#insonqadri #jiddiypost
Мен бу кунни 15 йилдан ортиқ куттим...
Кимдир билар, кимдир билмас, бир замонлар бир иш доирасида жавобгарликка тортилганман. Иш тафсилотларига чуқурлашмоқчи эмасман. Бўлган иш бўлди. Хуллас, “керак бўлса столбага ҳам айб қўйиб қамайдиган” замонлар эди. (Бу ҳақда бир мажлисда Президент ҳам айтган) Бир муддат жамиятдан четлаш(тирил)дим.
...Орадан вақтлар ўтди. Ниҳоят, замон ўзгариб, янги бошқарув сиёсати туфайли “қора рўйхат”дан чиқарилдим. 2017 йил (орадан 8 йил ўтиб) ишимга қайта тикландим. Аввалгидан ҳам кўпроқ натижаларга эришиб келмоқдаман ва бунга чексиз шукр қиламан. Ватанимга, халқимизга хизмат қилиш шарафидан насибадорман!
Ўтган йили
kun.uz да бир маълумотга кўзим тушди. Унда айтилишича, Ўзбекистонда 2007-2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, атиги 110 нафар шахс оқланган. 2016-2022 йиллар ва 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 457 823 нафар шахсга нисбатан 352 842 та жиноят иши кўриб чиқилган ҳамда 5 304 нафар шахсга оқлов ҳукми чиқарилган. (Айни кундаги рақамлар бундан кўпроқ)
Юқоридаги рақамлар -- инсон қадри, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш борасида чинакам инқилобий бурилишдан дарак. Яқиндагина орадан аср ўтиб номи оқланган жадид боболаримиз ҳақида ўқиганда қувондик. Мана шу ишлар менга ҳам умид бағишлади ва ушбу қарорга келишимга туртки бўлди.
Оқловга ариза бердим... Жуда кўпчилик билан маслаҳатлашдим. Сенга шу керакми, биров сенга бир нарса деяптими, ишинг бўлса, ҳаётинг изига тушган бўлса, деганлар ҳам бўлди. Ишимдан хабардор адвокатлар, дўстларим эса, албатта ариза бер, оқланиш эҳтимолинг катта, арзирли айбловнинг ўзи йўқ, дейишмоқда.
Халқимизда “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” деган гап бор. Мен фарзандларим келажаги, авлодларим шаъни, яна бошқа баъзи омиллар туфайли шунга қарор қилдим. Жадид боболарим кутган кунлар менга кўзим очиқлигида насиб қилиб турган экан, нега фойдаланмай? Онам дуо қилиб турибдилар, нимадан қўрқай?
Балки, нимагадир эришарман, ёки аксинча, нимадир йўқотарман. Ҳаммасини чамалаб кўрдим. Йўқотадиганларим қадримдан, шаънимдан устун эмаслигини тушундим. Адвокатим билан судга қилган мурожаатим қабул қилинди. Суд 27-июн кунига белгиланди. (Касб байрамимизга тўғри келаётгани балки тасодифдир, балки бунда бир рамз бордир, билмайман...)
Асосийси, ҳаётим учун муҳим бу жараёнда оилам, яқинларим, дўстларим, ва жамоатчиликнинг қўлловига ва суднинг адолатига ишонаман! Натижа кутилганидек бўлса албатта сиз билан хурсандчилигимни баҳам кўраман.
P.S. Ушбу пост фақатгина менинг масаламга дахлдор. Олдиндан нимадир башорат қилувчи, бошқалар ва менинг шаънимга тегувчи изоҳлар ўқишни истамаган бўлардим. Ҳар ким ўзидан ўтганни ўзи билади. Мени қўллаб-қувватловчиларга таъзимдаман!
@hamzajumayev