3:3 Сизнинг жозибангиз ўрилган сочлар, тақилган олтинлар, чиройли кийимлар каби ташқи зеб-зийнатдан иборат бўлмасин.
3:4 Аммо яширин қалбингиздаги ювош ва сокин руҳ сизларнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин. Бунинг Худо олдида қадри азиздир.
3:5 Ўтмиш вақтларда Худога умид боғлаган муқаддас хотинлар ҳам ўзларини шу йўсинда безаб, эрларига бўйсунар эдилар.
3:6 Масалан, Соро биби Иброҳимни жанобим деб атаб, унинг сўзига қулоқ солди. Агар сизлар яхшилик қилишда қунт қилиб, ҳеч қандай қўрқувдан ғулғулага тушмасангиз, Соро бибининг фарзандлари ҳисобланасизлар.
3:7 Шунга ўхшаб, сиз – эрлар ҳам хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлгани учун, уларни ҳурматга сазовор ҳисобланг ва ибодатларингизга халал берманглар.
Бутрус аёлларга, эрларингизга бўйсунинглар, деб амр этган
Ушбу мактубнинг кўп қисми, шунингдек, биз юқорида келтирган парчаларимиз – бўйсуниш мавзусига бағишланган (қаранг: 1 Бутрус 2:11-3:12). Иккинчи бобдан бошлаб Бутрус яхши кўрган китобхонларни “Раббий ҳақи ҳар хил инсоний тартиб-интизомга бўйсунишга...” даъват этади (1 Бутрус 2:13). Бутрус ҳар бир одамни давлат ҳокимиятига бўйсуниши ҳақида гапиради: “...хоҳ олий ҳоким бўлган подшоҳга, хоҳ подшоҳ ўрнида ёмонлик қилганларни жазоловчи ва яхшилик қилганларни тақдирловчи ҳокимга бўйсунинглар” (1 Бутрус 2:13-14); хизматкорлар ёки қуллар ўз хўжайинларига бўйсунишлари лозим: “Эй хизматкорлар, фақат юмшоқ ва хушфеъл хўжайинларгагина эмас, балки феъли-хуйи терс бўлганларига ҳам камоли эҳтиром билан итоат қилинглар. Агар бирор киши Худога ишонганидан виждонан азоб чекиб, ноҳақ ғам-ғуссага чидаса, бу Худонинг иноятидан далолат беради. Агар қилган гуноҳингиз учун таёқ ейишга чидасангиз, бу сизга қандай шараф келтиради? Аммо яхшилик қилиб, азобга чидасангиз, Худо бундан рози бўлади” (1 Бутрус 2:18-20); яна юқорида қайд қилганимиздек, хотинлар эрларига бўйсунадилар (қаранг: 1 Бутрус 3:1-6). Шундай қилиб, ҳокимиятга бўйсуниш – бу фақатгина аёлларнинг муаммоси эмас, балки масиҳийликнинг фазилатидир. “Эркаклар, худди аёллар сингари, - деб ёзади Кларк, - уларнинг устидан тайинлаб қўйилган одамларга бўйсунишлари керак”.
Бутрус аёлларга алоҳида амр беради: “...Сиз, хотинлар ҳам ўз эрларингизга бўйсунинглар. Худо каломига ишонмайдиган баъзи кишилар сиз, аёлларнинг ор-номусли, покдомон хулқ-атворингизни кўриб, имон ҳақида бирон сўз айтолмасданоқ қойил қолсинлар...”. Бутруснинг даъвати фақатгина имонсиз эркакларнинг хотинларига қаратилмаган, чунки таҳмин қилинишича, кўплаб эркаклар имонли бўлганлар. Бироқ эътибор қилинг-а, Бутрус “Худо каломига ишонмайдиган баъзи кишилар...”, яъни имонсиз эрлар деб аталганлар масиҳий хотинларнинг покдомон хулқ-атворини кўриб, бирон сўз айтолмасдан қойил қолдилар. Имонли эрларнинг мажбуриятлари еттинчи оятда санаб ўтилган.
✈️
Телеграм🌐
Инстаграм✅
TikTok