур намознинг ҳар икки ракъати тугагач, саломалар берилади. Ушбу намоз Ражаб ойи биринчи пайшанбасида “Шом” ва “Хуфтан” намозлари оралиғида ўқилади. Бу намозларнинг ҳар бир ракъатида бир марта “Фотиҳа” (Ҳамд), уч маротаба “Қадр” (Инно анзалноҳ) ҳамда ўн икки маротаба “Ихлос” (Қул ҳуваллоҳу аҳад) суралари ўқилади. Намознинг ўн иккинчи ракъатини ниҳоясига етказгач, 70 маротаба қуйидаги салавотни зикр этасиз:
Аллоҳумма салли ъалаа Муҳаммадинин Набиййил уммиййи ва ъалаа аали Муҳаммад
Шундан сўнг, саждага бош қўйиб 70 маротаба қуйидаги ҳамду-санони такрорлайсиз:
Суббуҳун Қуддусун Раббул малааъикати вар руҳи
Саждадан бош кўтариб, қуйидаги истиғфор дуосини 70 маротаба ўқийсиз:
Раббиғфир варҳам, ва тажааваз ъаммаа таъламу иннака антал ъалийюл аъзам
Яна қайтадан саждага бош қўйиб, 70 маротаба “Суббуҳун Қуддусун Раббул малааъикати вар руҳи” ҳамду-саносини такрорлайсиз.
Шундан сўнг, дилингиздаги барча эзгу ҳожатларингизни Оламлар Рабби Аллоҳдан сўрайсиз.
“Лайлатур рағоиб” кечасида ўқиладиган намознинг савоби борасида сарвари коинот ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.о.) шундай марҳамат қилганлар:
Ҳар кимки ушбу намозни адо этса, Аллоҳ унинг биринчи қабр кечасида мукофотини энг гўзал шаклда беради. Парвардигор (жалла жалолуҳ) маййитнинг қошига бир нафар гўзал ҳуснли, ширинсўз ва очиқ чеҳрали малоикасини юбориб, унга буюради: “- Эй менинг малоикам, сен ўша бандамга етказгинки, мен уни “Лайлатур рағоиб” кечасида ўқиган намозлари, ҳамду-саноси ва дуолари эвазига уни биринчи қабр кечаси, яъни кичик қиёмат азобларидан нажот бердим. У Менинг ҳузуримда нажот топганлар сирасига кирди.”
Маййит ушбу малоикани қабрида кўргач, ундан сўрайди:
“- Айтгинчи, сен кимсан? Мен бугунгача, шу лаҳзагача сенга ўхшаган гўзал, нуроний, очиқ чеҳрали ва ширинсўз малоикани кўрмаганман.”
Шундан сўнг у гўзал юзли малак жавоб беради:
“- Мен, сенинг “Лайлатур рағоиб” кечасида чин қалбингдан ўқиган намозларинг бўламан. Бугун эса, Раббимнинг амри ила, шундай оғир лаҳзаларингда сенга яхши дўст, ҳамроҳ бўлиш учун ҳақингни адо этиш мақсадида қошингга келдим.”
2. Ражаб ойининг “Лайлатур рағоиб”, яъни орзулар кечаси учун ният қилиниб махсус рўза тутилиши дунё ва охиратимиз учун асқотадиган энг гўзал ибодатлардан саналиши ҳам айтиб ўтилган.
📚"Ал - Муроғибот" китобидан Саййид Азиз Саййид Исо ўғли таржимаси.
•⊰✿🍃🌺🍃✿⊱•
http://t.me/navhala