БУ КЕЧА... 1
Ўзингга сиғмайин турган чоғингда,
Кўзингга кўринар дунё жуда тор.
Қоврулиб хаёлан дил чироғингда,
Негадир чекасан ич-ичдан озор.
Қалбингнинг ноласин пайқамас, ахир,
Кечанинг кўзлари қоп-қора юмуқ.
Еру кўк зим-зиё, унга барибир,
Йилт этган мадад ҳам атрофингда йўқ.
Бу борлиқ талқонни оғзида ушлаб,
Танҳо қолганингни англамас ҳатто.
Қайсидир армонлар кўзингни ёшлаб,
Ашкини юракка этаверар жо...
Кундузни ухлатиб қоронғуликда,
Қувончу ғамларни яширдими тун?
Тонггача кўринмай у биргаликда,
Кеча-ла умрини ўтказар уйғун...
Қоп-қора соч каби сочилган кокил,
Борлиқни ёпганча топган хобини.
Эзилиб-ўртаниб ёлғизликда дил,
Кимга ҳам айтарди изтиробини...
Оҳ тортиб оҳингнинг қучоғида жим,
Эшикка тикилиб умидинг уйғоқ.
Негадир очмоққа бормайди қўлим,
Не қилай, тонг йўли ҳали кўп йироқ...
2
Танҳолик дардини кечириб бошдан,
Ортига қарамай кетгандир Ой ҳам.
Асрлар кўтарган метин бардошдан
Куч олиб ҳамроҳлик қилган чирой ҳам.
Юлдузлар сочилиб кўкда тураркан,
Тўкилиб кетгудек титроқда гўё.
Кимларни, билмадим, улар кутаркан,
Сирларин ошкор ҳам этмайди дунё.
Сукунат ҳозирча бунда ҳукмрон,
Мавҳ этган борлиқни оқшом уйқуси.
Қайдадир сарсондир йўл қараб ҳижрон,
Қайдадир ҳажрнинг ғаму қайғуси...
Қайдасан, овоз бер, дил истар малҳам,
Марҳамат сўрагин юз очса шафақ.
Сен менга кераксан, билсанг, жуда ҳам,
Аяма меҳрингни ва айла шафқат...
Ўткир РАҲМАТУланиш учун:
https://t.me/ijod_bustoni