ХАМИДЖОН ШОДИБОЕВ БЛОГИ


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Бу блог орқали сиз бўлган воқеаларни ўқийсиз. Уларнинг кўпи кулгили бўлиб, ичида ўйлантирадиган, мулоҳаза юритиладиган, ўрганиладиган, амал қилиниши лозим бўлган ва бошқа мазмундаги воқеалар ҳам мавжуд.
Мурожаат ва таклифлар учун: @Shodiboyev_Hamidjon

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций




ҲУРМАТЛИ ЎҚУВЧИЛАР ВА КАНАЛИМИЗНИНГ АЗИЗ АЪЗОЛАРИ !

Марҳамат, “ШАРҚ ҲИКОЯТ ВА РИВОЯТЛАРИ” китобидан битта ҳикоя тингланг ва давомида гўзал қўшиқларни эшитиб ҳордиқ чиқаринг!


Муҳаммад Юсуфнинг “САЙЛАНМА” китобидан

ҚИЗҒАЛДОҚ


Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ,
Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,
Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ...

Солланасан келинчакдай бошинг эгиб,
Жайрон ўтган сўқмоқларга ёшинг тўкиб,
Қизил юзинг қон дилимга турар тегиб,
Менингдек сен ғарибнинг ҳам парвонанг йўқ...

Қадринг билган, дардинг билган, айт, киминг бор?.
Келиб-кетар баҳор сенга бевафо ёр,
Гўзалсанки, сенга бари гуллар ағёр,
«Оҳ» урсанг, бир оҳинг тинглар остонанг йўқ...

Олдингга мен боролмасам, ўт гуноҳим,
Бир йўқлаб қўй, мен дунёдан ўтган чоғим,
Қабрим узра ҳилпираб тур, қизғалдоғим,
Муҳаммаддан бўлак дўсти девонанг йўқ.

Муҳаммад Юсуф


Репост из: Шодибоев Хамиджон
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
🎤 НИДО достонидан парча

📖 Дадажон, мен сизни жуда соғиндим...

📺 ЁШЛАР телеканали


ТУРЛИ МАВЗУДАГИ ФОЙДАЛИ ГАПЛАР

Ўзингизни эҳтиёт қилинг: энг қиммат нарса бу сизнинг соғлиғингиз.

Фойдали гапларни йиғувчи:
Бурхонжон Юсупов.


ТАФАККУР ГУЛШАНИ

Кимки нуқсонсиз дўст ахтараркан, дўстсиз қолади.

БИАС


ТАФАККУР ГУЛШАНИДА - ЎЗИМИЗНИКИЛАР

Минг яхши бўламан деб ҳаракат қилгин бошқалар бундай деб ўйлашмайди. Қандай яратилган бўлсанг шундай кўринишда бўласан.

БАХТИЁР АҲМАД


ЎЗБЕК ХАЛҚ МАҚОЛЛАРИ

Меҳмон кўрки – дастурхон.

Меҳмон мезбонга азиз,
Мезбон – меҳмонга.

Меҳмон меҳмонни севмас,
Мезбон ҳаммасини севмас.


ЎҚИНГ, БУ ҲАММАМИЗ УЧУН ФОЙДАЛИ

Кулги – қудратли қурол. У ҳаётингдан ҳам, мол-мулкингдан ҳам маҳрум этмайди, лекин унинг олдида бировлар занжирбанд қуёндай типирчилаб қолади.

Н. Гоголь


ДИЛКУШО ҲИКОЯТЛАРДАН

Бир хасисдан:
- Кимни энг довюрак одам деб биласан? – деб сўрашса, у:
- Уйида одамларнинг касир-кусур қилиб томоқ еяётган товушини эшитиб ўтакаси ёрилмаган одамни, - деб жавоб берибди.


ХАНДАЛАР

Бир кар касалдан ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлиб ўйлаб кетибди:
- Унинг қошига бориб, тўшагига ўтиргач: “Аҳволинг қалай?” – деб сўрайман. У: “Яхши бўлиб қолдим”, - дейди. Ундан мен: “нима еябсан?” – деб сўрайман. “Уни-буни еябман”, - дейди. Шунда: “Сени ким даволаяпти?” – деб сўрайман. У: “Фалончи шифокор”, - дейди. Шунга яраша жавоб қиларман, деб ўйлади кар.
Кар касал қошига етиб ҳам келди, тўшагига ўтирди. Касалнинг аҳволи оғирлашиб, оҳ-воҳга тушган вақти экан.
Кар касалнинг қулоғига:
- Аҳволинг қалай? – деб бақирибди.
- Ўладиганга ўхшайман, - дебди изтироб билан бемор.
Кар “бемор яхши бўлиб қолдим” деяпти, деб ўйлаб, “худога шукур” деди. Кейин яна бақириб:
- Нима еяпсан? Нима ичяпсан? – деб сўради.
- Заҳар! Заҳар!
- Ичавер, ичавер. Ким даволаяпти?
- Ўлим. Азроил.
- Қадамига ҳасанот.


