ТАЛАБАЛАРНИНГ ТАҲРИРИЯТИМИЗДАГИ АМАЛИЁТИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Бугунги кунда ёшларнинг чуқур билим олишлари, истеъдодини намоён қилишлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўзлари эгаллаётган мутахассисликлар бўйича ҳар томонлама чуқур билим олишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Талабалик йилларидаёқ назария ва амалиётни ҳамкорликда ташкил этилиши ёшларнинг турли соҳалар бўйича етук мутахассислар бўлишларида алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳар йили “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририятида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўплаган ёшлар мунтазам равишда амалиётларини ўтаб келмоқдалар. Улар устоз журналистлардан журналистиканинг турли жанрларида материаллар тайёрлаш бўйича сабоқ олишаяпти.
Шу кунларда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг талабалари таҳририятимизда навбатдаги амалиёт жараёнларини ўтказаяптилар. Жумладан, ушбу олий ўқув юртининг 3-босқич талабалари Рухшона Махмуджонова, Муниса Аматбоевалар ҳам амалиёт жараёнларида фаол қатнашиб, турли мавзуларда мақолалар, репортажлар, лавҳалар, хабарлар тайёрламоқдалар.
Амалиёт ўтаётган талабалар Рухшона Махмуджонова, Муниса Аматбоевалар маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти, ёшлар учун янги иш ўринлари яратилаётганлиги, таълим, спорт ва бошқа мавзуларда хабарлар тайёрлашмоқда.
Шунингдек, айни кунда улар ижтимоий-иқтисодий соҳаларда фидойилик билан фаолият юритаётган хотин-қизлар, тадбиркор аёлларнинг ютуқлари, истиқболли режалари ҳақида журналистика жанрлари асосида материаллар тайёрлашаяпти.
Талабалар таҳририят ҳузуридаги “Ёш жамоатчи мухбирлар маҳорат мактаби” машғулотларида ҳам фаол иштирок қилаяптилар. Газеталарнинг ўтган йилларда чоп этилган сонларидаги мақолалар билан танишмоқдалар. Чунки ушбу сонларда вилоятимизнинг тажрибали журналистлари томонидан тайёрланган турли мавзулардаги материаллар ўрин олган.
Шунингдек, талабалар амалиёт давомида газеталарни компьютерда саҳифалаш, босмахонада чоп этилиши жараёнларини ҳам яқиндан ўрганишаяпти.
Амалиёт давомида талабаларнинг воҳамизнинг фахрий журналистлари, адабиётшунос олимлар билан учрашувлари, давра суҳбатлари ҳам ташкил этилаяпти. Талабаларнинг амалиёт жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Отахон РАХИМ.
Муаллиф олган суратлар.