Davronbek Tojialiyev sahifasi


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Образование


Давронбек Тожиалиев — журналист. Ziyouz.com портали асосчиси
Блог: davronbek.ziyouz.com
Facebook: https://www.facebook.com/davronbekt
Twitter: https://twitter.com/ziyouz
Youtube: https://www.youtube.com/@davronbekt

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Образование
Статистика
Фильтр публикаций


Саёҳатсевар дўстлар бу ерда "Ўзбек Антарктидаси" деб аташибди. Майли-да, кичик бўлса ҳам, анча кирланган бўлса-да, табиатнинг бу ҳодисасини кўриш жуда мароқли. Дўстлар музликлар ранги нега қорайиб бораётганини сўрашди. Бунга ушбу ҳудудда ГЭС қурилаётгани, ундан чиққан тупроқ ва тоғ жинслари шу ерга тўкилаётгани сабаб чанг миқдорининг кескин ошиб кетгани сабабдир.

Музтоғлардан сўнг чегара постига бориб, рўйхатдан ўтдик ва ўрмон хужалиги ҳудудига кириш учун тўлов тўладик. Юқоридаги сўқмоқ бўйлаб Обираҳмат қишлоғи томон йўналдик. Қор ёғар, булут ҳам пастлаб олганди. Мана шундай гўзал об-ҳавода 1915 метр баландликдаги Қоратутбоши чўққисига осон кўтарилиб олдик. Чўққи атрофи ва йўлда қоратутни учратмадим. Балки қачонлардир бу ерда қоратут ўсган, одамлар шу тутга ишора қилиб чўққи номини Қоратутбоши деб аташгандир.

Чўққи устида тушлик қилдик. Ора-орада булутлар тарқаб атроф чиройли тарзда очилиб турди. Бу онларни ғанимат билиб, фото ва видеога муҳрладик.

Пастга тушганимизда соат эндигина 3 бўлганди. Вақт бемалоллиги сабаб Чотқол дарёси бўйлаб юқорилаб, Чукураксув шаршарасига етиб келдик. Йигитлар бу гўзал шаршарага илк бор келишгани учун жуда мароқ билан томоша қилишди. Бу келинчак шаршарадан ҳеч айрилгилари келмади.

Агар машинада келсангиз, Чукураксув шаршараси энг осон етиб бориладиган табиат масканларидан биридир. Шаршарага чиқиладиган сўқмоқ олдида машина қўйиш учун жой ҳам мавжуд. Машина йўлидан шаршарагача атиги 500 метр юрилади ва 100 метр юқорига кўтарилади. Бемалол болалар билан ҳам келиш мумкин.

Шаршарадан тушиб йўл бўйлаб юқорига 200 метрча юрилса, шошқин Чотқол дарёси устига кўрилган эски кўприкка дуч келасиз. Асоси темирдан қурилган бу кўприк устидаги тахталари деярли қолмаган, борлари ҳам чириб қолибди. Шу боис ҳимоя занжирларисиз унинг устидан ўтмасликни тавсия этардим. Бу қўрқинчли кўприкка Алвастикўприк деб ном бердим.

Кўприк остидан бироз қуйилаб, кўм-кўк бўлиб шиддат билан оқаётган Чотқол дарёси гўзаллигидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Батафсил видеода: https://youtu.be/2ZfliuPS598

@davronbekt

Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X


Кечаги саёҳатимиз жуда баракали бўлди. Аввалига Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Бурчмулло қишлоғи яқинидаги Чотқол дарёси бўйидаги музликларни томоша қилдик. Кейин Қоратутбоши чўққисига (1915 метр) чиқиб тушдик. Сафар охирида Чукураксув шаршарасини кўриб, Алвастикўприк остида дарёнинг гўзал манзарасидан баҳра олдик.

