Абсурдга айланган курашҲар куни йўлларимизда юз бераётган авариялар оқибатида тўрт мучаси соғ фуқароларимиз, болаларимиз
ҳалок бўляпти, қанча-қанча юртдошимиз бир умрга ногирон бўлиб қоляпти. Лекин ҳукумат йўл ҳаракати хавфсизлигини шу даражада дискредитация (ёмонотлиқ) қилдики, соғлом одам йўллардаги хавфсизлик ҳақида қайғурмай қўйди, ўринли таклифи, фикрларини билдиришдан тийилмоқда.
Сабаби шунча соғлом, адекват таклифлар қолиб, кимларнингдир чўнтагига қўшимча пул келтирадиган, ҳайдовчини тарбиялайдиган эмас, балки пулини шиладиган абсурд санкциялар пайдо бўлди. Бутун дунёда ўз самарасини берган, ҳайдовчини тарбиялашга, қилмишга яраша жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган чоралар Ўзбекистонга келганда мантиқсиз, маънисиз ва ижтимоий тангликни яратадиган тизимга айланмоқда. Кинода кўрсатилганидек, санъат асари бизга келганда яна ўша тандирга айланиб қолмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳозирги ҳолатида самарасиз, ўзини ислоҳ қилишга қодир бўлмаган, 30 йилдан бери бир хил фалсафа асосида ишлаб келаётган, буйруқдан буйруққача ишлайдиган тизимга айланди. Тизим бошқаруви буткул ўзгартирилиши, фуқаровий кадрларга топширилиши ва ваколатлари қайта кўриб чиқилиши лозим. Ҳозир йўл ҳаракати хавфсизлигига гўёки ҳамма масъул, айни пайтда ҳеч кимда сиёсий масъулият йўқ. Бу тизим яна 10 йилдан кейин ҳам худди шу жойда депсиниб тураверади, фақат реакция қиладиган, айбдор тизим ва инфраструктура қолиб, жабрдийдани айбдор қиладиган бу кадрлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Комплекс ёндашув, ягона ва яхлит бошқарув керак.
Ҳар йили 500 мингдан ортиқ машина йўлларимиздаги транспорт воситаларига қўшиляпти, бундан буёғига вазият фақат қийинлашиб, мураккаблашиб бораверади. Шу сабабли йўл ҳаракати хавфсизлигига
соғлом ақл ва бошқарувни қайтариш вақти аллақачон келган.
©️
davletovuz@adolat_kuychisi