☑️
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида стратегик шерикликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиландиПрезидентимиз Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар. Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошди, қўшма корхоналар сони 130 тага етди. Карачи ва Тошкентда савдо уйлари очилди. Тошкент ва Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қабул қилинган "йўл харитаси" асосида товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини, божхона тартиб-таомилларини ўзаро соддалаштириш, стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, харидларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш ва бошқалар устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Кейинги бир неча йилда "Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" мултимодал йўлаги орқали юк ташиш ҳажми 5 баробар кўпайгани мамнуният билан қайд этилди. Юк айланмаси ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма декларация ҳамда икки томонлама Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги баённома имзоланди.
@a_xaitov