Бу йил Чотқол дарёсининг Чорвоқ сув омборига қўшилиш нуқтасида ажойиб табиат ҳодисаси юз берди. Дарё ўзанида улка муз парчалари - айсберглар пайдо бўлди. Музтоғларнинг баландлиги 10 метргача етади. Бу музликлар қаттиқ совуқ натижасида Чотқол дарёсининг уст қатлами музлаши, шиддатли оқимнинг бутун дарё бўйлаб йиғилган музларни Чорвоқ сувларига қўшиладиган кенг ўзанга оқизиб келишидан пайдо бўлди. Оғир муз-қор парчалари зичлашиб, катталашиб борди. Чорвоқ сув омборидан сув тарқатилиб, сатҳи пасайгач, музтоғлар кўриниб қолди.

Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X


Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Нанай қишлоғидан бошланган сафаримиз Аксарсой дараси бўйлаб ўтди. То Аксарсой шаршарасигача 9 километрлик масофа қор билан қопланган. Айниқса сўнгги 1 километрда қор кўчкисидан қолган музликлар ва қалин қор юришни бироз секинлатган бўлса-да, шаршарага йўлдаги тўхталишлар билан 3 ярим соатда етиб бордик. Шаршарада сув мўллиги учун музламаган, четлари бироз муз олган, холос.

Қайтишда ўрмон хўжалиги пости яқинида дўстлар билан барбекю қилдик.

Батафсил видеода: https://youtu.be/VHXfUQNec9k

Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X


Мозоржон чўққиси чор атрофи баланд тоғлар билан ўралган ажойиб панорамик локациядир. Ҳаво очиқ ва тиниқ бўлгани учун Қурама тизмасининг орқасидан Помир тизмасини ҳам кўришга муваффақ бўлдик. Чотқол ва Қурама тизмасининг баҳайбат чўққиларини ажойиб ракурсда томоша қилдик.

Видеоси: https://youtu.be/ly2qQOzUIDQ

Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X


Якшанба куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Янгиобод шаҳарчаси яқинидаги Мозоржон чўққисига сафар қилдим. Чўққининг баландлиги (2428 метр) унчалик юқори бўлмаса-да, унга чиқиш анча машаққат талаб қилади. 1400 метр баландликкача машинада бориш мумкин. Тоғнинг энг баланд нуқтасигача 1000 метрга яқин юқорилашга тўғри келади.

Чўққи сари сўқмоқлар арчазор ўрмон бўйлаб ўтади. Тоғ қалин қор билан бурканиб, ўрмон эртакмонанд манзара касб этган. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда Дукент метеостанцияси жойлашган. Чўққига шу станция ёнидан чиқилади. Бу ердан қор янада қалинлаша бошлади. Чўққида эса қор қалинлиги бир метрдан ошади. Айрим жойларда белгача қорга ботиб, йўл очишга тўғри келди.

Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X


Узоқдан шаршаранинг овози эшитилмоқда. Икки тарафи 50 метрли тик канъон, канъон ўртасини ёриб Палтов шаршараси тушади. Угом-Чотқол давлат қўриқхонаси ҳудудида жойлашган Палтов (Палтау) шаршараси баландлиги 35-40 метрни ташкил этади. Суви лойқа. Шаршаранинг ён ва ост тарафлари музлаган. Шаршара остида 2 метр қалинликдаги музлик юзага келган.

Палтовнинг маъноси ҳақида икки хил фикр бор. Биринчи версияга кўра, Палтов “пўлат тоғ” сўзларидан олинган бўлиб, кейинчалик Палтов, Палтау дея ўзгаришга учраган. Иккинчи версияга кўра “бол тоғ” Полтоғ-Полтов-Палтов-Палтау тарзида ўзгарган.

Шаршара олдида нафас ростлагач, юқорига кўтарила бошладик. Асосий сўқмоққа чиқиб олгунча кескин кўтарилиш талаб қилинади. Палтов водийси булут билдан қопланган. Айрим булут қатламлари биздан пастда бўлса, айримлари юқорида парвоз қилмоқда.

