Бу ҳолат шунчалик оғир ва ғалати эдики, унинг қалбининг тубидан тўсатдан инсон ҳаётида икки-уч мартагина содир бўладиган, тасвирлаб бўлмайдиган туйғу пайдо бўлди – виждон тўлқинлари каби, қалбдаги номуайян нарсаларни титратадиган ҳис, хазил, хурсандлик ва ноумидлик аралашмаси – буни гўё ички кулгунинг портлаши деб аташ хам мумкин эди.
Тўсатдан у яна шамни ёқди.
«Нима бу? – деди у ўз-ўзига. – Мен нимага қўрқишим керак? Нима учун бу ҳақда ўйлаяпман? Мен қутқарилдим. Ҳаммаси тугади. Фақат биргина ярим очиқ эшик бор эди, у орқали ўтмиш менинг ҳаётимга ёрилиб кириши мумкин эди; энди бу эшик абадий ёпилди! Бу Жавер, мени узоқ йиллар азобга солган, бу хавфли, гўёки гўшт ва қонга айланган исковуч ит инстинкти, мени билиб олган – ҳа, шубҳасиз, билиб олган, ишонч билан айтиш мумкин! – ва доимо ортимдан кузатиб юрган, бу даҳшатли този овчи ит энди адашди, издан чиқди ва бошқа ўлжани қувишга тушди! Энди Жавер қониқди ва мени тинч қўяди, у ўз Жан Вальжанини топди! Ким билади, балки у ҳатто бошқа шаҳарга кўчиб кетар?! Ва буларнинг барчаси менинг аралашувимсиз содир бўлди! Менинг бу ерда ҳеч қандай айбим йўқ! Ахир бу ерда ёмон нарса нимада? Ростдан ҳам, одамлар мени кўриб, қандайдир бахтсизликка учраганман деб ўйлашлари мумкин! Аммо ахир, агар кимдир мусибатга учраган бўлса ҳам, бу менинг айбим эмас. Бу – тақдир иши. Аниқки, Худо шуни истади! Мен унинг қарорларини ўзгартиришга ҳақлиманми? Шундай экан, нимага интилаяпман? Нимага аралашаётганимни билмайман! Ахир, бу менинг ишим эмас. Нима? Ҳали ҳам норози бўлаяпманми? Менга яна нима керак? Мен кўп йиллар давомида интилиб келган мақсад, менинг бедор тунларим бўлиши орзуси, мен дуо қилиб тилаган нарса – хотиржамлик – мен бунга эришдим! Худо шуни хоҳлади. Мен унинг хоҳишига қарши чиқмаслигим керак. Худо нима учун шуни хоҳлади? Шунгаки, мен бошлаган ишимни давом эттиришим, яхши ишлар қилишим, келажакда улуғ ва ибратли намунага айланишим, шу билан бирга, менга берилган танбеҳ ва топган яхшилигим орқали бир оз бўлсада бахтли бўлишим учун! Ростдан ҳам, нима учун у яхши кўнгиллик руҳонийга бориб, ҳаммасини иқрор қилиб, ундан маслаҳат сўрашга юрак ютиб бормаганимни тушунмайман. Шубҳасиз, у ҳам худди шундай гапларни айтар эди. Қарор қилинди, ҳаммаси ўз йўли билан кетсин! Ҳаммасини Худонинг ўзи ҳал қилсин!»
Шу тариқа у ўз виждонининг махфий чуқурликлари билан суҳбатлашар эди, ўз шахсий руҳининг жар ёқасига эгилган ҳолда қиларди буни . У стулдан турди ва хона бўйлаб юра бошлади.
— Мана бу калавпнинг учи, — деди у, — бу ҳақда ўйлаш етарли. Қарор қабул қилинди!
Лекин у бундан ҳеч қандай қувонч ҳис қилмади.
Аксинча.
Фикрларни маълум бир мавзуга қайта-қайта келишидан тийиб бўлмаганидек, денгиз тўлқинларини ўз соҳилларига қайта келишидан ҳам тийиб бўлмайди. Денгизчи буни тўлқин дейди, жиноятчи эса – виждон азоби. Худо руҳни денгиздек кўтаради.
Бир неча сония ўтиб, у ўз хоҳишига қарши ҳолда яна ўша ғамгин мулоҳазаларини давом эттирди – у ерда фақат ўзи гапирар ва ўзи эшитар, айтмоқчи бўлмаган нарсаларини айтар, эшитгиси келмаган гапларни эшитар, ва ўша сирли кучга бўйсуниб: «Ўйла!» деб буюрилганига итоат қиларди – худди икки минг йил аввал бошқа маҳкумга «Юр!» деб буюрилганидек.
Бизни тўғри тушунишлари учун ҳикояни давом эттиришдан аввал бир муҳим қайдни келтиришимиз лозим.
Албатта, одамлар ўзлари билан суҳбатлашади; ҳеч бир тафаккур қилувчи мавжудот йўқки, у шу ҳолатни бошидан кечирмаган бўлса. Балким, сўз ҳеч қачон мана шундай гўзал сирга айланмаган – у инсоннинг ичида қолиб, фикрдан виждонга, сўнг виждондан фикрга қайтиш ҳолатига тушгандагидек. Шу маънода бу бобда тез-тез учрайдиган «деди», «нола қилди» каби ифода ва жумлаларни тушунишимиз керак.
Биз гапирамиз, мулоҳаза қиламиз, ич-ичимиздан бақирамиз, аммо шу билан бирга жимликни бузмаймиз. Бизнинг ички дунёмиз изтиробда, ҳамма нарса гапирмоқда – фақат лабларимиздан ташқари. Руҳий кечинмалар кўринмас, ҳис қилинмас, аммо шу билан бирга, улар ҳақиқийдир.