Агар фильмларга қараб хулоса қиладиган бўлсак...
Японлар: эмоцияларини кучли назорат остида ушлаб туради. Бир-бирини 20 йилдан буён кўрмаган бўлса ҳам, қўлларини устма-уст қўйганча, бироз эгилиб саломлашиб қўяди, тамом. Бир-бирига томон энтикиб югуриш, меҳр билан қучоқлашиб кўришиш саҳналари деярли учрамайди. Улар меҳнаткаш, ниҳоятда босиқ, ҳис-туйғуларга эрк бермайдиган халқ, деган хулосага келасиз. Дарвоқе, айрим манбаларда келтирилишича, японияда суицид(ўз жонига қасд қилиш) ҳолатлари кўп экан. Эҳтимол, айнан эмоцияларнинг кучли бошқаруви бунга сабабдир. Яна ким билсин...
Корейслар: доим бир-бирига айтадиган гапи чала қолади. Ярми айтилмай қолиб кетган гаплар қалбини қайғуга тўлдириб, йиғлаб-сиқтаб юради. Баъзан ёлғиз қолганда, айтолмаган гаплари юкидан қутулиш учун бор овози билан чинқириб бақириши ҳам бор)) Йигит ва қиз ёки эр-хотин орасидаги соф муҳаббат лиммо-лим эҳтирослар эмас, инсонийлик туйғулари жўш урган ҳолатда кўрсатилади. Яъни, уларнинг муҳаббати кўпроқ гуманизм, дўстлик, бир-бирига қайғуриш, ғамхўрлик қилиш асосига қурилган бўлади.
Ҳиндлар: қўшиқ ва мусиқа доимий ҳамроҳилигини айтмай қўя қолай. Жуда ҳам ҳиссиётларга бой, бутун ҳаёти кўпчилик кўз ўнгида кечадиган халқ. Ҳинд фильмларини кўрсангиз, бу халққа уят ҳисси ёт деб ўйлайсиз. Энг инжа туйғуларинию, энг шахсий масалаларини ҳам омма олдида намоён қилишдан заррача чўчимайди. Эҳтиросларга бой монологларини айтмайсизми)) Ялтир-юлтир майда-чуйдалар, ранг-баранг безаклар кемтик ҳаётини тўлдириш учун қилинган ожизона уринишга ўхшаб кетади.
Турклар: ўзига ишонган, мағрур ва, шу билан бир пайтда, шахсий туйғуларини барча қадриятлардан устун қўювчи инсонлар. Эркаклари аёлларини қадрлаб эҳтиётлайдиган, лекин аёллари унчалик ҳам эркаклар томонидан бу каби муносабатни қадрига етмайдигандек таассурот уйғотади. Болалари эркин, дадил. Инсоний туйғуларни ҳурмат қиладиган, инсоний фазилатларни ардоқлайдиган халқ бўлиб кўринади.
Французлар: бир қараганда жуда маданиятлидек кўринса-да, аслида ундай эмас, деб ўйлайсиз. Бир-бирини ёқтирмаса-да, сохта табассум ва ясама ҳурмат билан муомала қилади. Шу билан бирга, ёқтирмаслигини яшириб ҳам ўтирмайди. Бор кучини ташқаридан маданиятлидек кўриниш учун сарф этаётгандек туюлади.
Хитойлар: хитой фильмларини жуда ҳам кам кўрганман. Номини ҳам эслолмайдиганим ўша бир-иккита фильм натижасида хитойлар "иш, иш ва яна иш" деган шиор билан яшайдигандек кўринган...
Америкаликлар: мусулмон бўлмаса-да, фильмларида кўпинча мусулмонларга хос ҳислатларни олдинги планга олиб чиқишга, инсонни ижтимоий статусига эмас, билими, амалларига қараб ардоқлаш кераклигини сингдиришга ҳаракат қилади. Болаларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан муомала қилади. Ёш болаларни фикри ҳам эътиборга олинади.
Араблар: жўшқин ва қизиққон характерга эга. (нимагадир бошқа таъриф топа олмадим. Эҳтимол, араб фильмларини ҳам кам кўрганим учун бўлса керак).
Руслар: шарттаки, киши ҳақидаги бор фикрларини унинг юзига айтиб ташлайдиган халқ. Вафо ва садоқатни фақат ўзини қадрлаган кишигагина кўрсатадигандек таассурот уйғотади.
Булар ҳаммаси, шунчаки ўша халқ вакиллари намойиш этилган фильмларга кўра чиқарилган хулоса. Халқ аслида тамоман бошқача бўлиши ҳам мумкин. Лекин кинолари улар ҳақида шундай хулоса беради.
Агар худди шу тарзда кузатсак, ҳозирги, замонавий ўзбек фильмларининг ўзбеклар ҳақида пайдо қилаётган тасаввури қуйидагича:
Ўзбек аёллари шаллақи ва бақироқ, ғийбатчи, бир-бирини кўролмайдиган, юзаки муомалали аёллар. Эркакларининг кўп қисми орсиз, ғурурсиз, алдоқчи, юлғич қилиб гавдалантирилаётгандек.
Биз ўзбеклар шунақамизми? Сиз нима дейсиз?
P/S: Қайси фильмни кўриб, хулоса қилдингиз деманг. Бу бир нечта фильмлардан олинган умумий хулоса.
@TurkistonUz24