Кечаси қор ёққани учун кунгай тарафдаги сўқмоқдан юриш осон кечди. Палтов қишлоғига етганда шу ерлик қирғиз киши билан гаплашиб қолдим. Биз чиқаётган Додекатим чўқисининг маъноси ҳақида сўрадим. Ривоят қилишларича, бир замонлар Палтов қишлоғига душманлар ҳужум қилганда, эркаклар ҳимоя учун пастда қолган, аёллар тўдалашиб, шу чўққига чиқиб олишган экан. Шундан бу чўққи "тўда хотин" деб ном олган экан. Кейинчалик рус топографлари чўққи номини Додекатим деб харитага туширишган.

Қишлоқдан ўтаётганимизда бўриларнинг увиллаган овозини эшитдик, лекин ўзини кўрмадик. Чўққигача икки йўл мавжуд: нисбатан тикка, кескин кўтарилиб бориладиган қисқа йўл; айланиб ўтиб бориладиган, лекин нишаблик пастроқ бўлган узун йўл. Биз узун йўлни танладик. Тоғнинг терскай тарафларида қор қалинлиги 1 метрга етади. Айрим жойлар музлагани учун йўл очиб бориш осон эмас.

Соат 13 ларда денгиз сатҳидан 2015 метр баландликдаги Додекатим (Тўдахотин) чўққисига етиб бордик. Чўққи усти яссироқ бўлиб, бемалол ўтириш мумкин. Ўновлон шу ерда тушлик қилдик. Тушишда тикроқ, лекин қисқароқ йўлдан ҳаракатландик. Айрим жойларда сирпаниб тушдик.

Кейинги манзилимиз Обираҳмат қишлоғи бўлди. Аввал Обираҳмат шаршараси олдидаги археологик қазишмалар ўтказилган жойни кўрдик. Сўнг юқорига кўтарилиб, асосий ғорни қидирдик.

Офлайн харитада ғор ўрни бироз нотўғри кўрсатилган экан. Лекин ғорнинг оғзи кўринмайди. Мен бир тарафдан, шериклар иккинчи томондан ғор оғзини қидириб топдик. Пастдан қараганда ғор оғзи умуман кўринмайди. Ғор пастга қараб кетгани учун яқинига бормагунингизча топиш қийин.

Обираҳмат ғори кенг ёйсимон шаклда бўлиб, эни 20 метрча келади, чуқурлиги 5 метрга яқин. Тепада туйнуги бор. Айрим пайтлари ғор қиясидан чучук сувли шалола оқиб тушади. Ғор ичкариси тупроғи нам. Ҳозир ташқарида ҳарорат -5 даража бўлса, ичкарида 10-15 даражани ташкил этади. Ғорга кираётганимизда унинг ичидан кўршапалак ва каптарлар учиб чиқди. Ғор остида ҳам бир туйнук бўлиб, кейинги залга олиб чиқади. У ерга махсус жиҳозлар билангина тушиш мумкин.

Обираҳмат ғорини тарихчи олимлар мустье маданиятига доир қадимги манзилгоҳ сифатида баҳолашади. Ғор ичида узоқ вақт давомида ҳосил бўлган 21 маданий қатламнинг умумий қалинлиги 10 метрни ташкил этади. Ғорни 1962 йили A. Муҳаммаджонов ва С. Насриддинов топган. Ғордан найзасимон қуроллар, нуклеуслар, турли хилдаги тош кесгичлар, понасимон қуроллар, бигизлар топилган. Топилмалар Ўрта Осиёда тош даврининг энг бой коллекцияларидан бирини ташкил қилади. Шунингдек, ғордан бир неча ҳайвон, жумладан ғор шери суяклари топилган.

Ғордан чиқиб, Палтовсой тарафга тушдик. Сойдан ўтиб, яна бироз кўтарилиб, эрталаб юрган сўқмоғимизга тушиб олдик.

Шу куни жами 18 км йўл юриб, 1156 метр кўтарилдик.

Тошкент – Бурчмулло – Палтов – Тўдахотин – Обираҳмат
19 январь 2025 йил


@davronbekt

Видеоси: https://www.youtube.com/watch?v=8FGE4j3LDQk

Telegram | Instagram | Youtube | Facebook | X



Показано 7 последних публикаций.