“СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШ” ЙЎЛИ БИЛАН ФАРЗАНД КЎРИШ
#ҳалол_ҳаром
❓155-CАВОЛ: Ҳозирги кунда фарзандли бўлиш мақсадида “сунъий уруғлантириш” (ЭКО)дан фойдаланишмоқда. Динимизда шу ишга рухсат борми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ислом дини насл қолдиришнинг аҳамиятини баён қилар экан, инсонларни кўпайишга сабаб бўлувчи жуфтликка ҳалол йўл ила оила қуриб яшашга чақиради. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا اَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: تَنَاكَحُوا تَكَاثَرُوا فَإِنِّيْ أُبَاهِي بِكُمُ الْاُمَمَ (رواه ابن حبان).
яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйланинглар, кўпайишинглар, албатта мен бошқа умматлар олдида сизлар билан фахрланаман”, - деганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини кўп фарзанд туғишга қодир бўлган аёлларга уйланишга чақирганлар:
عَنْ مَعْقَلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ الْاُمَمَ " (رواه أبو داود والنسائي).
яъни: Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳр муҳаббатли, фарзанд кўрувчи аёлга уйланинг, зеро мен бошқа умматларни олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Абу Довуд, Имом Насаий ривоят қилган).
Ислом дини никоҳсиз кўпайишни инкор қилади ва ундан қайтаради. Барча илоҳий динларда никоҳ қуриб яшашга чақирилган ва зино ҳаром ҳисобланган.
Баъзи кишиларнинг фарзанд кўрмасликлари ҳам Аллоҳ таолонинг синови ва дардларнинг бири ҳисобланади. Шунинг учун бефарзандликка даво ахтариш жоизлиги хусусида ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Ҳозирги кунга келиб дунёда сунъий уруғлантиришнинг бир нечта турлари мавжуд. Бефарзандликдан азият чекаётган мусулмонларнинг сунъий уруғлантириш амалиётига мурожаат қилишлари табиий ҳолат эканлигидан келиб чиқиб, мусулмон уламолари бир нечта исломий конференцияларда ушбу амалиётнинг шаръий ҳукмлари борасида хулосаларини баён қилиб ўтганлар.
Уламолар ҳозирги кунда амалиётда қўлланилаётган қуйидаги бешта усулнинг шаръан ҳаром эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар:
1. Эркакдан олинган уруғ билан бегона аёлнинг тухум ҳужайраси ички тарзда уруғлантирилиб, пайдо бўлган эмбрион бошқа хотиннинг бачадонига жойлаштириш;
2. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотинидан олинган тухум ҳужайра ички тарзда уруғлантирилиб, сўнг пайдо бўлган эмбрион бегона аёлнинг бачадонига жойлаштириш;
3. Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси ташқи тарзда уруғлантириб, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштириш;
4. Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотини бўлмаган аёлдан олинган тухум ҳужайра орасида ташқи уруғлантириш амалга ошириб, сўнг эмбрион эркакнинг ўз хотини бачадонига жойлаштириш;
5. Эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилиб, сўнг эмбрион (эрнинг) бошқа хотини бачадонига жойлаштириш.
Ислом уламолари шариатда талаб этилган барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда қуйидаги икки услубни зарурат ҳолатида энг охирги чора сифатида қўллашни жоиз деганлар:
1. Шаръий эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси олиниб, ташқи уруғлантириш усулида уруғлантириб, пайдо бўлган эмбрионни яна шу хотиннинг бачадонига жойлаштириш;
2. Эрнинг уруғи олиниб хотиннинг (бачадон) бўйинчасидаги керакли ўринга ички уруғлантириш усули билан жойлаштириш;
Маълумки, Ислом дини шаръий никоҳдан ташқари ҳолатда фарзандли бўлишни ман қилади. Шундан учун, бевосита бўлмасада билвосита бегона эркак ва номаҳрам аёлнинг тухум ва уруғ ҳужайраларини бир-бирига сунъий йўл билан чатиштириш орқали дунёга келадиган бола ҳам беникоҳ туғилган бола ҳукмида бўлади.
Ислом уламолари сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий никоҳ бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга оширишни мубоҳ деб ҳисоблайдилар. Албатта, ушбу ишни ишончли табиб амалга ошириши қайд этиб ўтилган.