ДЕҲҚОНЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ЗАКОТИ
CАВОЛ:
Устозлар ушр ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Ушрни деҳқончиликни йиғиштиргандан кейин дарҳол бериш керакми ёки кейинроқ берса ҳам бўладими?
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. "Ушр" – араб тилида, ўндан бир дегани. Шариатда эса деҳқончилик маҳсулотларининг закоти ҳисобланиб, асосан етиштирилган маҳсулотнинг ўндан бир қисми мискинларга берилиши эътиборидан ушр деб номланади. Ушр шариатимизда Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар ижмосига кўра фарздир. Аллоҳ таоло Анъом сураси, 141-оятида, шундай марҳамат қилган:
وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки у зот исрофчиларни яxши кўрмас”.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло зироат экинларининг закотини ҳосилни йиққан кунда беришга амр қилмоқда. Яна Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 267-оятида шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ
яъни: "Эй имон келтирганлар касб қилган пок нарсаларингиздан ва сизга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан инфоқ қилинглар”.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилгандан йигирмадан бир (берилади)”, дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса зироат маҳсулотларининг озидан ҳам, кўпидан ҳам закот олинади, дейдилар. Бу гапни Иброҳим Нахаъий, Ато ибн Аби Рабоҳ, Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтганлар. Улар, закот фарзлиги тўғрисидаги оят ва ҳадисларда нисоб ҳақида сўз йўқлигини ҳужжат қилиб келтирадилар. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ҳамда жумҳур уламолар зироат беш васақ (653 кг) миқдорига етса, кейин закот берилади, камидан берилмайди, деганлар. Бунга улар Расулуллоҳнинг саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил қиладилар:
لَيْسَ فِيمَا دُونَ خَمْسَةِ أَوْسُقٍ صَدَقَةٌ (رواه الامام مسلم)
яъни: “Беш васақдан кам маҳсулотда садақа йўқдир”, деганлар.
Кўпчилик ҳанафий мазҳаби уламолари Имом Абу Ҳанифанинг гапларини қабул қилганлар.
Оқар сув ёки ёмғирда суғорилган экинларнинг ҳосилидан харажатлар чиқарилмасдан ушр (ўндан бир) берилади. Ерга ишлов берилмасдан ўзи ўсиб чиққан маҳсулотлардан ушр берилмайди. Сув чиқаришга чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб, сарф-харажат қилинган бўлса, маҳсулотнинг, йигирмадан бири ушр қилиб берилади. Суғоришдан бошқа ишларга сарфланган харажатлар эътиборга олинмайди. Асалдан, гарчи оз бўлса ҳам, ўндан бири ушр сифатида фақирларга берилади (“Мухтасарул виқоя” китоби).
Ҳовлидаги мевали дарахтлар мевасидан ушр берилмайди. Балки даласидаги дарахтлари мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан ушр берилмайди (“Фатавои Қозихон”китоби).
Ушр беришдан олдин ер харажатлари ва бошқа харажатлар чиқариб ташланмайди. Шунингдек, маҳсулотлар олинганидан сўнг, бир йил ўтиши, нисоб миқдорининг тўлдирилиши шарт эмас. Ердан олинган ҳосил қанча бўлишидан қатъи назар, ундан ушр берилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
https://t.me/alijondomlamingboyev