Анвар Обиджоннинг
“ОЛТИАРИҚ ҲАНГОМАЛАРИ” китобидан


Маҳалладошим Абдуқаҳҳор ака қўли гул дурадгор, ходаларни электр аррада тахтага айлантириб берувчи “фабрикон”, кишиларникидан ташқари қанчадан-қанча
жамоат биноларининг ҳам томини ёпган фаранги уйчи уста сифатида донг таратган. Кўп одам дунёда бу уддабуроннинг қўлидан келмайдиган иш бўлмаса керак деб ўйлайди.
Қишлоғимиз аҳли олтмишинчи йилларнинг охирига келибгина электрга ёлчий бошлаган. Бир куни Сотимбой тоғанинг уйидаги нокшам (лампочка) куйиб қолибди. У нокшамни эҳтиёткорлик билан ғумбакдан бураб чиқаргач, ўғлининг қўлига тутқазиб, дебди:
- Бор, буни уста Абдуқаҳҳорга опкириб, тезда тузаттириб чиқ.


БИР КАМ ДУНЁ

Қисса

(Давоми. Боши олдинги кунларда)


- Кимнинг наҳорги ошига?
- Ана бўлмаса, ким наҳорги ош бераётганини ҳам билмайди бу одам, - деди Абдужалил орқасидан келаётган Шукуржонга қараб кулиб.
- Ие, сизга қарамабман, Шукуржон, узр, - деб Йўлдошали у билан сўрашди.
- Қўчқорали невараси учун катта тўй қиляпти. Ош тўйхонада бўлади.
- Эй бўлди, бўлди. Сал бўлмаса эсимдан чиқай дебди. Борамиз.
- Эрталаб фотиҳага ўтамизда, ўша ердан тўғри ошга жўнаймиз.
- Келишдик. Қаранг, эртага шанбами?
- Ҳа, шанба.
- Шанба куни кечагина келувди, яна бирпасда шанба келяпти.
- Кеча шу ҳақда гаплашганимизда, анови Зафаржон “ютуб”да ўқиганини айтиб берди. Бир олим, олимнинг номини ҳам айтди, номи эсимда йўқ, вақтнинг тез ўтишини, унинг сабабларини топибди, - деди Шукуржон ўтиб кетаётганларнинг йўлини тўсиб турган Йўлдошалининг тирсагидан ушлаб берироққа тортиб.
- Нимани топибди?
- Ҳозир бир суткамиз олти соат илгарилаб кетаётган экан. Планеталарнинг қуёш атрофида айланиши тезлашибди. Шунга бир сутка олти соатга қисқариб тўлаётган экан.
- Соат турибди-ку, ўзгаргани йўқ, қанақасига олти соат илгарилайди? – Абдужалил Шукуржоннинг гапига ишонқирамай қолди.
- Соат ўзгармайди, ҳамма нарса ўзи аслида кетяпти, фақат йигирма тўрт соатдан иборат бир сутка олти соат олдин тугаяпти.
- Ҳақиқатдан ҳам кунлар тез ўтяпти. Эртага шанба, кўп кутмайсиз, кейинги шанба ҳам тезда етиб келади. Олти соат олдинда дегани, демак олтини бир ҳафта кунларига кўпайтирсак, қирқ икки бўлади. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, икки суткага яқин вақт ҳафта ичида экан. Бир ҳафтамиз икки суткага яқин тез келяпти, - бу сўзларни Йўлдошали ҳисоблаб чиқиб айтди. Шукуржон Абдужалилга қараб:
- Ана, Йўлдошали икки карра икки тўрт дегандай қилиб тушунтириб берди, - деди.
- Йўлдошали ўқиганда, олий маълумотли, - деб кулди Абдужалил.

Солижоннинг ота-онаси қишлоқнинг ғарб томонида яшашар, уларнинг ёлғиз бир фарзандлари, яъни Солижоннинг ўзи бўлган. Солижон мактабнинг охирги синфида ўқишни бошлаганида онаси вафот этди. У отаси билан учбурчак шаклдаги томорқасининг этагига қурилган уйларда яшашар эди. Солижоннинг отаси Шўрсувдаги конда ишлар, уйига яхшигина ойлик иш ҳақи олиб келар эди. Уларнинг ҳеч кимдан камчилик жойлари йўқ бўлган. Солижон синфда зўрға ўқирди, ўтилган дарслар унга ҳеч нарса бермасди. Ўқитувчилар ҳам ундан ўтилган дарс тўғрисида сўрашмасди, чунки Солижон доска тагига чиқиб жим тураверар эди. Ўнинчи синфдалик вақтларда ҳамма ҳайрон бўларди: “Ахир Солижон гапга уста вайсақи бўлса, нега у доска тагида лом-лим демайди?” Бу ёғини сўрасангиз, у ўзининг исмини ҳам, фамилиясини ҳам тўғри ёза олмасди. У биринчи синфлигида синфдан синфга ўта олмаган. Кейинги йили яна синфда қолдирилиши тўғрисида қарор қилишган, лекин нимагадир қарорни бажаришмаган. Шундан бери унинг баҳоси фақат “уч” бўлиб, мана ўнинчи синфгача етиб келди. Айрим синфдошлар саккизинчи синфни битириб билим юртларига ўқишга кетишди, лекин Солижон бундай қилмади. “Давлат ўн йил ўқийсан, деб қўйган, ўн йил ўқийман” деганди унга саккизинчи синфдан кейин “билим юртига боргин” деган устозларга. Ўнинчида ўқиб юрган вақтлардан бошлаб унинг “тили чиқди”, кўп гапирадиган бўлди. Қаерда бўлса гапираверади, гапираверади, кошкийди бу гапларнинг мазмуни бўлса. Ҳамма уни вайсақи деб атай бошлади. Қишлоқ марказида кинохона бор эди. Солижон албатта кечқурун кино кўргани келар, бир кинони олдин кўрган бўлса ҳам, яна шу кино келса, “олдин кўрганман-ку!” демасдан, яна бориб кўраверар эди. Ёнида ўтирган болага “ҳозир ана бундай бўлади, анови душманни мана бундай ўлдиради” деб вайсаб ўтирар, ёнидаги болага унинг гапирганлари маъқул келиб қолса, эшитиб ўтирарди. “Бизникилар” ҳужумга ўтса, “ур-ра, ур-ра” деб бақиришни Солижон бошларди. Бутун кинохонани тўлдириб ўтирган болалар бараварига хурсандчилик билан бақиришга тушишарди.

