ДАРД-ҲАСРАТ ЧЕКИШНИ НАЙДАН ЎРГАНДИМ,Бедорлик сабоғин ойдан ўргандим.
Қаддимни кўтариб қўйганди осмон,
Қадримни тўкишни лойдан ўргандим.
Чақмоқлар қаҳрдан берганди улги,
Болалик шаҳридан келганди кулги.
Беуқув саналдим, ношуд саналдим
Ва шунда қувликдан дарс берди тулки.
Кўнглимга кенгликни бахш этган далам,
Хешу ақрабога кўрсатди карам.
Кимлардир лаб босиб тузатай деса,
Кимдир оёқ ювган булоқлар – ярам.
Қушлар ин солганди содда кўзимга,
Ёприлиб келганда, кузда, узумга.
Ёққан қорлар сабаб, келган қиш сабаб,
Ишкомдай чувалдим ёлғизлигимга.
Шоир бўлади деб, ким ҳам ўйлабди,
Худо шундай сийлаб, шундай қийнабди.
Қанча шеър пиширди, қанча куйдирди,
Тандирдан ранг олган юрагим тафти.
Дарёдай бир лаҳза тўхтамай оқди
Тумандай муаллақ кезган хаёллар.
Одамнинг ўғлиман, менга ҳам ёқди,
Гуноҳ мевасини еган аёллар.
Мен ҳасрат чекишни найдан ўргандим,
Бедорлик ҳузурин ойдан ўргандим.
Кўзи очилмаган вулқон эдим мен,
Ичдиму портлашни майдан ўргандим!
О, севгим, ғуссадан бергансан таълим,
Икки мусичадай бўзлар кўзларим.
Ёлғон гапиришни ўргандим, аммо
Оғир мусибатни сўзлар кўзларим.
Издиҳом ичида кулоҳ бостириб,
Бемақсад, бемаъно сузар кўзларим.
Кун бўйи ютоқиб таскин қидирар,
Тунларни сақичдай чўзар кўзларим.
Кўчани чангитиб юрган болалар,
Азон янграётган шомдай қуюлди.
Бир чимдим бахт туйдим, умрим шу сафар
Болам чайнаётган нондай туюлди.
Ўйинчоқ бешикни тебратган қизлар,
Бугун фариштадай маъсум онадир.
Қисматга кўнишни ўргандим, дўстлар,
Мен учун бу дунё расадхонадир!
Бек АЛИ2025 йил. Февраль.
Telegram |
Facebook |
Instagram|
YouTube