Уйида уни йўк кимсадан маслаҳат сўрама!
Муҳтожлик ва йўқсиллик кишини кўпинча инсон табиати оқламайдиган ишларга ундайди. Айниқса, атрофида бой-бадавлат, кам-кўстсиз ҳаёт
кечирадиганлар бўлса, аҳвол яна хам ёмонлашади. Шунинг учун доно халқимиз «аввал таом, баъдаз калом» дейдилар. Энг ёмони фақир киши ҳаётда эзгу амал, адолат деган тушунчалар борлигига ишонмай қўяди. Шунингдек, йўқчилик оқибатида киши қарздор бўлар экан, гапирса ёлғон сўзлайдиган, ваъда берса, бажармайдиган бўлиб қолади. Камбағалликнинг зарари инсоннинг моддий ва маънавий оламига таъсир этиб қолмай, унинг фикрлашига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Фарзандлари оч ўтирган одам қандай қилиб тараққиёт, юксалишга тааллуқли илғор ғоялар ҳақида ўйлаши мумкин? Бир куни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳазратлари илм мажлисида ўтирганларида хизматкор аёл келиб, уйда ун қолмаганини айтибди. Шунда ҳазрат: «Шўринг қурсин, қирқта фиқҳий масалани бошимдан учириб юбординг-а», деган эканлар. Имом Аъзам ҳазратларининг ҳам бу борада қуйидаги сўзлари мавжуд: «Уйида уни йўқ кимсадан маслаҳат сўрамагин».Чунки камбағалнинг фикру хаёли нон топишда бўлади. Шунинг учун ҳам у тўғри маслаҳат бера олмаслиги мумкин. Маълумки, кучли руҳий ҳолат идрок қилишга, тўғри фикр юритишга салбий таъсир қилади.
«Ҳар қадамда ибрат» китобидан.@mehrob_uz