Давоми бор...

Ҳамид ШОДИБОЕВ,
2025 йил.


Муҳаммад Юсуфнинг “САЙЛАНМА” китобидан

СИНГЛИМГА МАКТУБ


Қачон хат ёзгандим сенга, билмайман,
Қофия билан банд бугун тош кўнглим.
Ёлғиз аканг бўлиб,
Ёнингда юрмайман...
Кечир мени, синглим,
Кечир мени, синглим.

У ёқда шотутлар
Тўкилар сувга,
Қовунлар ёрилар,
Сен йўл қарайсан.
Тупроқ кўчаларда,
Муштоқ кечаларда,
Ёз — мени соғиниб сарғайган майса.

Умримни юлқилаб,
Йилларим ўтар,
Юрак йиғлайди-ю,
Айтмас дардини.
Мен шеърим қўлтиғлаб,
Кун бўйи излайман,
Адабий ходимнинг битта мардини.

Бирига қандайдир туроқлар дастак,
Бирин ўйлантирар ҳали ёшлигим:
Нега бу шеърингиз отлар ҳақида,
Уларни ёқтирмас, менинг бошлиғим!..

Гоҳ тўлиб кетаман,
Қандай гап ахир.
Кўйгил мени дейман эй, ширин азоб.
Қуёшга термулай,
Ерга босай бағир,
Қўшиқлар куйлашга бошқа одам топ...

Яна қайсар руҳим
Жонимни чўқир,
Ёз дейди,
Сингилжон, қўрқай нимадан?..
Энг гўзал шеър —
Сенинг ёрилган қўлинг,
Ҳамма бошлиқларнинг
Бошлиғи — Ватан!..

У ёқда шотут тўкилар тағин,
Беҳилар ҳидига тўлади хонам.
Айвонда, хирмонда,
Андижон томонда
Куз — мени соғиниб сарғайган онам —
Йиғлайди, бу йил ҳам келмади болам...

Қачон хат ёзгандим сенга,
Билмадим,
Қофия билан банд менинг тош кўнглим.
Ёлғиз аканг бўлиб,
Ёнингда юрмадим...
Кечир, мени синглим,
Кечир, мени синглим.

Муҳаммад Юсуф


Репост из: Шодибоев Хамиджон
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Устоз ва шогирд
Канални очинг ва аъзо бўлинг! https://t.me/Xamidjon_Shodiboyev


ТАФАККУР ГУЛШАНИ

Мартабаси улғайганда ҳам сиз билан алоқасини узмаган дўст ҳақиқий дўстдир.

Ж. ЛАБРЮЙЕР


ТАФАККУР ГУЛШАНИДА - ЎЗИМИЗНИКИЛАР

Қариндош-уруғларнинг ақлли, билимдон ва ўзига тўқ бўлишлари, хотиржамлигинг кафолатларидан бири.

БАХТИЁР АҲМАД


ЎЗБЕК ХАЛҚ МАҚОЛЛАРИ

Меҳмон келса пастга туш,
Палов бермоқ аҳдга туш.

Меҳмон келса чоптирар,
Бор-йўғингни топтирар.

Меҳмон келса эт пишар,
Эт пишмаса бет пишар.


ЎҚИНГ, БУ ҲАММАМИЗ УЧУН ФОЙДАЛИ

Одам ҳазилни тушунмаса – умри зое кетди деяверинг! Пешонаси етти қарич бўлганда ҳам барибир у ақлли одам эмас.

А. П. Чехов


ХАНДАЛАР

Бир кишининг қулоғи доим кир бўлиб юрарди. Кекса бир одам сўради:
- Наҳотки, уялмасдан шу кир қулоғингиз билан юрсангиз?
- Афсус, минг афсус, менда бошқа қулоқ йўқ-да, - жавоб берди у.

Показано 20 последних публикаций.